Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Савол: Ислом тарихига доир китобларни ўқиганда “фитрат замони” ҳамда “фитрат аҳли” деган ибораларга дуч келиб, маъносини тушунолмадим. Илтимос, ана шулар ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: “Фитрат” (ёки “фатрат”) сўзи луғатда бирор вақт оралиғи маъносида ишлатилади. Уламолар истилоҳида эса у икки пайғамбар келган пайт ўртасидаги даврни ифодалайди.

Бу сўз, хусусан, Исо ва Пайғамбаримиз Муҳаммад пайғамбарлик даврлари оралиғидаги вақтга нисбатан қўлланади. Ана шу пайтларда яшаб ўтган инсонлар “фитрат аҳли” – узилиш даврида яшаганлар, деб номланади. Баъзи уламоларнинг фикрича, Расулуллоҳ пайғамбар этиб юборилганларидан кейин дунёга келиб, кимсасиз ерларда, якка-ёлғиз ҳолда тоғларда яшаб, Ислом хабарини эшитмаганлар ҳам фитрат даврида яшаган инсонлар ҳукмидадирлар.

Бу ҳолатдаги инсон мотуридийлик ақидасига кўра, фақат ўзининг ва оламнинг Яратувчиси борлигини идрок қилиши керак. Имоннинг бошқа шартлари, ибодатлар ва Ислом ҳукмларини ақл билан топиб бўлмагани боис улардан масъул бўлмайди.

Ашъарийликка кўра эса, бундай одам Аллоҳ таолонинг борлигига имон келтирмаса ҳам нажот аҳлидан бўлаверади. Аммо кўпчилик уламолар мотуридийлик қарашларига қўшилганлар.

 

Савол: Жаноза намози ташқарида ўқилганида жойнамоз солиб ўқиш керакми?

Жавоб: Шарт эмас. Аммо жаноза намози ҳам намозлигини эътиборда тутиб, адо этиладиган жойнинг поклиги шарт қилинган. Шунга кўра, жойнамоз солинмаса ҳам, турган ерингиз ва оёқ кийимингиз пок бўлиши керак. Оёқ кийимни ечиб, устига туриб олиш тавсия этилади.

 

Савол: Қазо намозларни қайси пайт ўқиган маъқул?

Жавоб: Аслида намозларни иложи борича ўз вақтида адо этишга ғайрат қилиш керак. Инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно. Энди ана шу ҳолатлар сабаб намоз қазо бўлиб қолса, уларни адо этишга маълум бир вақт ажратилмаган. Аммо куннинг уч вақтида ўқиб бўлмайди. Булар кун чиқаётган, қуёш тиккага келган ва кун ботаётган вақтлардир (“Баҳрур роиқ”).

 

Савол: Жума намозига келган одам таҳиятул масжид намозини қай маҳал ўқийди?

Жавоб: Бизнинг мазҳабимизда масжидга кирганида ўтирмасдан олдин икки ракат таҳиятул масжид намозини ўқиш нафл ибодатдир. Аммо масжидда фарз намозини ўқиган киши айни пайтда таҳиятул масжидни ҳам адо этган ҳисобланади. Жума куни масжидга келган одам таҳиятул масжидни ўқимоқчи бўлса, имом хутба ўқиш учун минбарга чиқишидан олдин ўқиб олиши керак. Хутба бошланганидан сўнг нафл намозлари ўқиш макруҳдир (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Намозда “Фотиҳа”дан сўнг замсура ўқишдан олдин “Бисмиллоҳ”ни айтса намоз бузиладими?

Жавоб: Абу Юсуф сўзларига кўра, “Бисмиллоҳ” намозда ҳар бир ракатнинг бошида ўқилади (“Муҳит”). Фатво ҳам шунга кўра берилган (“Татархония”). “Фотиҳа” билан замсура орасида эса “Бисмиллоҳ” айтилмайди (“Виқоя”, “Ниқоя”). Аммо айтилса, намоз бузилмайди.

 

Савол: Мусулмон эр ёки аёл билан бошқа динга эътиқод қилувчи шахс никоҳланиши мумкинми?

Жавоб: Мусулмон эркак фақат аҳли китоб (насроний ёки яҳудий) аёл билан никоҳланиши жоиз, аммо муслимага уйлангани яхшидир. Чунки кўпчилик фақиҳлар, жумладан, Абу Ҳанифа бундай никоҳни макруҳ деганлар. Ушбу динлардан бошқасига эътиқод қилувчилар билан никоҳланиш тақиқланган. Муслима аёлнинг бошқа диндаги эр билан никоҳланиши мутлақо мумкин эмас. Яъни никоҳланиши учун у эрлар Ислом динини қабул қилишлари шарт (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Ёмон хаёлларни ўйлаш гуноҳми?

Жавоб: Дастлаб бу нарса гуноҳ бўлган. Чунки Пайғамбаримизга “...Ичингиздаги нарсани ошкора қилсангиз ёки яширсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни у билан ҳисоб-китоб қилур...” (Бақара, 284), ояти нозил бўлган. Шунда саҳобалар Пайғамбаримизнинг олдиларига келиб, “Қўлимиз, оёғимиз ва тилимиз билан қилган гуноҳларимизга тавба қиламиз, аммо васваса (ёмон хаёл)дан ўзимизни қандай тия оламиз, зеро, хаёл суриш инсоннинг ихтиёридан ташқари ҳолат-ку”, деб шикоят қилишади. Шунда Аллоҳ таоло: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди...” (Бақара, 286) оятини тушириб, мўминларни бу юкдан халос қилди (“Тафсири Табарий”). Яъни, энди мўминлар мияларидан ихтиёрсиз кечадиган ёмон ўй-хаёллари сабабли, то уларни тилга чиқармагунларича ёки ўшани қилмагунларича сўроққа тутилмайдиган бўлишди. Лекин мусулмон одам иложи борича доим яхши нарсалар ҳақида ўйлаши, бўлмағур хаёллар миясига келганида зикр, тасбеҳ, салавот ва истиғфор айтиб, уларни ҳайдаши керак.