Кўнгил хотиржам, ғам-андуҳлардан йироқ, руҳингиз тетик, қалбингиз оромда бўлишини хоҳласангиз қуйидагиларга эътиборли бўлинг:

1. Ёмон инсонлардан узоқ юрмоқ. Токи “касалликлар”и сенга ҳам ўтмасин. Зеро, руҳ шамол кабидир. Агар хушбўй нарсаларнинг устидан эсиб ўтса, ҳиди ҳам хушбўй бўлади ва аксинча. Қалб тоза руҳли, одамохун кишилар суҳбатида баҳра топади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек: Яхши ўртоқ мушк-анбар соҳиби, ёмони эса олов пурковчи темирчи босқони кабидир. Мушки анбар эгаси ё бу хушбўйликдан бир миқдорини сенга ҳадя этади, ёки сен ундан харид қиласан, ёхуд уни ҳидлаб фойда оласан. Аммо темирчи босқонидан чиқаётган аланга ё сенинг кийимингни ёндиради, ҳеч бўлмаса унинг бадбўй ҳидидан ҳидлашга мажбур бўласан.

2. Жунуб бўлган ҳолда ётиб ухламаслик.

3. Ҳамиша таҳоратли бўлмоқ. Зеро, таҳорат энг асосий исломий тамойиллардан биридир. Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: Етти кунда бир марта ғусл қилиб, бош ва бутун жасадни ювмоқлик ҳар бир мусулмон учун зарур бўлган амаллардандир. Ҳар бир руҳ таҳоратсизлик ва жунублик ҳолатидан нафратланса, таҳоратли ҳолидан масрур ва хушнуд бўлади ҳамда енгил тортади.

4. Нафсни сўроққа тутмоқ. Уни Аллоҳ ва Расулининг йўлидан юрмоқликка даъват этмоғинг даркор. Шайх ибн Арабий дейдики, шайхларимиз кундалик амал ва гапирган сўзларининг ҳисобини қилиб, дафтарларига қайд этиб боришарди. Кечқурун, хуфтон намозидан кейин эса дафтарларидаги қайдларни кўздан кечирарди. Агар кун бўйи қилинган амаллар истиғфор талаб этса, истиғфор айтишар, тавба қилинмоғи лозим бўлса тавба, шукр керак бўлса, Аллоҳга шукрлар айтиб, сўнгра ётишарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб шундай дейдилар: Киши дўстини сўроққа тутгани каби ўз нафсини тергаб, еб-ичаётганларининг қаердан келаётганлигини сўрамагунча муттақий бўлолмайди”.

5. Ҳар кунги амалларни назорат қилмоқ. Эътибор бергин-чи, хайрли амалларинг кўпмикан ё ҳайвоний – ёмон амалларингми?

6. Қаҳқаҳа отиб кулмоқни тарк этмоқ. Шундан бўлса керакки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баланд овозда кулишдан қайтариб, аксинча мулойим табассум қилишга чақирганлар. Аслида, қаҳқаҳа ифрот, қовоғи осиқлик эса тафритдир.

7. Кунда фақат саккиз соат ухлашга одатланмоқ. Чунки кўп ухламоқлик ҳам инсондаги ижобий сифатларни ўлдиради, уни танбал қилади, ҳайвоний сифатларига куч бағишлайди.

8. Ўзингни кам гапиришга ўргатгин. Зеро, лақмалик – калтафаҳмлик белгиларидан бўлиб, “етти ўлчаб бир кесмоқлик”ка халал беради. Шошма-шошарлик ҳам ана шу ердан майдонга чиқади. Буни ҳамиша ёдингда тутгин.

9. Қорин очмагунча овқатланмаслик, тўймасдан дастурхон бошидан туриб кетмаслик.

10. Овқатланишдан олдин: "Бисмиллоҳ", еб бўлгач: "Алҳамдулиллаҳ", дейиш.

11. Овқатланишга ўтирганингда ўнг тиззанг қорнингга тегадиган даражада тик бўлсин, чап оёғинг устида ўтир ва ўнг қўлда егин.

12. Кўзингни аёлларга қараш, уларнинг "чиройли" сувратини томоша қилиш каби ҳаром манзаралардан асрамоғинг зарур. Бу каби нарсалар инсондаги шаҳват унсурини ғалаёнга келтиради, ақл чироғини сўндиради ва ҳаё пардасини йиртади. Охир-оқибатда эса ғазабга учрайдиганлардан бўлиб қоласан.

13. Ўринсиз ҳазил-мутойиба ва мунозалардан узоқлашмоқ. Чунки улар инсон руҳига олчоқлик ва бировни мазах қилиш туйғусини жойлаштириб қўяди. Энг зарур бўлган виқор  ва шахсиятнинг камол топишига халал беради. Эй, иршод талабидаги қардошим! Юқорида санаб ўтганларимизнинг ҳаммаси ман қилинган амаллардир. Ҳа, улардан узоқлашмоғинг даркор. Зеро, булар инсон шахсиятини йўқ қилиб, изтироб алангасига отади, уни масъулиятсиз бир ҳолга келтириб қўяди.

"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (ўксинманг)" китобидан