Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

Савол: Жамоат намозларида кўпинча, ташаҳҳуд ва салавотларда имомга етишолмай қоламан. Яъни буларни тугатмасимдан имом қиёмга туриб кетади ёки салом бериб қўяди. Мен, ана шунда имомга эргашиб қиёмга турсам ё салом берсам, намозим дуруст бўладими?

Жавоб: Биринчи қаъдада муқтадий (имомга эргашувчи) ташаҳҳудни тугатмасдан имом учинчи ракатга турса, муқтадий (имомга эргашувчи) ташаҳҳудни охиригача ўқиб, сўнг учинчи ракатга туриши керак. Имом билан бирга турмаслиги лозим.
Аммо салавот ёки дуони ўқиб бўлмасидан имом салом берса, муқтадий ҳам имом билан бирга салом бериши керак («Фатовойи Қозихон»).

Савол: Жамоат намози бош­ланаётганда такбири таҳримани имомдан олдин  айтиб қўйган кишининг намози дуруст бўладими?
Жавоб: Намози дуруст бўлмайди. Чунки у намозни имомдан олдин бошлаган бўлади. Шунингдек, имом рукуда бўлганида келиб, «Аллоҳ» лафзини тик турган ҳолида, «акбар» лафзини рукуга эгилган ҳолда айтиб, имомга иқтидо қилган кишининг ҳам намози дуруст бўлмайди («Раддул мухтор»).

Савол: Имомга тўртинчи ракатда етишган киши намозини қандай тугатади?

Жавоб: Агар уч ракатга етолмаган бўлса, имом салом бергач, туриб, Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Шу билан унинг намози икки ракат бўлади. Ҳар икки ракатдан сўнг бир қаъда вожиб бўлгани учун  қаъдага ўтиради. Сўнг туриб, Фотиҳа ва зам сура билан бир ракат ўқийди ва яна туриб кейинги ракатда Фотиҳанинг ўзини ўқиб, охирги қаъдага ўтиради.

Савол: Мен бир одамга яхши инсонларнинг далолати билан холисан қарз берган эдим. Неча йилдирки, биз у одамни тополмаяпмиз. Ўша одамдаги маблағимдан ҳам закот беришим лозим бўладими?

Жавоб: Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) наздларида киши берган қарзи нисоб миқдорида бўлса ва унга бир йил тўлса, унинг закоти вожиб бўлади. Лекин унинг закоти шу заҳоти берилмайди, балки олинганидан кейин берилади. Агар тўла олмай бўлиб олган  бўлса, нисоб миқдорининг бешдан бири миқдори бўлганда, ундан 2,5% ни закот учун беради. Ва шу тарзда олганларидан закот чиқариб бораверади. Қўлига олмаган қарзларининг закоти эса олгунича тўхтаб туради. Қўлига теккач, ўтган йилларининг закотини беради” (“Раддул мухтор”).
Аммо кишидан қарз олиб, қочиб кетган одамга келсак, қарз берган одам уни топишга қодир бўлса, ундан закот соқит бўлмайди. Излаганда ҳам топиш имконияти бўлмаса, ундаги пулдан закот берилмайди («Фатовойи Оламгирия», «Муҳит»).

Савол: Ҳайит намозларида кўча деворнинг орқа томонида ҳам катта жамоат бўлиб намоз ўқилади. Шу ҳолда намоз дуруст бўладими?  

Жавоб: Имом билан унга иқтидо қилувчи (муқтадий) ўртасида юпқа ёки қалин девор бўлиб, унда овоз ўтказадиган тешикчалари бўлса, улар орқали имомнинг энгашаётган, тураётган ҳаракатлари кўриниб турса ёки такбирлари эшитилиб турса, намози жоиздир («Фатовойи Оламгирия», «Муҳит»).

Савол: Мен ҳар йили қурбонлик кунларида закотимни чиқарар эдим. Бу йилда менинг закотга етарли маблағим орада нисобдан  бироз камайди. Шунга закотимни кейинги йил қурбонликка қолдирсам ҳам бўладими?

Жавоб: Йилнинг боши ва охирида закот нисоби бўлиб, ўртасида нисобдан камайиши билан закот соқит бўлмайди («Фатовойи Оламгирия», «Ҳидоя»). Закот билан мол покланади, қўрғонланади. Закот бериш билан мол камаймайди, аксинча кўпаяди, яъни барака киради. Шу боис закотни кечиктириш ёки ундан қочиш ярамайди.

Савол: Ҳазрат, қурбонликка соғлом қўй харид қилган эдик. Сўйиш жойига олиб келиб, машинадан тушираётган пайтимизда қўй оёғидан бироз лат еган эди. Аммо бошқа қўй олмадик. Мени эса ҳамон қурбонлигим мукаммал бўлмаганмикин, деган савол қийнаяпти?

Жавоб: Қурбонликка касал, ўта озғин ва сўяр жойга юриб бора олмайдиган чўлоқ, кўр, қулоғининг учдан биридан кўпроғи кесилган, шохи синган каби айбдор жонлиқларни сўйиш мумкин эмас (“Шарҳул виқоя”).  
Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас: кўрлиги, беморлиги, чўлоқлиги аниқ бўлган ҳайвон ва миясида нуқсони бор ҳайвон”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Қурбонликка сўядиган молини соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига интилиш банданинг Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобини билдиради.
Қурбонлик қилиш учун сотиб олинаётганида соғлом бўлган қўй, эчки, мол ёки туяни сўйишга олиб бораётган вақтда шикаст­ланса, зарар қилмайди. Яъни у қурбонлик қилишга яроқли ҳисобланади.