Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли фатво ҳайъати аъзолари!

Савол:Маълумки, ҳозирда чопэтилган Мусҳаф нусхаларининг деярли барчасида “Бисмиллоҳ...” Фотиҳа сурасининг биринчи ояти деб кўрсатилган. Тиловат қилмоқчи бўлган одам Қуръоннинг ҳурмати учун “Аъузу...” ва “Басмала” билан бошлаши кераклиги айтилади. Демак, Фотиҳа сурасини намозда ёки бошқа ўринларда ўқиганда “Аъузу...”дан кейин “Басмала” икки марта айтилар эканда?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд... Сиз айтганингиздек, янги чоп этилаётган баъзи Мусҳафларда “Бисмиллоҳ” Фотиҳа сурасининг биринчи ояти сифатида белгиланган. Чунки Макка ва Куфа қорилари “Бисмиллоҳ”ни “Фотиҳа” ва бошқа барча суралардан бир оят деб ҳисоблашади.Имом Шофиъий ана шунга асосан “Басмала”ни намозда овоз чиқариб айтади. Аммо Басра ва Шом қорилари “басмала”ни“Фотиҳа” ва бошқа суралардан оят эмас, балки сураларни бир-биридан ажратиш ва табаррук юзасидан суралар бошида ёзилган, дейишади. Имом Аъзам мазҳабларида ана шунга асосан, “басмала” намозда ҳар бир ракатнинг бошида хуфия (овоз чиқармай) айтилади (“Муҳийт”, “Татархонийя”). Фотиҳадан кейин, замсурадан олдин эса “Басмала” айтилмайди. (“Виқоя”, “Жавҳаратун наййира”). “Басмала”ни замсура ниятида ўқиш макруҳдир. Фарз намозларда фақат “Басмала”нинг ўзини айтиш билан қироат шарти адо этилган бўлмайди (“Жавҳаратун наййира”).

Намозда ёки бошқа ўринларда Фотиҳа сурасини тиловат қилмоқчи бўлган одам “Аъузу...” дан кейин “Басмала”ни фақатбир марта айтади.

Савол:“Ҳидоят” журналининг сонларидан бирида таҳоратнинг фарзлари саналиб, охирида бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш айтилган. Олдин оёқ ювиладими ёки бошга масҳ тортиладими?

Жавоб:Журналнинг сиз ўқиган сонида таҳорат ҳақида умумий сўз юритилган.Таҳорат олиш тартиби кейин баён этилган. Таҳорат олишда бошнинг тўртдан бирига масҳ тортилганидан кейин, охирида оёқлар тўпиғигача ювилади.

Савол: Биз Навоий вилоятининг Нурота туманида яшаймиз. Менинг бир дўстим бор. Ўзи ҳам, оиласи ҳам зиёли одамлар. У ҳар йили Рамазон ойида рўза тутади. Аммо оғиз очилгач, кечқурун спиртли ичимликлар ичади. Мен унга бу иши тўғри эмаслигини тушунтирмоқчи бўлсам, у: “Рамазон ойида кундузи рўза тутгач, кун ботганидан тонг отгунича нима иш қилсанг ҳам мумкин!” дейди. Дўстимнинг шу иши динимизга зид эмасми?

Жавоб: Дўстингиз Рамазон рўзасини тутгани яхши, Аллоҳ қабул қилсин! Аввало,ҳеч бир зиёлиундай демайди ва ундайқилмайди. Дўстингизнинг айтгани хато, қилган иши динимизга зиддир. Аллоҳ ақлни кетказувчи, маст қилувчи барча нарсаларнинг истеъмолини тақиқлаган ва бу тақиқ барча замон ва маконлар, ҳар бир мусулмонга тегишлидир. Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқдир. Аллоҳ ҳаром қилганни ҳалол дейиш, ҳалол қилганни ҳаром санаш билан киши имонидан ажралади.

Савол:Мен, Аллоҳга шукр, олдиндан намозларимни ўқиб келаман. Лекин ўртада инсультга чалиниб, чап томоним ишламай қолди. Таҳорат қила олмаяпман. Айтингчи, мен қандай намоз ўқисам бўлади? Илтимос, йўл кўрсатинг!

Жавоб:Аллоҳ дардингизга шифо берсин ва дардингизга сабрингиз эвазига беҳисоб ажру савоблар ато этсин.

Агар ўзингиз таҳорат қилолмасангиз, аҳлингиз ё фарзандларингиз сизга таҳорат қилдириб қўйишларига динимиз рухсат беради. Агар бунинг ҳам иложи бўлмаса, таяммум қилиб намозни адо этинг. Аллоҳ таоло биз бандаларига ғоят меҳрибондир ва бизга осонликни, қулайликни хоҳлайди. Банда намозда қайси бир рукнни адо этишга кучи етмаса, ундан ўша рукн соқит бўлади (“Фатовойи Қозихон”). Масалан, тик туриб намоз ўқишга кучи етмаган киши ўтира олса, намозини қандай қулай бўлса, ўшандай ҳолатда ўтириб адо этади(“Сирожул ваҳҳож”).

Пешонаси ва бурнида сажда қилишга моне бўладиган даражада яраси бўлган ёки эгилса касаллиги кучайиши аниқ бўлган, ёхуд сажда қилишга кучи етмайдиган киши намозларини ерда ўтирган ҳолда, имо-ишора билан ўқийди. Оёқда туришдан, рукуга эгилиш ва сажда қилишдан ожиз киши намозини ўтириб ўқишга кучи етса, ўтирган ҳолда, имо-ишора билан ўқийди. Сажда пайтида рукудагидан кўра кўпроқ эгилади (“Қозихон”).

Агар ўтириб ўқишга ҳам кучи етмаса, тепага қараб ётади ва оёқларини қибла тарафга узатади ва бошининг остига ёстиқ қўйилади. Шу тариқа, руку ва саждаларни имо-ишора билан адо этади (“Фатовойи Оламгирийя”).

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД

ёзиб олди.