Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

 

Савол: Кўз ёши ёки юздан оққан тер оғиз ичига кирса, рўзага таъсир қилмайдими?

Жавоб: Кўз ёши рўзадорнинг оғзига жуда кам миқдорда, яъни бир ё икки қатра миқдорича кирса, унинг рўзасини бузмайди. Аммо ундан кўп бўлиб, оғизнинг ҳамма жойида унинг шўр таъми сезилса, рўзани бузади. Юздан оққан тер ҳам шунга ўхшаш бир ё икки томчидан кўпи оғизга кирса, рўзани бузади ("Фатавойи ҳиндия", "Хулоса").

Савол: Кўзи оғриган киши кўзига бирон дори томизса, рўзани бузмайдими?

Жавоб: Кўзи оғриган киши кўзига бирон дори томизса рўзаси бузилмайди. Ҳатто томизилган дорининг таъми ҳалқумида сезилса ҳам ёки туфлаганида сурма ёки бош­қа дорининг ранги билинса ҳам рўза бузилмайди ("Фатавойи ҳиндия", "Захира").

 

Савол: Тиш милкларидан чиққан бир-икки қатра қонни ютиш билан рўза бузилмайдими?

Жавоб: Милкдан чиққан қон рўзадорнинг ҳалқумига кирса, агар тупук қондан кўп бўлса, рўзага зарар қилмайди. Агар тупукдан кўра қон кўп бўлса, яъни тупук қизил бўлса, рўза бузилади. Тупук билан қон миқдори тенг бўлса ҳам рўза бузилади ("Фатавойи ҳиндия", "Шарҳул Виқоя").