Савол: Инсон вафот этгач, ҳали қабрга қўйилмай туриб ҳам Қуръон тиловат қилиб, унинг ҳақига бағишласа бўладими? (Муродов Қурбонали, Денов тумани).

Жавоб: Маййит ювилгач, ҳали дафн қилинмаган бўлса ҳам ҳақига Қуръон тиловат қилиб бағиш­ласа бўлади. Ювилмаган май­йит ётган уйдан ташқарида тиловат қилиш жоиздир (“Фатовойи Ҳиндия”, “Табйин”).
Бизнинг диёримизда маййитни дафн этилгандан сўнг тиловат қилиб, унинг ҳақига бағишлаш одати жорий этилган.

Савол: Лаҳаднинг оғзини бекитишда пишган ғишт ишлатса бўладими? (Ражаббой Аллоберганов, Тўрткўл тумани ).

Жавоб: Лаҳадга пишиқ ғишт ишлатиш макруҳдир (“Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: Масжидимизда бир отахон бор. Доим имомнинг ўнг томонидаги бурчакда намоз ўқийди. Бирон киши билмасдан ўша жойга ўтирган бўлса, ундан бошқа жойга ўтишини сўрайди. Шундай қилиш жоизми? (Ҳамидулла Қурбонов, Марҳамат тумани).

Жавоб: Масжидда муайян бир жойни ўзига хослаб олиш ва фақат бир идишни таҳорат қилиш учун хослаш макруҳдир (“Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: Ҳазрат, биз томонларда туяқуш боқиб тадбиркорлик қилаётганлар бор. Унинг тухуми ва гўшти тў­йимли ва мазали ҳисобланар экан. Уни истеъмол қилса бўладими? (Фозилжон Абдурасулов, Марғилон).

Жавоб: Туяқуш гўштхўр, йиртқич қушлар тоифасидан эмаслиги эътиборидан унинг тухуми ва гўштини истеъмол қилиш жоиздир.

Савол: Касбим тақозоси билан кўп вақтим бозорда ўтади. Кўпинча калла гўштлари сотиладиган растада “лампочкалар бор” деган сўз қулоққа чалинади. Бу нима экан деб қизиқсам, ҳайвонларнинг икки мояги экан. Шариатда уни ейишга рухсат борми?

Жавоб: Йўқ. Сўйилган ҳайвоннинг бўғзи ва гўштидан ажралиб чиққан қон ҳаромдир. Унинг икки мояги, жинсий аъзолари (нар ва модалик), безлари, ўт пуфаги, сийдик қопи ҳанафий мазҳабида макруҳдир (“Фатовойи Ҳиндия”).
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!" (Бақара, 172).

Савол: Эркакнинг пуштини хотиннинг бачадонига сунъий йўл билан юбориш орқали ҳомила пайдо қилиш шаръан жоизми? (Абдурайим Туляганов, Юнусобод тумани).

Жавоб: Уламолар никоҳда бўлган эр-хотиннинг ўртасидаги мазкур амалиёт жоиз дейишган. Аммо бегона эркак билан аёлнинг қўшилишлари ҳаром саналганидек, сунъий йўл билан уруғларини бир-бирига чатиштириш ҳам ҳаромдир. Беникоҳ эркак билан аёлдан сунъий йўл орқали туғилган фарзанд ҳам зинодан туғилган қатори бўлади.