Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

 

Савол: Мен рамазон ойидан бошқа ойларда ҳам рўза тутмоқчиман. Лекин баъзи кунларда рўза тутиш макруҳ экан. Шу ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз.

Жавоб: Рамазон ҳайитининг биринчи куни ва қурбон ҳайитининг тўрт кунида, шак (шаъбон ойининг охиргисими ёки рамазоннинг биринчисими экани тўғрисида иккиланиб қолинган) кунининг ўзида, ашуро кунининг ўзида рўза тутиш макруҳдир. Шунингдек, бутун йилни рўза тутиб ўтказиш, саҳарлик ва ифторлик қилмасдан рўза тутиш, сукут рўзаси тутиш (яъни, рўзадорлик пайтида кун бўйи гапирмаслик) ҳам макруҳдир. Бундан ташқари, агар қийинчилик бўлса, арафа куни Арафотдаги ҳожиларнинг рўза тутишлари ҳам макруҳ, дейилган (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Маълумки, бу йилги рамазон ёзнинг энг иссиқ кунларига тўғри келади. Рўзадор одам куннинг ўртасида бир оз салқинланиш мақсадида устидан сув қуйиб олса бўладими?

Жавоб: Салқинланиш ниятида устидан сув қуйиш макруҳдир. Агар томоқ ва олд-орқа йўллардан ичга сув кетиб қолса, рўза бузилади.

 

Савол: Узр, бир оз одобдан ташқари бўлса ҳам, зарурат юзасидан сўрашга мажбур бўлдим: рўзадор одам мустаҳаб қилишда ҳам эҳтиёт бўлиши керак, деб эшитдим, шу тўғрими?

Жавоб: Аввало бир нарсани тўғри тушуниб олайлик, шариат қоидаларини билиш, дин илмини ўрганиш учун савол бериш одобсизлик бўлмайди. Чунки бу илмлар ибодатларнинг тўғри бажарилиши ва қабул бўлиши учун муҳимдир. Халқ орасидаги машҳур “Шариатда шарм йўқ” деган ибора шу маънода ишлатилади. Энди саволингизга келсак, ҳақиқатда, рўзадор одам мустаҳаб пайтида сувни кўп ишлатмаслиги ва мустаҳаб қилаётганида нафас олмай туриши керак. Акс ҳолда, орқадан ичга сув кетиб қолиши, натижада рўза бузилиши мумкин (“Муҳийт”, “Баҳрур роиқ”).

 

Савол: Менинг милкларим кўпинча қонаб туради. Бунинг таҳоратга таъсири борлигини биламан. Айтинг-чи, рўзага зарари йўқми?

Тишлар орасидан чиққан қон томоққа кетиб қолса, қаралади: агар қон тупукдан кам бўлса, рўза очилмайди. Бироқ қон тупук билан тенг ёки ундан кўпроқ миқдорда бўлса, рўза очилади (“Зоҳирия”, “Фатовойи Қозихон”).

 

Савол: Рамазон ойида тиши оғриб қолган одам муолажа ва оғриқ қолдириш мақсадида укол олса, рўзаси бузиладими?

Жавоб: Киши ана шундай ноқулай вазиятда қолмаслиги учун рамазон ойи киришидан олдин ўзига бир қараб, керакли муолажаларни олиши керак. То бу баракотли ой шарофатидан тўлиқ баҳраманд бўла олсин, унинг ибодат қилиш завқига ҳеч қандай қийинчилик халақит бермасин. Шундай бўлса ҳам, рамазон ойида бирдан тиши оғриб, укол олган кишининг рўзаси бузилади ва кейин ўша кун учун бир кун қазо тутиб беради (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Рамазон кунларидан бирида ёққан ёмғирда юрган одамнинг оғзига бир-икки томчи ёмғир суви кириб кетса, рўзаси бузиладими?

Жавоб: Агар ўша одамнинг ихтиёридан ташқари, бехосдан сув кириб кетса, рўзаси бузилади ва қазо (бир кунга бир кун) тутиб беради. Борди-ю, ёмғир сувини қасддан ютса, унга ҳам қазо ҳам каффорат лозим бўлади. Яъни, бу одам бузилган рўзаси учун бир кун тутиб беришдан ташқари, жарима сифатида икки ой кетма-кет рўза тутиб бериши, бунга қурби етмаса, олтмишта мискиннинг бир кунлик таомини садақа қилиши керак бўлади (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Масжидларда ёки жойнамоз устида овқат еса бўладими?

Жавоб: Масжидларда дунёвий гапларни гапириш, ибодатга тегишли бўлмаган ишлар қилиш, жумладан, овқатланиш макруҳ бўлади. Аммо эътикофда ўтирган кишининг масжидда таомланиши жоиз. Шунингдек, масжиднинг хонақоҳдан бошқа идоравий хоналарида овқатланишнинг ҳам зарари йўқ.

 

Савол: Ота-онаси рози бўлмаган кишининг намоз, рўзаси қабул бўладими?

Жавоб: Динимизда ота-онани норози қилиш у ёқда турсин, раъйларини қайтариш, уларга ёқмайдиган гапларни айтиш ва ҳатто ёнларида “уф” тортишдан ҳам қайтарилган. Уларнинг хизматларида шай туриб, ҳақларига доимо дуо қилиб туришимиз буюрилган. Ҳадиси шарифларда жаннат оналар оёғи остидалиги, ота-онага яхшилик қилиш энг яхши амалларданлиги, отанинг розилиги Аллоҳ таолонинг розилиги, отанинг ғазаби Аллоҳ таолонинг ғазаби экани баён этилган. Борди-ю, ана шундай ҳолат юз берган бўлса, тезлик билан уларнинг кўнгилларини олиб, розиликларига эришиш пайидан бўлиш керак. Бу ҳолат ўқилган намоз, тутилган рўза ва бошқа ибодатлар қабулига таъсир кўрсатмайди. Чунки булар банда зиммасидаги алоҳида-алоҳида вазифалар бўлиб, бажара олмаган бир амали учун ўтаган бошқа ибодатлари қайтарилмайди. Лекин бўйнида банданинг, хусусан, ота-онанинг ҳақини адо қилмай вафот этган одам ҳақдорлар рози бўлмагунича жаннатга кирмайди.