Савол: Гўштда қон бўлса, ўша жойи тозаланадими ёки кесиб олиб ташланадими? (Адашали Султонов, Тошкент шаҳри).

Жавоб: Йўқ. Гўштга бўғиз қони (ҳайвон сўйилган пайтда отилиб чиққан қон) теккан бўлса, яъни гўштдаги қон қорайиб қолган бўлса, уни қолдирмасдан ювиб, агар қотган бўлиб ювганда кетмаса, уни кесиб олиб ташлаб, сўнг истеъмол қилинади. Аммо гўштнинг ораларида оч қизил суюқликлар бўлса, уни истеъмол қилишнинг зарари йўқ («Фатовойи Қозихон»).

Савол: Яратган Эгам бир невара ато этган эди. Умри қисқа экан, олти ойлик бўлганида вафот этди. Гоҳо кўнглимга набирамнинг охирати ҳаёти нима бўлар экан, деган ўй келади. Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз? (Мирзамурод Қулмирзаев, Денов тумани).

Жавоб: Мўмин банданинг воя­га етмаган фарзанди вафот этса, бу мусибатга у чиройли сабр қилса, вафот этган фарзанди қиёматда ота-онасига дўзахдан парда бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Мўминларнинг ёш болалари ўтса, улар охиратда жаннатда подшоҳдек бўлишади, уларга хизмат кўрсатилади. (“Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид”). Хадича (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Мен Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)­дан: “Сиздан кўрган (гўдаклигида вафот этган) болаларим қаерда?” деб сўрадим. У зот: “Улар жаннатда”, дедилар...» (Ҳайсамий. “Мажмауззавоид”).

Савол: Таяммум қилиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган нарсалар ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз? (Меърожиддин Ҳайдаров, Ургут тумани).

Жавоб: Ер жинсидан бўлмаган барча нарсалар, жумладан, кул, қўрғошин, олтин, кумуш, шиша, туз ва лойга таяммум қилинмайди. Лекин Имом Сарахсий ва Ҳусомиддин (раҳматуллоҳи алайҳимо): “Тоғ тузлари билан таяммум қилиш жоиз, сув тузлари билан таяммум қилиш мумкин эмас”, дейди.  Олтин, кумуш, темир, мис каби металлар ер жинсидан тўлиқ ажратиб олинмаган (руда ҳолида) бўлса, уларга таяммум қилиш жоиздир.
Қум, чанг, тош, оҳак, сурма, ганч, ғишт каби ер жинсидан бўлган барча нарсалар (цемент, сопол)га таяммум қилиш мумкин («Сирожия», «Нафъул-муфтий»).

Савол: Уй олиш учун йиғиб қўйган пулдан закот бериш керакми? (Сарварова Муҳиба, Фарғона вилояти).

Жавоб: Закот бериш туфайли банданинг моли турли зарарлардан қўрғонланади, унга барака киради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) марҳамат қилдилар: “Молларингизни закот билан ҳимояланг, касалларингизни садақа билан даволанг ва бало-офатларга дуо ҳозирлаб қўйинг” (Имом Табароний ривояти).
Шундай экан, уй олиш ниятида йиғиб қўйган маблағи нисоб миқдорига етиб, унга бир қамарий йил тўлган бўлса, албатта ундан закот бериш вожиб бўлади.