Савол: Намозни жаҳрий (овоз чиқариб) ўқишнинг миқдори борми?
 
Жавоб: Шом, хуфтон ва бомдод намози фарзларининг аввалги икки ракатида жаҳрий, яъни овоз чиқариб ўқиш вожибдир. Жаҳрий ўқишнинг энг ози ёнидаги кишининг эшитишидир. Кўпи имомнинг овозини жамоатдагиларнинг эшитишидир  (“Маслакул муттақин”, “Абул Макорим”)
 
Жаҳрий, яъни овозини чиқариб ўқиш фақат бомдод, шом ва хуфтон намозларининг аввалги икки ракатига тегишли масаладир. Қолган барча ракатлар, жумладан, суннат ва нафл намозлар ҳам махфий, овозини чиқармай ўқилади. Танҳо намоз ўқувчи жаҳрий ўқиладиган пайтларда ихтиёрли бўлади. “Салоти Маъсудий” китобида: “Танҳо намоз ўқувчи махфий ўқиладиган намозни махфий (овоз чиқармай) ўқисин. Жаҳрий (овоз чиқариб) намозни хоҳласа жаҳрий (овоз чиқариб), хоҳласа махфий (овоз чиқармай) ўқисин, ихтиёр ўзида”, дейилган. Танҳо намоз ўқувчи агар махфий (овоз чиқармай) намозни жаҳрий (овоз чиқариб) ўқиса гуноҳкор бўлади (“Муҳит”, “Маслакул муттақин”).
 
Савол: Масжидга кириб дунё ҳақида суҳбатлашган кишининг қирқ кунлик ибодати кесилиши ҳақидаги гап асослими? 
 
Жавоб: Масжид деганда асосан хонақоҳни тушунилади. Масжид ичида, яъни хонақоҳда дунёвий ишларни гаплашиш макруҳдир. Чунки масжиднинг бино қилинишидан мақсад, тоат-ибодат, намоз, эътикоф, Аллоҳ таолонинг зикри, илм музокараси ва Қуръон тиловати каби қурбат бўладиган амалларни бажаришдир. Масжидга кириб дунёвий ишларни гаплашган кишининг қирқ кунлик ибодатининг кесилиши ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлмаган. 
 
Савол: Менинг уйланганимга кўп йиллар бўлди. Энди билсам, ўшанда совчи устига совчи қўйдирган эканман. Шу ишимнинг бирон каффорати борми?
 
Жавоб:  Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):«Киши ўз биродари совчилиги устига, то ундан олдинги совчи тарк қилгунча ёки унга изн бергунича совчи қўймасин», дедилар. Шу боис  бировнинг совчилиги устига совчи юбориш шариатда ман қилинган. Лекин бу ишнинг никоҳга таъсири йўқ. Аллоҳ таолога истиғфор айтиб, тавба қилсангиз кифоя!
 
Савол: Намозда фотиҳадан кейин бир сурани бир неча марта ўқиса бўладими? 
 
Жавоб: Нафл намозларда бир ракатда бир сурани такрор ўқиш жоиздир. Аммо фарз намозларда бир сурани такрор ўқиш макруҳ бўлади. Таровеҳ намози ҳам фарзлар каби жамоат билан адо этилгани боис фарзлардаги каби унда ҳам  бир сурани такрорлаш макруҳ ҳисобланади («Фатовойи Ҳиндия», «Имдодул фатово»).