САВОЛ: Ҳожат намози деган нафл намоз бор экан. Илтимос, у қандай намозлиги, қачон ва қай тартибда ўқилиши ҳақида маълумот берсангиз.
ЖАВОБ: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Киши ҳаёти давомида қийинчилик ва муаммоларга дуч келса, уларни ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли Аллоҳга илтижо қилиб дуо қилишдир. Ҳар вақтда қилинган дуоларнинг қабул бўлиши аниқдир. Аммо Қуръон тиловати ва намоздан сўнг қилинадиган дуолар мақбуллиги шубҳасиздир.
Бирор бир ҳожат бўлганида уни раво қилиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилади. Абдуллоҳ ибн Авфо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг Аллоҳга ва бани Одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга ҳамду сано ва Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтсин. Сўнгра: “Ҳалиму Карим Аллоҳдан ўзга (ибодатга сазовор) маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Рабби Аллоҳ покдир. Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан раҳматингга сабаб бўлувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан насиба, ҳар бир ёмонликдан саломатлик сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш қилгин, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қолдирмай, албатта, раво этгин. Эй раҳмлилар Раҳмлиси”, десин, деб айтдилар» (Имом Термизий, Ибн Можа).
САВОЛ: Баъзи одамлар болаларга кўзмунчоқ тақиб қўйишади. Кўзмунчоқ тақиш мумкинми?
ЖАВОБ: Ҳар бир яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига ишониш имон шартларидандир. Бинобарин, Аллоҳнинг изнисиз кўз тегмайди. Кўзмунчоқни кўз тегишидан асрайди, деган ишонч билан тақиш мумкин эмас.
Аммо кўзмунчоқни кўздан асрайди деб эмас, балки ёмон назарлар шу мунчоққа тушсин, деб тақилса, зарари йўқ. Зеро, “кўз” кўпинча илк кўрган нарсасига тегади.
САВОЛ: Ҳозирда денгиз маҳсулотлари кўп учрайди. Айтингчи, денгиз (суви)да яшайдиган қайси жонзотлар гўштини еса бўлади?
ЖАВОБ: Ҳанафий мазҳабида денгиз (суви)да яшайдиган ҳайвонлардан фақатгина балиқни ейиш мумкин. Ўзи ўлиб, қорни юқорига кўтарилиб қолган балиқлар ҳам ейилмайди.
САВОЛ: Биз томонларда (Андижон вилоятининг Асака тумани қишлоқларида) “Мушкулкушод”, “Биби сешанба”каби хурофот маросимларни ўтказиш, уларда чироқ ёқиш, супрага сиғиниш ҳолатлар ҳамон давом этмоқда. Муҳтарам муфтий ҳазратлари, ўша ишларни бартараф этиш учун қандай тавсиялар берасиз?
ЖАВОБ: Жаҳолатни фақат маърифат бартараф этади. Шунинг учун аҳли илмлар соф Ислом эътиқодини оммага етказишда чарчамасликлари, хурофотнинг оқибати нима бўлишини тушунтиришлари керак.
Мушкулкушод маросимини ўтказиш, унда «Биби Мушкулкушод» номли қисса ўқиш хурофотдир. Банданинг бошига тушган мусибатни аритувчи, оғирини енгил қилувчи, мушкул ишларини кушода (ҳал) этувчи ягона Аллоҳ таолодир. Бинобарин, Аллоҳ таолодан бошқа бири ҳожатларни раво этади, дейиш мусулмонни диндан чиқаради.
Шунинг учун, бошига иш тушган одам ҳар хил ўринсиз ишларга ўзини урмай, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган дуоларни ўқиб, салавотлар айтиб, мушкулини осон қилишини Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўрамоғи лозим.
САВОЛ: Жума намозида имом хутба ўқиётиб, қисқа муддатга ўтирган пайтида баъзилар қўл очиб дуо қилишади. Шу тўғрими?
ЖАВОБ: Йўқ. Намозда қилиш мумкин бўлмаган нарса имом хутбага чиққанида ҳам мумкин эмас. Хутба пайтида ҳатто тасбеҳ айтиш, акса уриб, ҳамд айтганга жавоб бериш, салом бериш ва алик олиш макруҳдир (“Муҳийт”).
Имом хутба ўқиётиб, қисқа муддат ўтириб олиши ҳам хутбадан ҳисобланади. Шунинг учун у пайтда қўл очиб дуо қилиш мумкин эмас.
САВОЛ: Фарз намозларининг иккинчи ракатида жамоатга қўшилган киши намозининг биринчи ракати қайси бўлади? Имомга эргашиб, жамоат билан ўқиганими ёки имом салом берганидан сўнг ўзи ўқиган ракатими? Агар ўзи ўқиган ракати биринчиси ҳисобланса, демак, у имом иккинчи ракатда зам қилиб ўқиган сурадан олдин келадиган сурани зам қилиши керак бўладими?
ЖАВОБ: Жамоат намозида биринчи ракатга етиша олмаган киши масбуқ дейилади. Бизнинг мазҳабимизда масбуқ етишган ракатларини имомга иқтидо қилиб ўқийди. Сўнг қолган ракатларини ўзи ўқийди (Сарахсий “Муҳийт”). Масбуқ етолмаган ракатларини ўқишга тургандаги ракати қироат хусусида намозининг биринчи ракати бўлади, ташаҳҳуд хусусида эса кейинги ракати ҳисобланади. Шунинг учун, имом бир ракат ўқиганидан кейин қўшилган бўлса, кейин бир ракатга замсура қилади, агар икки ракатдан кейин қўшилган бўлса икки ракатга зам сура қилади. Масбуқ етишолмаган ракатларни ўқишга турганда танҳо намоз ўқувчи каби ҳисобланганидан замсураларни имомнинг зам сураси тартибига қараб ўқимайди.
САВОЛ: Уч, тўрт ракатли фарзларнинг охирги ракатида жамоатга қўшилган киши неча ракат ўқиб, қаъдага ўтиради?
ЖАВОБ: Шом намозининг охирги ракатига етишган масбуқ ета олмаган икки ракатнинг орасини қаъдага ўтириш билан айиради, шу тариқа у шом намозида уч марта қаъдада ўтирган бўлади. Ушбу икки ракатда Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Бу ракатлардан бирида қироат қилмаса, намози бузилади.
Тўрт ракатли намозларнинг охирги ракатида жамоатга қўшилган масбуқ имомдан сўнг ўқиган биринчи ракатида Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Кейин ўтириб ташаҳҳуд ўқийди. Сўнг туради ва бу ракатда ҳам Фотиҳани ўқиб, битта сурани зам қилади. Кейин рукуга боради, сажда қилади ва ўтирмасдан тўртинчи ракатга туради. Бу ракатда фақат Фотиҳа сурасини ўқийди. Шундан кейин охирги қаъдага ўтириб, ташаҳҳуд, салавот ва бошқа дуоларни ўқийди. Сўнг салом бериб, намозни тугатади (“Хулоса”).

Нўъмон АБДУЛМАЖИД
ёзиб олди.