САВОЛ: Биз томонда (Фарғона вилояти, Риштон тумани) “Барака мозор” номли зиёратгоҳ бор. Уни “Хизр бува мозори” ҳам дейишади. У ерга бир кунда минглаб одамлар “барака ёки бахт йўллари очилишини тилаб” ёки бошқа бир ният билан зиёратга келишади. Айниқса, сафар ойида зиёратчилар сони янада ортади. Келувчилар оғилларида мол-ҳол кўпайишини тилаб, шу ердан арқон сотиб олишади. Агар олишмаса, арқон сотувчилар мажбурлагандай қилиб, товарларини ўтказишади. Шунингдек, у ерда қўрғошинни эритиб қуйиб, унга қараб одамларнинг келажагини “айтиб берадиган” фолбин аёллар ҳам макон тутган. Зиёратгоҳда қуриб қолган тут дарахти ҳам бор. Айтишларича, у Хизр буванинг ҳассалари бўлганмиш. Уни ерга суқиб қўйганларида кўкариб, дарахтга айланган экан. Одамлар ҳозир ўша қуриган тутни муқаддас билиб, атрофида етти марта айланиб, тавоф қилишади, танасига қўлларини теккизиб, юзларига суришади... Гоҳо ўйлаб қоламан: шу ишлари тўғрими? Бу тўғрида динимиз кўрсатма­лари қандай? Умуман, Хизр бува ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Сиз мактубингизда келтирган ишларнинг барчаси эътиқод заифлиги ва қабрларни зиёрат қилиш одобларини билмаслик натижасида содир бўлаётган хатарли иллатлардандир. Қабристонларни зиёрат қилишдан мақсад, биринчи навбатда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таъкидлаганларидек, охиратни, ўлимни эслаш бўлиши лозим. Сўнг, Қуръон тиловати билан ўтганларнинг руҳларини шод этиш, уларга мағфират тилашдир. Зеро, марҳумлар тирикларнинг дуосига, тиловатига муҳтождир. Улардан мадад сўраш, қабрларини тавоф этиш, энг хатарли гуноҳ – ширкдир. Динимизда фақатгина Каъбани тавоф қилиш мумкин, холос. Ундан бошқа нарсаларни, ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қабрларини ҳам тавоф қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Ўзидан бошқага сиғинган, мадад сўраган бандасидан қаттиқ ғазабланади.
Юртимиздаги барча зиёратгоҳлар ва қабристонларда уларни зиёрат қилиш одоб­лари ҳақида маълумот берувчи лавҳалар, эслатмалар қўйилган, имом-хатибларимиз мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришмоқда, газета ва журналларимизда, китобларда бу ҳақда тез-тез мақолалар чоп этиляпти. Аммо шунча огоҳлантиришларга қулоқ осмай, ўз билганича йўл тутаётганлар, талаб-мақсудларини қабрда ётганлардан сўраётганлар жоҳилона қайсарликларининг оқибатидан қўрқ­синлар! Аллоҳ таоло бундай кимсаларни ўз ҳолига ташлаб қўяди, мушкулларини осон қилмайди ва дуоларини қабул этмайди. Парвардигорнинг ўзи тавфиқ берсин.
Уламолар ҳазрат Хизр (алайҳиссалом)ни пайғамбар ёки солиҳ банда эканида ихтилоф қилишган. Муфассирлар Қуръони каримда “Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик” (Каҳф, 65) дея таърифланган зотнинг Хизр (алайҳиссалом) эканига иттифоқ қилганлар. Яна уламолар орасида ҳазрат Хизр (алайҳиссалом)нинг ҳозир ҳаёт ёки вафот этгани ҳақида ҳам турли қарашлар бор. Энг саҳиҳ қавлга кўра, Хизр (алайҳиссалом) вафот этган. Аммо руҳониятларига жисмонан кўриниш қобилияти берилган.

САВОЛ: Маълумки, такбири таҳримада эркак киши “Аллоҳу акбар” деб, бош бармоғини қулоғининг юмшоқ қисмига теккизади. Бир дўстим автоҳалокат сабаб қўлини қулоғи баробарига кўтара олмай қолди. У энди нима қилиши керак? Ўшандай кишилар имомликка ўта оладими?

ЖАВОБ: Ҳа, агар имомликка лойиқ бўлишса, ўтишлари мумкин. Намоз ўқишни ният қилган киши такбир айтади ва қўлларини (кафтларини қиблага қаратиб) қулоқнинг юмшоқ қисми баробаригача қўтаради (бош бармоқларини қулоқ юмшоқларига теккизади) (“Табйин”).
Аёллар такбир айтиш асносида қўл­ларини елкалари баробарида кўтаришади (“Ҳидоя”, “Табйин”).
Эркак киши такбири таҳрима учун қўлларини кўтарганида бармоқларини батамом бирлаштирмайди ва тўлиқ очмайди, балки ўз ҳолича тутади (“Ниҳоя”, “Муҳийт”). Қўлларини юқорида айтилган шаклда кўтара олмайдиган ҳолатда бўлса, кучи етганича кўтаради. Кимнинг фақат битта қўлини кўтаришга кучи етса, бир қўлини кўтаради (“Табйин”).

САВОЛ: Биз томонда (Қашқадарё вилоятида) бир киши 65–70 ёшга етиб, вафот этса, яқинлари маъракага келган ҳар бир одамга 10 минг, ҳатто 20 минг сўмдан пул тарқатиш одати бор. Бундан ташқари, таъзиянинг биринчи куни ўн-ўн бешталаб мол-қўй сўйиб, келганларга зиёфат берилади. Шу иш тўғрими?

ЖАВОБ: Нотўғри. Агар, келганларга пул тарқатишни марҳум васият қилган бўлса ва тарқатиладиган пул марҳум меросининг учдан биридан кўп бўлмаса, васият адо этилади. Акс ҳолда, марҳум қолдирган молни тарқатиш мумкин эмас. Зеро, у қолдирган мол меросхўрлар ҳаққи ҳисобланади.
Марҳум ўтганидан бошлаб, уч кун ичида таъзияхонада таом пишириш ва одамларга зиёфат бериш таҳримий макруҳдир. Балки, бундай пайтларда қўни-қўшни, маҳалла аҳли бирор иссиқ овқат пишириб, азадор хонадонга киритиши керак. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай тавсия берганлар.

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.