Бурҳонуддин Марғиноний

 

“Закот озод, ақлли, балоғатга етган мусулмонга, нисобга тўла эга бўлса ва нисобга эга бўлганига бир йил тўлса, вожиб бўлади”. Закотнинг вожиб бўлиши Аллоҳ таолонинг:

“Закотни беринглар”, ояти каримасига ва Расулуллоҳнинг :

“Молларингизнинг закотини адо этинглар”, деганларига биноандир. Бутун Ислом уламолари закотнинг вожиблигига иттифоқ қилишган.

Бу ўринда “вожиб”дан мурод “фарз”дир. Чунки унинг фарзлигига[1] ҳеч қандай шубҳа йўқдир.

Расулуллоҳ закот вожиб бўлишининг сабабини нисоб билан белгилаганлар. (Закот вожиб бўлиши учун нисобга) бир йил[2] тўлиши лозим, чунки мол ўсадиган муддат бўлиши керак. Шариат уни бир йил билан белгилаган. Чунки Расулуллоҳ : “Молда, унга бир йил ўтмагунча закот йўқ”, деганлар. Зеро, йил, ҳар фаслларни ўз ичига олгани учун, унга[3] молни ўстириш имконини беради. Ва кўпинча фаслларда нархлар ўзгаради, шу боисдан ҳукм кўпига боғланган. Сўнг, закот(ни бериш) дарҳол[4] вожиб дейилган, чунки мутлақ[5] буйруқ тақозоси ана шундай. Баъзи ривоятда дарҳол бериш вожиб эмас, чунки бутун умр адо қилиш вақтидир, дейилган. Шунинг учун бепарволик натижасида нисоб нобуд бўлиши сабабли зомин[6] бўлмайди.

“Балоғатга етмаганларга ва мажнунларга закот вожиб бўлмайди”. Закот ибодатдир. Ибодат, синов маъноси амалга ошиши учун, фақат ихтиёр билан амалга ошади. У иккисида ақл бўлмагани учун, ихтиёр йўқ. Агар мажнун йилнинг баъзи ойида ҳушига келса, рўза ойининг баъзи қисмида ҳушига келгани каби бўлади[7].

Туғма мажнунлик билан кейин бўлган мажнунлик ўртасида фарқ йўқ, Имом Абу Ҳанифадан бундай ривоят қилинган: бола мажнунлик ҳолида балоғатга етса, ёш бола балоғатга етганидаги каби[8], йил ҳушига келган вақтидан ҳисобланади.

“Кимнинг зиммасида молини қамраган[9] қарзи бўлса, унга закот вожиб бўлмайди”. У мол аслий ҳожатига ишлатилади, шу боис чанқаганида керак бўладиган сув ҳамда иш ва уй кийимлари каби йўқ ҳисобланади.

“Агар моли қарзидан ошиқ бўлса, ошганидан, агар нисобга етса, закот беради”. Ошгани аслий ҳожатидан ортиқ бўлса.

Молини қамраган қарздан мурод бандалардан талаб қилувчиси бўлган қарзидир. Назр ва каффорат қарзлари монеъ бўлмайди.

Нисоб турганида[10] закот қарзи[11] монеъдир[12]. Чунки у билан нисоб камаяди. Ишлатиб юборганидан сўнг ҳам ана шундайдир[13].

“Турар жойларда, кийим-бошларда, уй анжомларида, миниладиган ҳайвонларда, хизматчи қулларда ва ишлатиладиган асбобларда закот вожиб бўлмайди”. Чунки улар аслий ҳожатга ишлатилади яна ўсмайди ҳам.

Илм аҳлининг китоблари ва ҳунармандларнинг асбоблари ҳам айтмаганимизга кўра[14], ана шулар[15] кабидир.

“Кимнинг биров зиммасида қарзи бўлиб, у[16] йиллар мобайнида қарзини инкор қилган бўлса, сўнг қарзга[17] ҳужжат топилса, ўтган йиллари учун закот бермайди”. Бунинг[18] маъноси: Қарздор “одамлар олдида иқрор бўлиши билан қарзга ҳужжат пайдо бўлса”дир. Бу беркитилган ва топилишига умид бўлмаган молнинг масаласидир.

Бизга ҳазрати Алининг : “Беркитилган ва топилишига умид бўлмаган молда закот йўқдир”, деганлари далилдир. Чунки закот вожиб бўлишининг сабаби ўсувчи молдир. Яна, молнинг эгаси унинг тасарруфига қодир бўлсагина молда ўсиш бўлади. У молнинг[19] эгаси унинг тасарруфига қодир эмас. Мусофир (эса) ноиби орқали молининг тасарруфига қодир бўлади.

Уйда кўмиб қўйилган мол, уни топиш осонлигидан нисоб бўлади[20]. Ерига ёки боғига кўмилган мол ҳақида[21] уламолар[22] бир хил фикрда эмас.

Агар қарзга берилган мол уни тан олган бойда ёки камбағалда бўлса, аввал бошида[23] ёки касб орқали[24] уни олиш мумкинлиги учун, у молда закот вожиб бўлади.

“Агар тижоратни ният қилиб, бир нарсани сотиб олса, нияти амалга боғлангани учун, у нарса тижорат учун бўлади. Бирон молни мерос олиб, уни тижорат учун ният қилса, у мол тижорат учун бўлмайди, чунки ундан[25] амал содир бўлмади”[26].

“Закот, уни беришда ёки вожиб бўлган миқдорини ажратиб қўйишда ният[27] бўлсагина адо қилинган ҳисобланади”.

Чунки закот ибодатдир, ният ибодатнинг[28] шартларидан биридир. Ниятда, қоида[29] уни адо этишга боғланган бўлишидир. Лекин закот бўлиб берилганидан[30] берувчига осон бўлиши учун, ажратиб қўяётганида нияти бўлиши, рўзада ниятни олдиндан қилиш каби, кифоя қилади.

“Ким закотни ният қилмасдан, ҳамма молини садақа қилса, истеҳсон юзасидан, ундан молидаги закот соқит бўлади”.

 

“Ҳидоя”дан Муҳаммад ШАРИФ ЖУМАН тайёрлади.

 



[1]Унинг фарзлиги шубҳага ўрин бўлмаган далиллар билан собит бўлган.

[2]Қамарий бир йил.

[3] Мол эгасига.

[4] Нисобга етган молга бир йил ўтиши билан.

[5] Бирор нарсага боғланмаган.

[6] Мол эгаси нисобга етган моли нобуд бўлганидан сўнг закотни бермайди.

[7] Рўзанинг қазосини тутиш вожиб бўлгани каби закот бериши вожиб бўлади.

[8] Ёш боланинг моли нисобга етган бўлсадда балоғатга етган кунидан бир йил ўтгач закот бериши фарз бўлиши каби.

[9] Нисоб миқдоридаги молига тенг ё ошиқ

[10] Моли нисобга етиб бир йил тўлгач ўзгармай яна бир йил турса .

[11] Ундан биринчи йили закот бермаган бўлса.

[12] Иккинчи йил учун закот беришга.

[13] Нисобга тўлган молига бир йил тўлгач закотни бермай ишлатиб юборгач яна нисобга эга бўлиб бунга ҳам бир йил тўлса олдинги йил нисоб закотини беради. Бу билан нисоб камайгач кейинги йил учун бермайди.

[14] Аслий ҳожатга ишлатилиши ва ўсмаслиги учун.

[15] Турар жойлар...

[16] Қарздор.

[17] Қарзга.

[18] Ҳужжат топилсажумласининг.

[19] Беркитилган ва топилишига умид бўлмаган молнинг

[20] Беркитилган бўлмайди.

[21] Ундан закот вожиб бўлиши ҳақида.

[22] Бухоро уламолари фикрлари бир хил эмас.

[23] Бойдан унга қарзни берган заҳоти.

[24] Камбағалдан, унинг қўлига пул тушиши билан.

[25] Меросга олганидан.

[26] Ният амалга боғланмади.

[27] Бераётгани ё ажратгани закоти эканига нияти.

[28] Ибодатнинг.

[29] Тартиб.

[30] Камбағалларга.