“Иҳтикор” луғатда “озиқ-овқатни қиммат бўлиши учун ушлаб туриш” маъносини билдиради. Ҳанафий фиқҳи истилоҳида эса, “Озиқ-овқат ва у кабиларни сотиб олиб, қиммат бўлгунча ушлаб туриш иҳтикордир”, дейилади.
Озиқ-овқатдан мурод одамлар ва ҳайвонларнинг зарурий озиғи бўлган буғдой, арпа, гуруч, маккажўхори каби нарсалардир. Унга ширинликлар, мевалар, сарёғ, гўшт кабилар кирмайди.
Фақиҳлар чорва ҳайвонларининг озуқаси бўлган сомон ва ўтларда ҳам иҳтикор бўлади, дейишган.
 
Ҳукми
Ҳанафий мазҳабида иҳтикор, агар у боис одамларга зарар ва машаққат етса, таҳримий макруҳдир.
Иҳтикор жоиз эмаслигига далиллар:
Иҳтикор жоиз эмаслигига Қуръони каримнинг «Албатта, ўзлари кофир бўлган ва (ўзгаларни) Аллоҳ йўлидан ҳамда Биз Макка аҳли билан (хориждан) келувчилар учун баробар қилиб қўйган Масжиди Ҳаромдан қайтарадиган кимсаларга ва у жойда зулм билан йўлдан чиқмоқчи бўлган кимсага аламли азобдан тотдириб қўюрмиз» (Ҳаж, 25) ояти далилдир. Қуртубий шу оятнинг тафсирида келтиришича, Яъло ибн Умайя Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини ривоят қилган: “Ҳарамда озиқ-овқатни иҳтикор қилиш илҳод, яъни йўлдан чиқишдир” (Абу Довуд ривояти). Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам шундай деган. 
Суннатдаги далиллар: “Иҳтикор қилувчи малъундир” (Ибн Можа ва Ҳоким ривояти). “Ким бир озиқ-овқатни қирқ кун иҳтикор қилса, Аллоҳдан узилибди, Аллоҳ ҳам ундан узилибди” (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривояти). “Ким иҳтикор қилса, у хатокордир” (Имом Муслим ва Термизий ривояти).
 
Нималарда ва қачон иҳтикор бўлади:
Иҳтикор фақат сотиб олинган озиқ-овқатда бўлади. Озиқ-овқатдан бошқа ширинликлар, асал, ёғ каби маҳсулотларда иҳтикор бўлмайди.
Киши ўзи етиштирган озиқ-овқатни ушлаб турса, иҳтикор бўлмайди.
Савдогар ўз шаҳридан озиқ-овқатларни сотиб олиб, сақлаб турсагина иҳтикор бўлади. Бошқа шаҳардан сотиб олиб келиб, ушлаб турилган озиқ-овқатда иҳтикор бўлмайди.
Сотиб олган озиқ-овқатни ушлаб туришдан мақсад унинг нархи ошишини кутиб туриш бўлса, оқибатда одамларга зарар, қийинчилик етса, иҳтикор бўлади.
Сотиш мақсадида харид қилинган озиқ-овқатни бир ой ва ундан кўп ушлаб турса, иҳтикор бўлади, бир ойдан кам ушлаб турса, иҳтикор бўлмайди.
 
Жамшид ШОДИЕВ
тайёрлади.