Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Ҳурматли муфтий ҳазратлари!

САВОЛ: Аёл эридан сў­роқ­сиз қандай рўзаларни тутса бўлади?
ЖАВОБ: Алҳамду лил­лаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Рамазон ойида шаръий узри йўқ кишиларга рўза Аллоҳ таоло фарз қилган. Унинг буйруғини бажаришда бандадан изн сўралмайди.
Аммо динимизда тутса савоб бўлиши айтилган бир қанча нафл рўзалар борки, хотин киши уларни эрининг изнисиз тутиши жоиз эмас (“Фатовойи Оламгирия”).
 
САВОЛ: Зиёратгоҳларга, қабристон­ларга борганда ўтганларнинг руҳига ҳар ким ҳам тиловат қилиб савобини бағишлаши мумкинми ёки бу ишни фақат диний таълим олганларгина қилиши лозимми?
Жавоб: Унинг учун фақат диний таълим муассасасини битирган бўлиши шарт эмас. Ҳар ким қабристонларга борганда, билган сура ва оятлардан ўқиб, савобини ўтганларнинг руҳига ҳадя қилиши мумкин.
 
САВОЛ: Бир китобда: “Сафарда суннат намозларини тарк қилмоқ суннатдир. Сафарда суннат намозини ўқиган киши Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам)га нисбатан беодоблик қил­ган бўлади”, деб ёзилган экан. Бу гап ҳанафий мазҳабига қай даражада тўғри келади?
ЖАВОБ: Сиз ўқиган китобдаги ушбу сўзлар ҳанафий мазҳаби китобларига зиддир. Ҳанафий мазҳабидаги мухтор қавлда (ихтиёр қилинган сўзда) суннат намозларни (душмандан, ёввойи ҳайвонлар ҳужумидан) қўрқув пайтида тарк қилинади. Тинчлик-хотиржамлик пайтларда эса мусофир ҳам суннат намозларини ўқиши керак (“Важизул Кардарий”).
 
САВОЛ: Кўплаб намозхонлар қиш кунларида қўй, эчкининг терисидан тикилган “пайпоқ-маҳси”ларни кийишади. Айтингчи, ўша маҳсиларга масҳ тортиб бўладими?
ЖАВОБ: Шариатимизда масҳ тортиш учун қўйилган барча шартларга мос келадиган маҳсиларга масҳ тортиш мумкин. Сиз айтаётган маҳсилар ўша шартларга тўлиқ мос келса масҳ тортса бўлади.
 
САВОЛ: Учта вақтда: қуёш чиқаётганда, кун тиккага келганда ва қуёш ботаётганда намоз ўқиш жоиз эмаслигини биламиз. Аммо негадир пешин ўқиш учун масжидга кирганимизда тақвимда “туш” деб кўрсатилган вақтда баъзилар нафл намоз ўқиётганларининг гувоҳи бўламиз. Ушбу вақтда намоз ўқиш мумкинми?
ЖАВОБ: Тақвимларда “туш” деб кўрсатилган вақт кун тиккага келган – қиём вақтидир. Бинобарин, у вақтда намоз ўқиш мутлақо мумкин эмас. Ўша вақтдан 6 – 7 дақиқа олдин ва яна шунча ўтказгандан сўнг ҳар қандай намозларни ўқиса бўлади.
 
САВОЛ: Тушкунлик ва руҳий изтироб пайтида қандай дуолар ўқиш керак?
ЖАВОБ: Ундай пайтларда асосан истиғфор ояти ва “Ла ҳавла ва ла қувва­та ил­ла биллаҳил ъалиййил ъазим” (Куч ва қувват фақат олий ва улуғ Аллоҳ тао­лодандир) калимасини кўп айтиш, Пай­ғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўп-кўп салавот айтиш яхши фойда беради.
 
САВОЛ: Сувга ёки озиқ-овқатга суварак (таракан) тушиб кетса, бунга динимизнинг ҳукми қандай?
ЖАВОБ: Бу ҳашарот­нинг қони йўқлиги учун у тушган егулик ёки ичимлик нопок бўлмайди.
 
Нўъмон АБДУЛМАЖИД 
ёзиб олди.