Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий  
Усмонхон Алимов жавоб беради
 
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Ҳурматли муфтий ҳазратлари!
 
САВОЛ: Баданимга сув тегиши мумкин эмас экан, шифокорлар шундай дейишди. Намоз­ларимни таяммум билан ўқияп­ман. Таяммум билан Қуръони каримни тиловат қилишим мумкинми?
 
ЖАВОБ: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Аммо баъд... Бемор сув ишлатганда касали зўраядиган ё соғайиши кечикадиган бўлса таяммум қилади. Бу шариатимиз енгилликларидан биридир. Таяммум таҳоратнинг ўрнига ўтади. Таяммум билан таҳорат шарти бўлган барча ибодатларни адо этиш мумкин, жумладан, Қуръони каримни ушлаш ва тиловат қилиш ҳам мумкин.
 
САВОЛ: Ҳурматли муфтий ҳазратлари! Ҳажга йиғиб қўйган сармоямизни ишлатиб қўйдик. Сафарни ортга сурайлик десак, ёшимиз ҳам кексайиб боряпти, бугунги қув­ватимиз эртага йўқ... Шунинг учун яқин­лари­миздан қарз олиб, ҳажга бориб келишимиз мумкинми?
 
ЖАВОБ: Ҳажнинг фарз бўлишининг шартларидан бири уй жойи ва оила аъзолари нафақасидан ортиқча уловга ё уни ёллашга ва сафари давомида керакли озиқ-овқатга имкони етарли бўлишидир (“Фатовойи Оламгирия”). Ана шундай молиявий имконияти бўлмаган кишига қарз олиб, ҳажга боришни динимиз буюрмаган.
 
САВОЛ: Маййитни кўмишда ҳамма бир сиқимдан тупроқ олиб, қабрга ташлаш одати бор. Ўша пайтда нима деб дуо қилинади?  Маййитни қабрга қўйишдан олдин ўтирса бўлади­ми ёки кўмиб бўлгандан кейин ўтири­ладими?
 
ЖАВОБ: Тобутни ерга қўйилгандан сўнг ўтирилади. Тобутни ерга қўймасдан олдин ўтириш макруҳ бўлади (Фатҳул қодир).
Маййит кўмилаётганда ҳозир бўлган­ларнинг қабрга уч қисм тупроқ ташлаши мустаҳабдир. Тупроқ ташлаётган киши маййитнинг бош томонидан туради ва биринчи тупроқ ташлашда: “Минҳо холақнокум” (“Биз сизларни ундан (ердан) яратдик”), иккинчи марта тупроқ ташлаётганда: “Ва фийҳо нуъийдукум” (“унга қайтарурмиз”) ва учинчи марта тупроқ ташлаётиб: “Ва минҳо нухрижукум торатан ухро” (“ва (Қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз” (Тоҳо, 55) дейиши ҳам мустаҳабдир (“Фатовойи Оламгирия”).
 
САВОЛ: Таҳажжуд намозининг ҳукми ва фазилатлари ҳақида тушунча берсангиз.
 
ЖАВОБ: Таҳажжуд нафл намозларнинг энг афзалидир. Кечаси бироз ухлаб, кейин туриб ўқилиши учун у шундай номланган. Аллоҳ таоло ояти каримада таҳажжуд намозини ўқишга тарғиб қилади: “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро, 79).
 
Таҳажжудни икки ракат-икки ракатдан ўқиш афзалдир. Таҳажжуд намозининг фазилатлари борасида жуда ҳам кўп ҳадислар ворид бўлган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти). Яна у зот (алайҳиссалом): «Сиздан бирингиз қачон ухласа, шайтон унинг бошининг орқасига учта тугун тугади. Ҳар бир тугунни уриб: “Сенга узун кеча бор, ухла!” дейди. Агар у уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, бир тугун ечилади. Агар таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, тугунлари ечилиб, баҳри-дили очилади. Акс ҳолда, дили хира, ўзи дангаса бўлиб, ўрнидан туради», деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
 
 
САВОЛ: Бир яқинимиз арафа куни кечроқ вафот этди. Эр­таси­га ҳайит бўл­­гани учун ўликни кечаси кўмиш­­га қарор қи­лин­­ди. Аммо баъзи­лар қўрқ­­қани­­­дан, баъзилар эса қишли-қировли кунларнинг совуғида қабристонга бормади. Кечаси ўлик кўмиш мум­кин­ми?
 
ЖАВОБ: Маййитни кечаси дафн этишнинг ҳеч бир зарари йўқ (“Сирожул ваҳҳож”).
 
Нўъмон АБДУЛМАЖИД 
ёзиб олди.