Савол: Масжидимизда тонг намозига азон айтилгач, баъзилар олдин икки ракат “таҳийятул масжид”, сўнгра бомдод  намози суннатини ўқийди. Ана шундай қилиш тўғрими? (Дўсёров Хуррам, Тошкент шаҳри).

Жавоб: Йўқ. Бомдод намози вақти киргач, унинг фарзидан олдинги икки ракат суннатдан бошқа нафл намоз ўқиш макруҳ бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Тонг отганидан кейин бомдоднинг икки ракат суннатидан бошқа нафл намоз йўқ» (Имом Табароний ривояти), («Фатовойи Оламгирия», «Табйин»).

Савол: Тузалишига умид бўлмаган, оғир руҳий хаста эрнинг аёли у билан ажралиши мумкинми? (Муродов Камолиддин, Деҳқонобод тумани).

Жавоб: Жинни, мохов, пес касалига мубтало бўлган кишининг аёлида ажралиш  ихтиёри бор (Имом Муҳаммад). Жинни ўзига келиши (тузалиб кетиши) учун бир йилча кутилади. Агар тузалмаса, қози у билан унинг аёли орасидаги никоҳни бекор қилади. Фатво шудир (“Баҳрур роиқ”).  

Савол: Биз томонларда (Косонсой тумани) маърака-маросимларда одам­ларни дастурхон атрофига таклиф қилишда мансаби ва бой-камбағаллигига қараб ажратиш бор. Бундан баъ­зиларнинг кўнгли ўксиб қоляпти. Шу иш тўғрими? (Анорбой Олимов, Косонсой тумани).

Жавоб: Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир” (Ҳужурот, 13).

Динимизда инсонларни бой, камбағал дея тоифаларга ажратилмайди. Бундай қилиш жуда катта хатодир. Бу масалада яна шуни ҳам айтиш керакки, ҳар қандай меҳмон мезбон кўрсатган жойга ўтириши шариатимиз кўрсатмаларидандир.