Тафаккур ҳам ибодат, дейдилар. Мен кўпинча дунёда бўлаётган зиддиятлар, Яқин Шарқдаги хунрезликлар, энг даҳшатлиси мусулмон мусулмонни қирғинбарот қилаётгани ҳақида алам билан ўйга толаман. Бугун ер юзининг қайси нуқтасида бирор қўпорувчилик ҳаракати юз берса, деярли барча ҳолатда уни содир этган шахс мусулмонча исми-шарифга эга бўлиб чиқади. Эндиликда “мусулмон террорчилар”, “Исломчилар” деган иборани Ғарб ва умуман, номусулмон ОАВнинг “ҳузур қилиб чайнаши”га ҳам анча кўникиб қолдик. Уларга Исломнинг тинчлик дини экани, унинг инсонпарвар таълимотларини нотўғри талқин қилган ёки ғаразли мақсад билан Ислом номини ниқоб қилаётганлар сабабли Ислом дини ва миллардлаган мусулмонларни ёппасига қоралаш тўғри эмаслигини минг тушунтирманг, барибир бефойда.

Интернет оммалашиши билан ахборот майдони мислсиз ортди. Энди одамларнинг онги, қалби учун курашлар авжига чиқди. Энг замонавий ҳарбий техикалар, қуроласлаҳалар мафкуравий хуруж олдида ортиқ “ип эшолмай” қолди. Бошқача айтганда, энди бирор халқни, бирор ҳудудни эгаллаш учун, унга уруш эълон қилиш, майдонларни тўлдириб аскар юборишга ҳожат йўқ, биргина одам ёки кичик гуруҳ компьютер қаршисига ўтириб барчасини бошлаб бериши мумкин. Уларнинг ҳам ўз қуроллари бор. Оммавий маданият, шахс эркинлиги ҳақидаги жозибадор шиорлар, тўкин ҳаёт ҳақидаги чўпчаклар, мансабнинг юқори чўққиларини ваъда қилиш... хуллас кимни нима қизиқтирса, ўша билан алдаш. Қолганини ўша халқнинг ғўр ёшлари, манфаатига қул, калтабин фуқаролари давом эттиришади. Бунинг исботини Яқин Шарқдаги “Араб баҳори” деб аталган сиёсий-ижтимоий ихтилофлар мисолида кўрдик.

Шукрки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Юрдошларимиз ислоҳотлар, янгиланишлар ва тараққиётнинг янги марраларини эгаллаш борасида қилинаётган давлат миқёсидаги режаларни ўзаро муҳокама қилиш, бир-бирини суюнчилаш билан банд.Аммобу хунрезликлар биздан олисда деббепарво қараш, лоқайдликка берилиш – нодонлик!

Интернет ва ахборот асри деб аталган замонамизда бундай бузғунчиликнинг тарқалишига, афсуски, қарши туролмаймиз, йўлини тўсолмаймиз. Президентимиз таъкидлаганларидек, мафкуравий бўшлиқ деган нарса бўлмайди. У албатта, тўлдирилади. Хўш, унда нима қилиш керак?Бу иллатларга қарши миллий-маънавий меросимиз, ҳаётбахш қадриятларимиз ягона қалқонимиз бўла олади.Биз ана шу ўлмас қадриятларимизни ёшлар онгига сингдиришда айни душман каби таъсирчан услублардан фойдалансак, самара кутганимиздек бўлади.Ёшлар онгини диний ва миллий қадриятларимиз асосида шаклланган мафкура билан тўлдира олсак, уларга ҳеч қандай ташқи куч таҳдид сола олмайди. Бу эзгу ишларни амалга ошириш эса, фақатгина имом-хатиблар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва соха мутахассиларининг эмас, балки ўз фарзандининг эртанги куни учун қайғурадиган ҳар бир ота-онанинг бирламчи вазифаси бўлмоғи лозим, деб ўйлайман.

Собиржон РОЗИҚОВ,

Қибрай тумани