Савол: Бир оғайним жанозада орқа сафда туришнинг савоби улуғлигини айтди. Шу тўғрими? (Алишер Бойбўриев, Зангиота тумани)

 

Жавоб: Тўғри. «Баззозия» китобида, жамоат намозларида биринчи сафда туриш, жаноза намозида эса, охирги сафда туриш афзалдир. Зеро, бу тавозеликни кўрсатади, дейилган.

 

Савол: Мусибат етган хонадон эгалари ҳовли ташқарисида уч кунгача одамлар фотиҳахонликка келишини пойлаб (стол қўйиб) ўтиришни кўпчилик шарт деб билади. Шу нарса динимизда буюрилганми? (Омонтурди Шерхонов, Тошкент шаҳри)

 

Жавоб: Йўқ. Аксинча, динимиз у ҳолдан қайтарган. Шунингдек, ҳайит байрами кунлари ҳам кимларнингдир йўқлаб келишларини умид қилиб хурсандчилик айёмида ўзини азадор қилиб кўрсатиш ёмон одатдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган аёл учун бирор маййитга уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол бўлмайди. Эри бундан мустасно, чунки унга тўрт ою ўн кун аза тутади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Мазкур ҳадисларни ўрганиб чиққан фуқаҳолар, мусибат етган хонадон аҳли уч кунгача аза тутиши мумкин. Бу пайтда кўнгил сўраб, таъзия изҳор этиш мақсадида келганларни ҳам ҳовли ичкарисида қарши олгани афзалдир. Аммо дарвоза ташқарисида курси қўйиб, таъзияга келувчиларни кутиш жоиз эмас, дейишган (Бироқ кўп қаватли уйларда истиқоматда бўлганлар, зарурат юзасидан, имкон топса, бошқалар малол олмаслигини эътиборга олиб, пастда таъзияга келувчилар учун алоҳида жой ташкил этиши мумкин). “Фатовойи Оламгирия” китобида бундай ишлардан қайтарилган. Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари айтади: “Бизнинг шу каби одатларимизни ислоҳ этиш лозимга ўхшайди. Ҳақиқатан, дарвоза олдида таъзиячи кутиш дегани, албатта, ҳамманинг келиши шарт, деганидек бўлади. Аммо дарвозани очиқ қолдириб, уч кунгача ичкарида ўтириш эса, биринчидан, камтарлик аломати. Зеро, камтар инсон одамларни овора қилиш, вақтларини олишдан иложи борича ўзини сақлайди. Таъзияга кела олмаганлардан хафа ҳам бўлмайди. Иккинчидан, кўчадан шошилинч ўтиб кетаётган вақти тиғиз кишилар хижолат тортмайди. Таъзияга келиши ҳам холис бўлади” (“Минг бир фатво”).

 

Савол: Намозхон намоз пайтида у ёқ-бу ёққа қарашининг кароҳияти йўқми? (Абдулмуталлиб Бобожонов, Бойсун тумани)

 

Жавоб: Намозхон қиёмда сажда қиладиган жойига қараб туриши керак. Намозда юзни у ёқ-бу ёққа буриш макруҳдир («Фатовойи Оламгирия», «Зоҳидий»).