САВОЛ: Таҳорат қилаёт­ганда ўқиладиган дуо бор деб эшитдим. Бу дуо таҳоратдан олдин ўқи­лади­ми ёки кейинми?

 

ЖАВОБ: Таҳорат қилаётганда дуо ўқиса савоб, ўқилмаса, гуноҳ бўлмайди. Таҳоратда ҳар бир аъзони ювишда ўқиладиган дуолар бор. Имкони бор кишилар у дуоларни ёд олиб, таҳорат олишда ўқиб юрсалар, кўп савоб ва фазилатларга эга бўладилар. Икки қўлни ювишда бундай дуо ўқилади: “Алҳамду лиллаҳиллазий жаъалал маа таҳуран вал ислама нуран”. Маъноси: “Сувни пок­ловчи, Ислом динини нур қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”.

Оғиз чайилаётганда: “Аллоҳумма таҳҳир накҳатий ва асқиний мин ҳавзи набиййика”. Маъноси: «Ё Аллоҳ, оғзимни пок қил, Пайғамбар ичган “Ҳавзи кавсар” сувидан ичишни насиб эт».

Бурунга сув тортилаётганда: “Аллоҳумма ариҳний роиҳатал жаннати ва ла туриҳний роиҳатан нари”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, жаннат ҳидидан баҳраманд эт, дўзах исидан нари тут”.

Юз ювилаётганда: “Аллоҳумма баййиз важҳий би нурика йавма табяззу вужуҳу авлияика ва ла тусаввид важҳи явма тасвадду вужуҳу аъдоик”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, севимли бандаларинг юзлари оқ ҳолатда бўладиган куни менинг юзимни ҳам оқ қил. Гуноҳкорлар юзи қора бўлувчи кундан асра”.

Ўнг қўл ювилаётганда: “Аллоҳумма аътиний китаби биямини ва ҳосибни ҳисабан йасирон”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, қиёмат куни амалларим ёзилган дафтарни ўнг тарафимдан бериб, ҳисобимни енгиллат”.

Чап қўл ювилаётганда: “Аллоҳумма ла туътиний китаби бишимали ва ла мин варои зоҳрий ва ла туҳосибний ҳисабан шадидан”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, амаллар ёзилган дафтарни чапимдан ҳам, ортимдан ҳам берма, қаттиқ ҳисоб-китоб қилма”.

Бошга масҳ тортилаётганда: “Ал­лоҳумма ғашшиний бироҳматика ва анзил ъалаййа мин барокатика”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, мени Ўз раҳматинг билан бурка, устимга баракотларингни ёғдир”.

Қулоққа масҳ тортилаётганда: “Аллоҳумма ижъалний миналлазийна йастамиъунал қовла файаттабиъуна аҳсанаҳу”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, мени сўзларни эшитадиган ва яхшиларига эргашадиган қилгин”.

Бўйинга масҳ тортилганда: “Ал­лоҳум­ма аътиқ рақобатий минаннар”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, мени дўзах азобидан асра”.

Ўнг оёқ ювилаётганда: “Аллоҳумма саббит қодамаййа ъалас сироти явма тазил­лу фиҳил ақдаму”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, қиёматда – оёқлар тойгувчи кунда оёқларимни тойдирма”.

Чап оёқ ювилаётганда: “Аллоҳумма ижъал саъйи машкурон ва занби мағфурон”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, қилган ишларимни савоб йўлига бургин ва гуноҳларимни афв этгин”.

Таҳорат якунида бундай дуо ўқилади: “Аллоҳумма ижъалний минат тав­вобинал мутатоҳҳирина важъалний мин ъибодикас солиҳиналлазийна ла ховфун алайҳим ва ла ҳум йаҳзанун”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, мени тавба қилувчи, покланувчи ҳамда уларга хавф-хатар бўлмайдиган солиҳ бандаларинг қаторидан қилгин”.

 

 

САВОЛ: Рамазонда витр намозини ўқиётган жамоатга кечикиб қўшилган киши Қунут дуосини қачон ўқийди?

 

ЖАВОБ: Жамоат намозига бир ёки икки ракат кечикиб қўшилган киши масбуқ дейилади. Масбуқ Қунут дуосини имом билан бирга ўқийверади, ўзи тугаллаб қўядиган ракатларда ўқимайди. Агар масбуқ жамоатга учинчи ракатда, имом Қунут дуосини ўқиб бўлганидан кейин қўшилган бўлса ҳам, ўқимайди (“Фатовойи Оламгирия”, “Муҳийт”).

 

 

САВОЛ: Қўшним қиш­лоғимизнинг обрўли, зиёли, оқкўнгил қария­ларидан бири. Аммо келини феъли ёмон, худбин чиқди. Тўрт фарзандли бўлди ҳамки, ўзгармади. Жаҳли чиқса, қўлига илинган нарса билан қайнота-қайнонасини ҳам, эрини ҳам ураверади. Эри фақатгина болаларини ўйлаб сабр қиляпти. Бундай ахлоқ­сиз келинларга ҳам жазо бор­ми?

 

ЖАВОБ: Бундай келинларнинг ҳақиқий ҳаётда учраши амримаҳол бўлса-да, сўраганингиз учун жавоб берамиз. Динимиз қайнота-қайнонани ўз ота-онасидек ҳурматлашни буюради. Хотиннинг жаннатий ёки дўзахий бўлиши эрининг розилигига боғлиқдир. Бас, шундай экан, ўша аёл, мана шу жиҳатларни эътибордан қочирмай, хулқини тузатиши ва дарҳол бу ёмон ишини тўхтатиши керак. Бундан ташқари, саволдан маълумки, бадфеъл аёлнинг фарзандлари бор. Бу дунё – қайтар дунё! Қайнота-қайнона ҳам ота-онадир. Киши ота-онасига нима қилса, фарзандларидан қайтади. У аёл, агар тавба қилиб, бу ишини тўхтатмаса, меҳр билан парваришлаётган фарзандлари эрта-бир кун унга ҳам худди шундай зулм қилишлари муқаррар эканини ёддан чиқармасин.

Нўъмон АБДУЛМАЖИД

ёзиб олди.