Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
 
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!
 
САВОЛ: Бу йилги закот нисоби, фитр садақаси миқдори қанча?
ЖАВОБ:  Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Аммо баъд...  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламо­лар кенгашининг 2016 йилги закот нисоби, фитр садақаси миқдори ҳақидаги Қарори эълон қилинди. Қарорда 1 грамм тилланинг бугунги кунда бозордаги ўртача нархи бир юз ўттиз беш минг сўм экани ва тилладан закот нисоби йигирма мисқол (85 грамм) бўлганидан келиб чиқиб, милодий 2016 йил (ҳижрий 1437 йил) учун закот нисоби ўн бир миллион тўрт юз етмиш беш минг сўм экани айтилган. Мазкур қийматдан қирқдан бир ҳиссаси, яъни икки юз саксон олти минг саккиз юз етмиш беш сўм закот чиқарилиши қарорда баён этилган.
Фитр садақаси миқдори вилоят, шаҳар ва туман бозорларидаги икки кило буғдой­нинг бу йилги нархидан келиб чиққан ҳолда белгиланди. Масалан, Тошкент шаҳар бозорларида бир кило буғдойнинг нархи ўртача икки минг сўм, демак, икки кило буғдой нархи – тўрт минг сўм фитр садақаси сифатида ҳақдорларга берилади.
 
САВОЛ: Фидя ва фитр садақаси нима ва улар кимларга берилади?
ЖАВОБ:  Рамазон ойи тугаб, ҳайит кунининг тонги ёришиши билан фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Фитр садақаси, уни Рамазон ойи ичида берган киши зиммасидан соқит бўлади. Фитр садақаси миқдори буғдой ёки майиздан икки кило, хурмо ёки арпадан тўрт килодир. Фитр садақаси аслий эҳтиёжидан ортиқ кумуш закоти нисоби миқдоридаги мулки бўлган мусулмонларга вожибдир. (Яшаш учун зарурий нарсалар, иш қуроллари аслий эҳтиёж ҳисобланади.) Улар ўзлари ва балоғатга етмаган фақир болалари номидан фитр садақани беришлари керак. Хотини, катта ёшдаги болалари ва бой фарзандлари учун беришлари лозим эмас. Фитр садақаси вожиб бўлиши миқдоридаги мулкка эга киши фарз садақа ололмайди. Унга қурбонлик ва яқин қариндошларининг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Фитр садақаси уни бермаган одам зиммасидан соқит бўлмайди. Уни Рамазон ойидан кейин бўлса ҳам бериши лозим (“Мухтасарул виқоя”).
Кундан-кунга қувватдан кетиб борадиган, қайта кучга тўлмайдиган қариялар, тузалишига умид бўлмаган беморлар рўза тутмаслигига шариатимиз рухсат беради (“Баҳрур роиқ”). Улар Рамазоннинг ҳар бир куни учун фитр садақаси миқдорида мискинларга фидя беришади (“Ҳидоя”). 
ЎМИнинг закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича чиқарган қарорида фидя миқдорининг 10.000 сўм деб белгиланишига сабаб – агар фитр садақаси миқдори ­4 минг сўм деб олинса, мискин­нинг бир кунлик таоми нархидан кам бўлиб қолишини эътиборга олинганлигидир.
Улар истасалар, фидяларининг ҳаммасини бир қилиб, Рамазон ойининг бошида ё охирида беришлари мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”).
Агар, улар фидя беришганидан ке­йин қувватга тўлиб, рўза тутишга кучлари етадиган бўлиб қолишса, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари керак (“Ниҳоя”).
Фидя ва фитр садақа закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади. Фитр садақани зиммийларга ҳам бериш мумкин.
 
САВОЛ: Мен узрим борлиги учун таяммум билан намоз ўқийман. Тупроқда ҳар хил микроблар бўлади. Тиббиётдан хабарим борлиги учун зарарли микроб­лардан қўрқаман. Микроблардан сақланиш учун тупроқ ўрнига пудра (болалар сепкиси)дан фойдалансам бўладими?
ЖАВОБ: Йўқ. Таяммум фақат тоза, асло нажосат тегмаган ер жинсларига қилинади. Уларда, сиз айтгандай, ҳар хил микроблар бўлмайди. Ер жинсларига, тупроқ, қум, чанг, тош, оҳак, сурма, ганч, ёқут, маржон, зумрад, феруза ва бошқалар киради. Кул, қўрғошин, олтин, кумуш, шиша, туз, лой каби нарсалар билан таяммум қилинмайди. Имом Сарахсий ва Ҳусомиддин (раҳимаҳумаллоҳ) тоғ туз­лари билан таяммум қилиш жоиз, сув тузлари билан таяммум қилиш мумкин эмас, дейишган (“Сирожия”, “Нафъул муфтий”).
 
САВОЛ: Ёшим етмишга яқинлашиб қолди. Намоз ўқиш вақтида орқа пешовим гоҳида жимирлаб туради. Шунинг учун ҳар намозга янгидан таҳорат оламан. Мен тўғри қиляпманми?
ЖАВОБ: Орқа пешов фақат жимирласа ва ундан таҳоратни кетказадиган нарса чиқмаса, янгидан таҳорат олишга ҳожат йўқ. Агар жимирлаш мобайнида ел ёки бошқа нарса чиқса, таҳорат синади.
 
САВОЛ: Уч-тўрт намозхон жума намозига кеч қолишса, жамоат бўлиб пешин намозини ўқишлари мумкинми?
ЖАВОБ:  Шаҳарда (жума вожиб бўлган жойларда) жумага кеч қолганлар пешин намозини жамоат бўлмасдан якка-якка ҳолда ўқишади (“Фатовойи Ҳиндия”, “Қозихон”).
 
Нўъмон АБДУЛМАЖИД 
ёзиб олди.