Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

 

Савол: Муҳтарам муфтий ҳазратлари! Рўзада бериладиган фитр садақаси ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Фитр садақасининг бериш шарти қурбонлик қилишнинг шарти билан бир хил. Яъни, ҳожати аслия (бирламчи эҳтиёжи)-дан ташқари кумуш нисоби миқдоридаги ҳар қандай кўринишдаги молга эга бўлган мусулмон фитр садақаси бериши вожибдир (“Мухтор шарҳи Ихтиёр”). Бу мол ўсиб (кўпайиб) туриши ва бир йил мобайнида камаймаслиги шарт эмас.

Фитр садақаси ушбу тўрт нарсадан берилади: буғдой, арпа, хурмо (араб хурмоси), майиз (“Хизонатул муфтий”, “Шарҳи Таҳовий”).

Фитр садақаси буғдойдан ярим соъ, арпа ва хурмодан бир соъ миқдорда берилади. Буғдой ва арпанинг уни ҳам худди буғдой ва арпа кабидир. Майиздан эса, Абу Ҳанифа ва икки Имомнинг тўхтамларига кўра, бир соъ миқдорида садақа берилади.

Буғдойдан кўра унни садақа қилиши афзал, унни бергандан эса, пулини берган яна ҳам яхшироқдир. Чунки пул камбағалнинг ҳар турли эҳтиёжини қондиради. Фуқаҳоларнинг фатволарига кўра, айтиб ўтилган нарсаларнинг ўзи эмас, балки уларнинг қийматини бериш авлодир.

Бу айтилган миқдор ҳар бир жон боши учундир, оилада нечта одам бўлса, шунга қараб ҳисобланади (“Фатавои Ҳиндия”).

 

Савол: Динимизда “ҳожати аслия”, “нисоб миқдори” дейилганида айнан нималар назарда тутилади?

Жавоб: “Ҳожати аслия”, кишининг бирламчи эҳтиёжини қондирадиган нарсалардир. Буларга ичида яшаётган уйи, бир сидрадан ёзги ва қишки кийимлари, зарурий уй жиҳозлари, олтин ва кумушдан ясалмаган идиш-товоқлар, битта улов, иш қуроли, оила аъзоларининг озиқ-овқати киради (“Айний шарҳи Ҳидоя”).

“Нисоб миқдори” деганимизда, ана шулардан ортиқча молларнинг маълум миқдорга етиши тушунилади. Мисол учун:

олтин: 20 мисқол (80.18 гр.);

кумуш: 200 дирҳам (561 гр.);

пул: олтин ёки кумуш нисоби баҳосига тенг бўлганида.

Тижорат моллари: олтин ёки кумуш нисоби баҳосига тенг келганида.

Қўй ва эчки: қирқтага етганида.

Мол: сигирлар сони ўттизтага етгач.

Туя: бештага етганида (“Фатавойи Ҳиндия”).

 

Савол: Шариат бўйича, бойларнинг ҳам турлари бўларкан. Шу ҳақда билмоқчи эдим.

Жавоб: Фуқаҳоларимиз далиллар асосида бойларни уч тоифага бўлганлар:

1. Моллари нисобга етиб, бир йил мобайнида ўсиб турган, закот, фитр садақаси ва қурбонлик қилишлари вожиб бўлган бойлар. Уларга бошқаларнинг вожиб садақасини олиш ҳаром бўлади.

2. Моли кумуш нисобига етган, аммо бунга ҳали бир йил тўлмаган ёки ўсиб турмайдиган молга эга шахслар. Улар фитр садақаси беришлари ва қурбонлик қилишлари вожиб. Шу билан бирга, улар ҳам вожиб садақаларни олишлари мумкин эмас.

3. Моли кумуш нисобига етмаган, ўзини ва оиласини таъминлашга қодир кишилар. Булар ҳар қандай садақани олишлари мумкин.

 

Савол: Биз томонларда ўликни ювгач, иягини ва оёқларининг бош бармоғини боғлашади, шу тўғрими?

Жавоб: Нотўғри. Тўғриси эса бундай: киши ўлгач, кўриниши хунук бўлмаслиги учун, энли мато билан жағининг остидан бошининг устига қаратиб боғланади, кўзлари ёпилади. Қўлларини узатиб, бармоқлари ёзилади. Оёқларини тўғри узатилади. Бу ишни марҳум оиласидан энг раҳмдил киши ўта мулойимлик билан бажаради (“Жавҳаратун наййира”). Ювилганидан сўнг бунга эҳтиёж йўқлиги боис боғланмайди.

 

Савол: Қабристонларда ўсган дарахтлар мевасини еса бўладими?

Жавоб: Бу борада уламоларимиз бундай дейишган: “Агар у дарахтларни ушбу жой қабристонга айлантирилишидан олдин кимдир эккан бўлса, меваси ўша одамга тегишли бўлади ва унинг рухсатисиз меваларни еб бўлмайди. Қабристонга айлантирилган ерга экилган дарахтлар меваси сотиб, пули ушбу ҳудудни ободонлаштириш учун ишлатилади. Бу меваларни ейиш камбағалларга жоиз, бойларга эса макруҳ ҳисобланади”.

 

Савол: Эркаклар узук, умуман, тақинчоқ тақишлари мумкинми?

Жавоб: Тилладан ясалган узуклар эркакларга ҳаром қилинган (“Ҳидоя”). Бу хусусда Расулуллоҳ : “Ипак ва олтин умматимнинг эркакларига ҳаром, аёлларига ҳалол қилинган”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Кумуш узукни эркаклар ҳам, аёллар ҳам тақиши мумкин. Фақат эркаклар тақадиган узук аёлларникига ўхшаш бўлмаслиги керак. Темир, мис, қўрғошин ва бронзадан тайёрланган узук тақиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам макруҳдир (“Ихтиёр”).

Узукнинг юзига Аллоҳ, пайғамбар ёки ўз исми ёзилган бўлса, ҳожатхонага кирганида уни беркитиши лозим бўлади. Агар бундай узукни чап қўлига таққан бўлса, мустаҳаб қилиш олдидан ечиб қўйиши керак.

Бундан бошқа тақинчоқлар аёлларга хос бўлгани боис, уларни тақиш аёлларга тақлид қилиш, уларга ўзини ўхшатиш ҳисобланади. Ўзини аёлларга ўхшатган эркакларни ва ўзини эркакларга ўхшатган аёлларни Пайғамбаримиз лаънатлаганлар.