Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Савол:Биз томонларда илгарилари майитни кафанлаб, қабрга қўйилганда, кафан ипларини ечиб, майит юзини очиб қўйиларди. Ҳозир масжидимомлари ундай қилдирмаяпти. Қандай қилса тўғри бўлади?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Юртимизнинг айрим ҳудудларида бундай хурофий, янглиш тушунчалар бўлган:“Майит қабрга қўйилгандан сўнг юзи очиб қўйилмаса, ўлик кафанни ямлаб қўяди ва натижада ўша хонадондан ўлик чиқиши тўхтамайди”. Ана шу тушунчага асосан, динимиз кўрсатмаларини билмаган баъзи кишилар майит қабрга қўйилгандан сўнг унинг юзини очиб қўйишган. Шуни яхши билингки, ҳеч бир инсон белгиланган ажалидан олдин ўлмайди. Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг ажалини белгилаб қўйган. Саволингиздан диний илмлардан хабарсиз эканлигингиз аён бўлмоқда. Кўпроқ китоб ўқинг.Алҳамду лиллаҳ, кейинги йилларда ўз она тилимизда диний адабиётлар кенг миқёсда нашр этилаяпти, халқимиз диний билимларини ошириб боришдан, ўқишдан, ўрганишдан тўхтамасликлари лозим. Ана шунда тўғри йўлдан, ҳидоятдан адашмаймиз, иншоаллоҳ.

Савол:Мен ўқиган бир китобда: “...Жаноза намозининг тўртинчи такбирдан кейин қўллар ёнга ташланган ҳолда салом берилади”, дейилган. Ҳолбуки биз олдинлари тўртинчи такбирдан кейин қўлларни боғлаган ҳолда салом бериб, намоздан чиқар эдик. Илтимос, бу икки ҳолдан қай бири тўғри экани ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб:“Фатовойи Ҳиндия”, “Муния” китобларида бундай нақл қилинади:«“Зикри маснуъ” – ўқилиши суннат билан машруъ бўлган сано, қунут дуоси ва жаноза намозлари қиёмида қўлларни боғлаш суннатдир». Шунга кўра, жаноза намозида салом берилгандан сўнг қўллар ёнга ташланади.

Савол: Майит дафн қилинганидан сўнг эртасига мозорбошига 100–200 киши бўлиб чиқишяпти. Динимизда бу ҳақда бирор кўрсатма борми?

Жавоб: Динимизда бундай кўрсатма йўқ. Уларнинг мозорбошига чиқишдан мақсадлари дуои фотиҳа қилиш бўлса, дуои фотиҳа қилиш мозорбошига хосланмаган. Агаруларнинг тушунчаси шундай бўлса, у хатодир. Динимизга зиддир.Дуо қаерда қилинмасин, марҳумга нафи тегаверади.

Савол:Бизнинг масжидга шу масжидни қурилишига бош-қош бўлган марҳум маҳалладошимизнинг расми осиб қўйилган. Шундай қилиш тўғрими?

Жавоб:Масжидларга одамлар ва жонли нарсаларнинг расмини осишмутлақо мумкин эмас, ундай қилиш ўзга динларга тақлид бўлади.

Савол:Олдинлари (Навоий вилояти туманларидан бирида) ўлган одамнинг ўғил фарзандлари ҳасса тутиб йиғлар эди. Ҳозир имом-домлалар ундай қилишданқайтаришяпти. Бунга сабаб нима?

Жавоб: Вафот этган одамнинг яқинлари ёқа йиртиб, ўзини уриб-тирнаб, ҳасса тутиб ва “отам ва онам ё жигарим” деб йиғлаши жоҳилият давридан қолган одатлардандир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яқини вафот этган кишиларга сабр қилиш ва истиржо келтиришни ва Аллоҳдан марҳумнинг гуноҳларини кечиришини сўраб, дуо қилишни буюрганлар.

Яқини вафот этган одамнинг йиғлаши, қайғуга ботиши фитратдан. Лекин кўзлар ёш тўкса ҳам, Аллоҳга исён бўладиган гап-сўзлардан тийилиш керак. Зеро, барчамиз Аллоҳникимиз ва эрта ёки кеч  албатта,яна Унга қайтамиз.

Савол: Ўлик чиққан хонадон аёллари бир йил давомида “аза кийими”ни кийиб юришади. Динимизда азадорликнинг муддати қанча?

Жавоб: Динимизда аза муддати уч кун. Эри ўлган аёлнинг аза (идда) муддати тўрт ою ўн кундир (“Фатовойи Оламгирия”).Динимизда махсус аза кийими йўқ. Фақатгина эри ўлган аёллар азадорлик муддатида ўзига зеб бермай, одми кийиниб юришлари лозим бўлади.

Савол:Опам кўпинча боши оғриб, кўнгли ғаш бўлиб, сиқилиб юради. Қори буванинг олдига дам солдиришга борган эди, опамнинг ҳомиладорлигини билиб, дам солишга унамабди, агар дам солса, боласи тушиб қолармиш. Шу тўғрими?

Жавоб:Йўқ. Ҳомиладор аёлга Қуръон суралари ва машруъ дуоларни ўқиб дам солиш фақат фойда беради. Чунки ундан аёлнинг ўзи ҳам, унинг қорнидаги фарзанди ҳам баҳраманд бўлади.

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД

ёзиб олди.