Ўзбекистон мусул­мон­лари идорасининг www.muslim.uz расмий веб порталига ташриф буюрган юрт­дош­­ларимиз диний-маърифий янгиликлар ва таниқли уламоларнинг суҳбатлари билан танишиши, қизиқарли маълумотлар ҳамда фойдали маслаҳатлар олиши мумкин. Портал юртдошларимизнинг Ислом динига оид барча савол ва эҳтиёжларини тўлақонли қаноатлантириши шубҳасиз.  
 
Ушбу сайтда энг кўп ўқилган савол-жавоблардан баъзиларини сиз азизларга тақдим этишни лозим деб топдик.
 
 
Савол: Хонадонда боқилаётган товуқларга сўйилган ҳайвон қонини берса бўладими?
 
Жавоб: Ҳайвонларнинг қони ҳаром бўлгани сабабли, товуқни у каби нажосатлар билан боқиш жоиз эмасдир. 
 
Савол: Саримсоқпиёз ейил­ган ҳолатда намозни адо этиш мумкинми?
 
Жавоб: Имкон бўлса, оғизнинг ҳидини кетказиб ўқиш тавсия қилинган. Лекин бу сабабли намоз қазо қилинмайди. Намозни вақтида ўқиш фарздир. Иложи борича, оғиздан келаётган саримсоқнинг ҳидидан одамлар ва фаришталарга озор бермаган ҳолда намоз адо қилинади. 
 
Савол: Мен Қунут дуосини ёд ололмаяпман. Витр намозини ўқишда бошқа бирор сурани ўқиса бўладими?
 
Жавоб: Имкон қадар тезроқ ёдлаб олинг. Чунки мазкур дуони ўқиш вожибдир. Унгача зарурат юзасидан Қуръон ва ҳадисларда келган дуоларни ўқиб туриш жоиздир. 
 
Савол: Мен кейинги пайт­ларда тушкун кайфиятда юрадиган бўлиб қолдим. Бу ҳолатдан қандай қутулсам бўлади? 
 
Жавоб: Сиздаги бу ҳолат “қабз” яъни, тушкунлик ва ноумидлик ҳолати дейилади. Инсонда бунинг акси бўлган “баст”, яъни руҳан тетиклик ва солиҳ амалларга интилиш ҳолатлари ҳам биргаликда уйғунлашиб туради. Инсондаги бу кайфиятлар бардавом бўлмайди. Бу ҳам Аллоҳ таоло бандасига берадиган синовлардан биридир. Шунинг учун бундай ҳолатларда Аллоҳ таоло буюрган амалларда бардавом бўлсангиз, ортидан албатта тетиклик ва руҳий енгилликка эришасиз. 
 
Савол: Мусулмон инсонларга жаннат ваъда қилинган, мусулмон жинлар учун ҳам ваъда қилинганми?
 
Жавоб: Кофир жинларнинг дўзахга киришида ихтилоф йўқдир. Аммо мўмин жинларнинг жаннатга киришлари борасида уламолар ихтилоф қилишган. Баъзилари Ар-Раҳмон сурасининг ушбу: “Парвардигори (ҳузурида) туришдан (сўралишдан) қўрққан киши учун икки жаннат (боғи) бордир. Бас, (эй инсонлар ва жинлар!) Раббингизнинг қайси неъматларини инкор этасиз?!” ояти ва бундан бошқа оятларга таяниб, жинларни ҳам жаннатга киради, деганлар. Баъзилари эса Жин сурасининг ушбу “Орамизда мусулмонлар ҳам бор, (шунингдек) орамизда (йўлдан) озганлар ҳам бордир. Бас, кимки мусулмон бўлса, демак, айнан ўшалар тўғри йўлни мақсад қилиб олибдилар. Аммо (йўлдан) озганларга эса, бас, улар жаҳаннамга ўтин бўлувчи кимсалардир” оятига таяниб, ушбу оятда мўмин жинлар ҳақида сукут қилинди, биз ҳам сукут қиламиз деб, бу ҳақда ҳеч нарса дейишмаган. 
 
Савол: Мен намозга ният қилишда кўп адашиб кетаман, шунда қайта ният қилиб ўқисам бўладими?
 
Жавоб: Ниятингиз қалбда тўғри бўлиб, тилда хато бўлган бўлса, бунинг зарари йўқдир. Чунки ниятда қалб аҳамиятли ҳисобланади. Агар қалбда хато ният қилган бўлсангиз, унда бош­қатдан ният қиласиз.