Савол: Ота ё она вафот этган куни фарзандлари жанозага келганларга бирор таом тайёрлаб хайр-эҳсон тарзида тарқатса бўладими, унинг савоби марҳумнинг  руҳониятига етадими? (Қашқадарё вилояти, Ёрмуродов Боймурод).

Жавоб: Маййит чиққан хонадонда уч кун ичида таом тайёрлаб зиёфат шаклида бериш таҳримий макруҳдир. Шунинг учун қўни-қўшнилар азадор кишилар учун бирор таом тайёрлаб чиқиши мустаҳаб бўлади.

Маййитнинг мол-мулкидан кафанлик ва дафн учун зарурий нарсаларга сарфланади. Сўнг қарзи, васияти бўлса адо этилади. Қолган мулкини меросхўрларига шариатда белгилангани каби тақсимланади. Шундан сўнг фарзандлар ўзларига тегиш улушдан хоҳлаганича ота ёки она учун эҳсон қилса бўлади.

Савол: Қазо намозларни ўқиш тартиби, вақтлари ҳақида маълумот берсангиз (Тошкент шаҳри, Боймуродов Ҳусниддин).

Жавоб: Кўп йиллик ўқилмай қолган намозларнинг қазосини ўташда тартибга риоя қилиш (яъни, олдин бомдод, кейин пешин, сўнг аср, шом ва хуфтонни ўқиш) шарт эмас, лекин мустаҳабдир (“Фатовойи Ҳиндийя”).

Мусофирликда қолдирган намознинг қазоси ҳам қаср қилиб ўқилади.

Уч вақтдан: қуёш чиқаётган пайт­да, кун қиёмга (тиккага) келганда ва қуёш ботаётган пайтдан бошқа исталган вақтда қазо намозларни ўқиш мумкин (“Баҳрур роиқ”).

Ўз вақтида ўқилмаган намоз қазосини ўташ билан зиммадан соқит бўлади, аммо банда вақтида ўқилган намознинг савобига эришолмайди. Чунки намоз вақтлик фарз қилинган ибодатдир. Қуръони каримда бундай дейилади: “Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо, 103).

Савол: Йиқилиб пешонам ёрилган эди. Намозда сажда қилсам оғриқ кучаяпти. Шунга сажда ўрнига имо-ишора қилсам ҳам бўладими? (Бойсун тумани, Жалолов Шамсиддин).

Жавоб: Йўқ. Пешонасида сажда қилишга монелик қиладиган жароҳати бор киши бурни билан сажда қилади (“Фатовойи Оламгирия”).