Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

САВОЛ: “Тоза” билан “ҳалол” тушунчалари ҳақида маълумот берсангиз. Улар орасида қандай фарқ бор?

ЖАВОБ: “Тоза” сўзи кўпроқ кийим-кечакка нисбатан қўлланади. Масалан, “тоза кийим” – нажас тегмаган, ювилган кийим деганидир. “Ҳалол” эса шаръий жиҳатдан истеъмол қилиш мумкин бўлган нарсаларни билдиради. Барча ҳалол нарсалар тоза бўлади, аммо ҳамма тоза нарсалар ҳам ҳалол бўлавермайди.

САВОЛ: Ижарага олинган ердан йиғилган ҳосилдан ким ушр беради, ижарага олган одамми ёки берган одамми? Агар ҳосил икки томон ўртасида тенг тақсим қилинса, бу ҳолда ушрни ким бериши керак?

ЖАВОБ: Ижарага олинган ер ҳосилидан ерни ижарага олган деҳқон ушр беради. Зироат маҳсулотларидан бериладиган закот ушр дейилади. Бизнинг мазҳабимизда ўтин, хас-хашак ва оддий қамишдан бошқа барча экинларнинг ўндан бири (ёки йигирмадан бири) миқдорида закот берилади. Агар ер эгаси ва деҳқон ҳосилни тенг иккига бўлишга келишишган бўлса, ҳар иккови ҳам ўз улушидан ушр бериши лозим.

САВОЛ: Фирдавс жаннати ҳақида маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур” (Каҳф, 107).
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Жаннатда юз даража бордир. Икки даража оралиғи ер билан осмон оралиғичадир. Фирдавс жаннати у даражаларнинг энг олийсидир. Ундан жаннат анҳорларининг тўрттаси отилиб чиқади. Унинг тепасида Арш бор. Агар Аллоҳдан сўрайдиган бўлсанглар, Фирдавс жаннатини сўранглар”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

САВОЛ: Масжидул Ҳаромдаги “Мақоми Иброҳим”, “Ҳижри Исмоил” ҳақида маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: “Мақоми Иброҳим” ҳазрат Иброҳим (алайҳиссалом) турган жой деганидир. Истилоҳда Иброҳим (алайҳиссалом) ўғиллари Исмоил (алайҳиссалом) билан Каъбани қураётганларида дуо қилган ўринга “Мақоми Иброҳим” дейилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Эсланг: Байт (Каъба)ни одамлар учун зиёратгоҳ ва хавфсиз жой қилиб қўйдик. «Иброҳим мақоми»ни намозгоҳ қилиб олинг­лар!..» (Бақара, 125). Ҳозир Каъба ёнидаги Мақоми Иброҳимга Иброҳим (алайҳиссалом) оёқ излари рамзий акс эттирилган бир тош жойлаштириб қўйилган.

Каъбатуллоҳ тавофида Ҳажарул асвад (Қора тош)дан кейин келадиган бурчакдан бошлаб ярим доира шаклида қалин, пастак девор билан ўралган жой “Хатийм” дейилади. Бунга сабаб ҳазрат Иброҳим (алайҳиссалом) Каъбани қурган пайтларида шу жой ҳам Каъба ичида бўлган. Замонлар ўтиши билан, Пайғамбаримиз ўттиз беш ёшга тўлган йиллари маккаликлар Каъбани қайтадан қурмоқчи бўлишади ва қурилишга фақат ҳалол йўл билан топилган молдан сарфлашга келишадилар.

Бироқ ҳалол маблағлари Каъбани эски ҳолидек катта қилиб қуришга етмайди. Шунда уни ихчамроқ қилиб қуришади-да, Каъбадан эканини билдириш мақсадида очиқ қолган жойни ҳам ярим девор тиклаб, ўраб қўйишади. Бу ҳақда Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан бундай ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Хатийм ҳақида сўраб: “У Каъбаданми?” десам, у зот: “Ҳа”, дедилар. Мен: “Унда нима учун Каъбага қўшиб юборишмаган?” десам, у зот: “Қавмингнинг (яъни, Қурайшнинг) маблағи етмай қолган…”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Шунинг учун доимо Хатиймни ҳам қўшиб тавоф қилинади.

Ана шу жой “Ҳижри Исмоил” деб ҳам номланади. Чунки ўз даврида ҳазрат Иброҳим (алайҳиссалом) ўғли Исмоил ва аёли Ҳожарни Каъбатуллоҳ ёнида қолдириб кетаётганларида улар учун дарахт шох-шаббаларидан бир капа ясаб берганлари ривоят қилинган.

Нўъмон АБДУЛМАЖИД
ёзиб олди.