Савол: Эрим хаста, таҳорат қилишларида ёрдамлашаман. Айниқса, оёқларини ўзлари юволмайдилар. Маҳсиларига мен масҳ тортиб қўйсам ҳам бўладими? (Ҳафизахон Ҳасанова, Андижон вилоятидан).

Жавоб: Узри бўлмаган киши ўзганинг ёрдамида таҳорат олиши, яъни бировга сув қуйдириб таҳорат олиши макруҳ бўлади. Аммо узри бўлган киши бошқанинг ёрдамида таҳорат олиши мумкин. Маҳсининг масҳ қилинадиган жойига ёмғир ё шудринг тегса ҳам масҳ ўрнига ўтади. Шу боис, эрингизнинг маҳсисига масҳ қилиб қўйсангиз бўлади  («Раддул муҳтор»).

Савол: Нафл рўзани очиш мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида маълумот берсангиз? (Исматуллоҳ ўғли Абдулҳамид, Сурхондарё вилоятидан).

Жавоб: Нафл рўзани узрсиз очиб юбориш мумкин эмас.
Меҳмонга бориш, мезбон бўлиш каби ҳолатлар нафл рўзани очиш учун узр ҳисобланади. Аммо меҳмондорчиликда ҳеч ким ранжиб қолмайдиган бўлса, нафл рўзани очмаган маъқул.
Киши нафл рўзасининг қазосини тутиб бера олишига кўзи етмаса, очмаслиги керак (Имом Ҳалвоний раҳматуллоҳи алайҳ).