Савол: Ёшим 79 да. Бу йил қарилик ғолиб келиб, рўза тутолмагандим. Фидя берса ҳам бўлади, деб эшитдим. Бироқ рамазон ойининг бошида фидя беришга имкониятим бўлмади. Ҳар кунлигини битта қилиб йиғиб, ойнинг охирида берсам ҳам бўладими?

Жавоб: Рўза тутишга қодир бўлмаган, кундан кун мадори кетаётган чол ёки кампир ҳар бир куни Рамазон рўзаси учун бир мискинга икки кило буғдой ё унинг баҳосини беради (буни фидя дейилади). Фидяни хоҳласа, рамазоннинг бошида, хоҳласа, ойнинг охирида битта қилиб ҳақдор кишиларга беради ("Ҳидоя", "Фатавойи Ҳиндия").

Агар қари киши фидя бериб бўлгач, рўза тутишга қодир бўлса, фидянинг ҳукми бекор бўлади, унга рўза тутиши вожиб бўлади ("Наҳрул Фоиқ", "Ниҳоя").

Савол: Менга ҳаж қилиш насиб этганида, қувонганимдан Аллоҳ учун ўн кун рўза тутаман, деб ният қилган эдим. Шу рўзани қай тартибда тутсам тўғри бўлади, илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз?

Жавоб: Аввало, назр ният билан бўлмайди. Тил билан айтилса назр бўлади. Ибодатлардан дарҳол ё кейин зиммага вожиб бўлмаган бирортасини, масалан, рўзани Рамазон ойидан бошқа пайтда тутишни, ўзига вожиб қилиш назр бўлади. Агар киши Аллоҳ учун икки кун ёки уч кун ёйинки ўн кун рўза тутиш ўзига вожиб деб (назр) билса, унга ўша айтганини тутиш вожиб бўлади. У истаган вақтда, хоҳласа, бўлиб-бўлиб тутади, хоҳласа, кетма-кет, орасини ажратмасдан тутади.

Агар рўза тутишни назр қилган пайтда кетма-кет тутишни ният қилган бўлса, кетма-кет тутиши зарур бўлади. Орада бир кун ифтор қилса ёки аёл киши ҳайз кўрса, қайта бошидан назр қилган кунлари миқдорида тутиши лозим.

Назр қилган киши кетма-кет тутишни ният қилмаган бўлса ҳам, кетма-кет тутса бўлади ("Фатовойи Ҳиндия", "Зоҳирия").

Савол: Эри ўлган аёлнинг ҳаж қилиши дуруст эмас деб эшитдим, шу тўғрими?

Жавоб: Тўғри. Эри қазо қилган аёл тўрт ою ўн кун идда ўтириши лозимдир. Эри ўлгани учун иддадаги ё талоқ иддасидаги аёл ҳажга бормайди ва бошқага турмушга чиқмайди. Иддаси тугаб бўлгач, унинг ихтиёри ўзида бўлади. Хоҳласа, маҳрамларидан бири, яъни отаси, ака ё укаси, тоға ё амакиси, бобоси ёки ўғилларидан бири ҳамроҳлигида ҳаж ибодатини адо этиши мумкин ("Фатавойи Ҳиндия").