Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

САВОЛ: Бир бегона онани эмган чақалоқлар ака-сингил ҳукмида бўлади, деб эшитганман. Лекин билишимча, эмишнинг ҳам муддати бор экан. Шу муддатдан кейин бир онани эмган болалар эмикдош ҳисобланмайдими?
ЖАВОБ: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Агар чақалоқ бегона аёлнинг сутини сўрганда сут унинг ошқозонига оз ёки кўп миқдорда етиб борса ҳам, эмикдошлик собит бўлади (“Ҳидоя”). Эмикдошлик собит бўлиш муддати Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) наздларида ўттиз ойдир (“Фатовойи Қозихон”). Ана шу ёшдаги гўдак сутдан чиқарилган бўлса-ю, унга бегона аёлнинг сути ичирилса ҳам, у гўдак ўша аёлни эмган ҳисобланади. Мазкур ёшдан ўтганидан кейин эмиш билан эмикдошлик собит бўлмайди (“Ҳидоя”).

САВОЛ: Бир танишим ота-онасини сенсираган фарзанд оқ бўлади, деб айтди. Лекин араблар, турклар, озарбойжонлар ва бошқа кўп халқлар ота-оналари билан сенсираб гаплашишади. Улар гуноҳкор бўлишадими?
ЖАВОБ: Сиз санаб ўтган миллатларда ота-онасини сенсираш уларнинг тил қоидаларида ҳурматсизлик белгиси ҳисобланмайди. Бизнинг тилимизда, ўзбекона урф-одатимизда нафақат ота-она, балки барча ёши катталар, қадрдонлар ва нотаниш инсонларни ҳам сизлаб муомала қилиш уларга ҳурмат кўрсатишнинг белгиси ҳисобланади. Ота-онани сенлаш эса катта ҳурматсизлик ва беодоблик саналади. Динимизда ота-онани имкон қадар ҳурмат қилиш, уларни ранжитмаслик, хизматларига доимо шай туриш буюрилган ва уларга малол келадиган ҳар бир хатти-ҳаракатдан, ҳатто “уфф!” дейишдан ҳам қайтарилган. Зеро, ота-онани ранжитиш билан фарзанд оқ бўлади. Сенсираш билан ота-она ранжиса, шубҳасиз, фарзанд оқ бўлади.

САВОЛ: Биз томонларда никоҳни янгилаб туриш деган нарса бор. Одамлардан сўрасам, бундай изоҳлашди: «Киши аёлига баъзан “бор, кет”, “уйингга йўқол!” деб юборади. Шунинг учун вақти-вақти билан никоҳни янгилаб турилса, яхши бўлади», деб жавоб беришди. Муфтий ҳазратлари, шу масалага ойдинлик киритсангиз...
ЖАВОБ: Шаръий никоҳ эр ва хотинни бир-бирига боғлайдиган ақддир. У вақтлар ўтиши билан эскирадиган, тўзийдиган нарса эмас. Шунинг учун, талоқни ифода қиладиган сўз айтилмагунича, никоҳ ақди узилмайди. Янгилаш деб эскирган, таъмирталаб нарсани тузатишга айтилади. Никоҳ эса, эскирмайди, янгиланмайди. Узилган бўлса, тиклашнинг шаръий имкони бўлса, тикланади – қайта никоҳ ўқилади.
Шу ўринда бир масалани айтиб ўтиш лозим. Куфр сўзларни, уларнинг моҳиятини анг­лаб ё англамай, жаҳл билан ёки ҳазиллашиб айтган одам диндан чиқади ва эр бўлса хотини билан, хотин бўлса эри билан ўрталарида ажралиш бўлади. Мисол учун, бир ёмон иш қилаётган одамга “Аллоҳдан қўрқ” дейилса, у: “Йўқ, қўрқмайман!” деб жавоб берса, имондан ажрайди. Ана шундай ҳолатларда имонни янгилаш ва никоҳни қайта ўқитиш лозим бўлади.
Имонни янгилаш калимаи тавҳидни сидқидилдан айтиш билан амалга ошади. Никоҳ эса шоҳидлар ҳузурида, шартларига риоя қилган ҳолда, томонларнинг розилиги билан қайта ўқилади.

САВОЛ: Водийнинг баъзи туманларида чақалоқ сочини олиш мақсадида мозорга боришади. Оила аъзолари мозор яқинидаги бирорта ҳовлига жойлашиб, хўроз сўйиб, гўштидан таом тайёрланади. У ердаги гўрков ёки ёши каттароқ кишига чақалоқ сочини олдиришади. Айтинг-чи, динимизда шундай кўрсатмалар борми? Шу тўғрисида маълумот берсангиз.
ЖАВОБ: Боланинг сочини олиш учун мозорга бориш ёки сочни махсус бир одамга олдириш Расулуллоҳ (алайҳиссалом) кўрсатмаларига зиддир.
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан номидан бир қўй сўйдилар ва: “Эй Фотима, унинг сочини ол ва сочининг оғирлиги миқдорида кумуш садақа қил”, дедилар. Мен уни тортиб кўргандим, оғирлиги бир дирҳам ёки ундан камроқ чиқди» (Имом Термизий ва Ҳоким ривояти).
Чақалоқнинг сочини олиш билан унинг бошидаги ёқимсиз нарсалар бартараф этилади, бош терисининг нафас олиши осонлашади, натижада кўз, бурун ва қулоқ фаолияти яхшиланади. Шунинг учун чақалоқнинг сочини имкон борича бир ҳафталик бўлганида олиш лозим.

САВОЛ: Жамоатга фақат бир ракат кечикиб қўшилган киши охирги қаъдада ташаҳҳуд ўқиб бўлганидан сўнг, туриб қолдирган ракатларини ўқийверадими ёки имомнинг салом беришини кутиши лозимми?
ЖАВОБ: Бундай ҳолда масбуқ имомнинг салом беришини кутади, ундан олдин ўтказиб юборган ракатларини ўқиш учун турмайди (“Баҳрур роиқ”).
Масбуқ қуйидаги ҳолларда имом салом беришидан олдин намознинг қолган ракатларини ўқиш учун туриши мумкин: масҳ қилган бўлса-ю, масҳ муддати ўтиб кетишидан қўрқса; узр соҳиби бўлса ва вақтнинг чиқиб кетишидан хавотирланса; бомдод намозида қуёш чиқиб қолишидан қўрқса; ҳадас етиб қолишидан, яъни таҳорати кетиб қолишидан қўрқса; агар имомнинг салом беришини кутган тақдирда, олдидан одамлар кесиб ўтишидан қўрқса (“Важизул Кардарий”).
Масбуқ санаб ўтилган ҳолатлардан ташқари ташаҳҳуд миқдорича ўтиргач, имомнинг салом беришини кутмай туриб кетса, намози таҳримий макруҳ билан жоиз бўлади (“Фатҳул қадир”).

САВОЛ: Жамоат ортида суннати бўлмаган намозни адо этиб бўлгач, баъзи имомлар тасбеҳ, дуо қилиш чоғи жамоатга юзма-юз ўтирса, баъзилари жамоатнинг ўнг қаноти томонга қараб, ёнламасига ўтиради. Бу ҳолатларнинг бирор фарқи, масаласи борми?
ЖАВОБ: Бомдод ва аср каби ортида суннатлари бўлмаган намозларда имомнинг орқасида жамоатга кечикиб қўшилган ва намоз ўқиётган киши бўлмаса, имом жамоатга қараб ўтиради. Аммо ўшандай киши бўлса, имом ўнг ёки чап тарафига ўгирилади. Чунки имомнинг намоз ўқиётган киши билан юзма-юз ўтириши макруҳдир (“Хулоса”).

Нўъмон АБДУЛМАЖИД
ёзиб олди.