Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимов жавоб беради

 Ҳурматли журналхон! “Ҳидоят” таҳририяти 2012 йил “Сўраган эдингиз” рукни остида Сизни қизиқтирган диний мазмундаги саволларга жавоб беришни режалаштирди. Энди Сиз барча саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфтий Усмонхон Алимовдан батафсил ва тўғри жавоб олишингиз мумкин. Бунинг учун саволларнингизни мактуб шаклида таҳририятимиз манзилига ёки Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра. электрон манзилимизга юборсангиз кифоя.  Унутманг, Сизни қийнаётган ва ҳақиқий воқеликда кўп дуч келинадиган масалалар юзасидан саволларингиз жавобсиз қолмайди. Жавоблар “Ҳидоят”нинг ҳар сонида бериб борилади.

Савол: Мен бир куни намоз ўқиётиб, бехосдан кулиб юбордим. Танишларимдан бири кулиш таҳорат ва намозни бузади, деб айтди. Шу тўғрими?

Жавоб:Ҳар қандай кулиш ҳам таҳорат ва намозни бузмайди. Ҳар қандай кулиш дейишимиз сабаби:

Кулиш уч хил бўлади: Қаҳқаҳа, зеҳк ва табассум.

Ўзи ва ёнидаги одам эшитадиган даражада кулиш қаҳқаҳа дейилади.

Фақат ўзи эшитадиган кулги зеҳк дейилади.

Табассум, жилмайишдир. Уни кишининг ўзи ҳам, ёнидагилар ҳам эшитмайди (“Зоҳирийя”).

Қаҳқаҳа намоздан ташқари ҳолатда таҳоратни бузмайди. Намоз ўқиётгандаги қаҳқаҳа, намозни ҳам, таҳоратни ҳам бузади.

Намоз ичидаги зеҳк намозни бузади, таҳоратни бузмайди.

Табассум намозни ҳам, таҳоратни ҳам бузмайди (“Фатавои Ҳиндийя”).

Тиловат саждаси ёки жаноза намозидаги қаҳқаҳа тиловат саждаси ва жаноза намозини бузади, лекин таҳоратни синдирмайди (“Фатавои Қозихон”).

 

Савол: Намозда қаҳқаҳа отиб кулиш таяммум ва ғуслни бузадими?

Жавоб: Қаҳқаҳа намозда таҳоратни бузганидек, таяммумни ҳам бузади. Ғуслни эса бузмайди. Аммо қаҳқаҳа тўрт аъзонинг таҳоратини бузади, дейилган. Шунга кўра, ғусл қилган киши намозда қаҳқаҳа отиб кулса, намози бузилади. Янгидан таҳорат олмай туриб, намоз ўқиши жоиз эмас (“Муҳийт”, “Татархонийя”).

 

Савол: Кўпинча таҳорат олиб бўлганимдан кейин бирор аъзоимни ювдимми, йўқми, деб шубҳага тушиб қоламан. Бундай пайтда нима қилишим керак?

Жавоб: Қоидага кўра, бундай пайтда бу биринчи шубҳа бўлса, фақатгина ўша аъзонинг ўзи ювиб қўйилади. Аммо бундай ҳолга кўп тушадиган киши, шубҳаларга эътибор бермайди (“Фатавои Ҳиндийя”).

 

Савол: Мен баъзида таҳора­тим бузилдими-йўқми, эслолмай қоламан. Шунда қандай йўл тутай?

Жавоб: Аниқ-равшан таҳорат олган киши кейинроқ таҳорати бузилиб-бузилмагани хусусида шубҳаланиб қолса, таҳоратли ҳисобланади. Таҳоратсиз бўлатуриб, таҳорати бор-йўқлиги ҳақида иккиланиб қолган кимса таҳоратсиздир (“Хулоса”).

 

Савол: Ғуслнинг бир неча тури бор дейишди. Ғусл бутун баданни ювиш эмасми, унинг яна қандай турлари бўлиши мумкин?

Жавоб: Тўғри, ғусл бутун баданга сув етказиб, ишқалаб ювишдир. Аммо, ҳукми жиҳатидан унинг тўққиз хил тури бор. Ғусл қуйида кўрсатилганидек, уч ҳолда фарз, бир ҳолда вожиб, тўрт ҳолда суннат ва битта ҳолда мустаҳаб бўлади.

Фарз бўлган ғусллар:

1. Жанобатдан ғусл қилиш;

2. Ҳайз тўхтаганидан сўнг ғусл қилиш;

3. Нифос тўхташидан сўнг ғусл қилиш;

Вожиб бўлган ғусл:

1. Марҳумни ғусл қилдириш (ювиш) (“Ал-Мабсут”).

Шунингдек, жунуб бўлган ғайридин мусулмон бўлса ғусл қилиши вожиб (“Зоҳирур ривоя”). Аммо ҳайзи тўхтаган ғайридин аёл мусулмон бўлса, ғусл қилиши вожиб эмас. Эҳтилом билан балоғатга етган ўсмир ва ҳайз кўриш билан балоғатга етган қиз ҳайзи тўхтагач, ғусл қилиши вожибдир (“Зоҳидий”, “Фатавои Қозихон”).

Суннат бўлган ғусллар:

1. Жума (жума намози учун) куни ғусл қилиш;

2. Ҳайит кунлари ғусл қилиш;

3. Арафа куни ғусл қилиш;

4. Эҳромга кираётиб ғусл қилиш.

Мустаҳаб бўлган ғусл:

Жунуб бўлмаган ғайридин мусулмон бўлса ғусл қилиши (“Муҳит”).

Бундан ташқари, Мандуб ғусллар ҳам бор. Уларга қуйидагилар киради: Макка ва Мадинага кириш учун ғусл қилиш; Муздалифада туриш учун ғусл қилиш; жиннилик билан хасталанган соғайганида ғусл қилиши; балоғат ёшига етган, лекин эҳтилом бўлмаганнинг ғусл қилиши (“Табйин”).

Ғусл қилишни намоз вақтига қадар кечиктирса гуноҳкор бўлмайди (“Муҳийт”).

Савол-жавобларни Содиқ НОСИР ёзиб олди.