Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

 

Савол: Юртимизнинг айрим жойларида болаларни уч, беш, етти ёшда хатна қилдириш керак деб билишади. Шу нарса суннатданми? Олдиндан раҳмат!

Жавоб: Ўғил болаларни хатна қилдириш суннат амаллардандир. Бола неча ёшга кирганда хатна қилиш эса, кўпроқ урфга боғлиқ. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни етти кунлик эканида хатна қилдирганлар. Шундан келиб чиқиб, болани янги туғилганида хатна қилдириш яхши. Кейинроқ қилдирса ҳам бўлади, аммо бола балоғат ёшига етгунича хатна қилинган бўлиши керак.

 

Савол: Жаннатнинг бир неча номлари хусусида эшитганман, Сиздан илтимос, жаннатнинг номлари хақида тушунча берсангиз.

Жавоб: Уламолар Қуръони карим оятларига асосланиб, жаннатнинг саккизта номи (даражалари) бор дейишади:

1.Фирдавс жаннати. «Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур» (Каҳф, 107).

2. Адн жаннати. «Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшайдиган Адн жаннат (боғ)ларидаги пок масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг ризоси эса, (ҳаммасидан) каттароқдир. Ана шу(лар) улкан ютуқдир» (Тавба, 72).

3. Маъво жаннати. «Қасамки, (Муҳаммад Жаброилни) иккинчи бор кўрди. (Жаннат) чеккасидаги Нилуфар олдида. Маъво жаннати ҳам ўша (Нилуфар)нинг олдидадир»(Нажм, 13–15).

4. Наъим жаннати. «Яна мени Наъим жаннатининг ворисларидан қилгин!» (Шуаро, 85).

5. Хулд жаннати. «(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводорларга ваъда қилинган мангулик (Хулд) жаннатими?!” Улар учун (бу) мукофот ва натижа бўлур эди» (Фурқон, 15).

6. Қарор жаннати. «Эй, қавмим, бу дунё ҳаёти фақат бир (арзимас) матодир. Албатта, охиратгина (мангу) барқарорлик диёридир» (Ғофир, 39).

7. Дорус Салом. «Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир. Қилган (солиҳ) амаллари сабабли, У уларнинг дўстидир» (Анъом, 127).

8. Дорул Муқома. «У Ўз фазли билан бизларни мангу турадиган диёрга туширдики, бу жойда бизларга на машаққат етар ва на чарчоқ етар» (Фотир, 35).

 

Савол: Киши умра ҳажи қилса зиммасидаги ҳаж ибодати ҳам соқит бўладими?

Жавоб: Биринчидан “умра ҳажи” деган ибора хато. Ҳаж бор, умра бор. Умра қилган одамдан ҳаж фарзи соқит бўлмайди. Умра суннат амали, ҳаж эса фарз бўлиб, Ислом арконларининг бешинчисидир. Суннат ҳеч қачон фарзнинг ўрнини босмайди. Қодир одамга ҳаж қилиш фарз.

 

Савол: Қуръони каримда келган “Машъарул Ҳаром” ибораси ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Бу ибора Қуръони каримда бир ўринда келган: “Раббингиздан (ҳаж мавсумида тижорат билан) фазл тилашингизда сизларга (ҳеч қандай) гуноҳ йўқдир. Арафотдан тушганингизда, Машъари Ҳаромда (Муздалифада) Аллоҳни (талбия, таҳлил, такбир, сано билан) зикр этинг! У сизларни гарчи илгари адашганлардан бўлсангиз-да – ҳақ йўлга ҳидоят қилгани каби, сизлар ҳам Уни ёд этингиз!” (Бақара, 198).

“Машъарул Ҳаром” Муздалифадаги “Жабали Қузах” номли, устида “Мийқада” деб аталувчи тош бўлган тепалик ва унинг атрофидир. У эҳтиромга сазовор жой эканидан “Ҳаром” деб сифатланади (“Тафсири Насафий”).

 

Савол: Отамиз Одам (алайҳиссалом), онамиз Ҳавво бўлса, бугунги кунда ер юзида яшаётган етти миллиарддан ошиқ инсон нега ҳар хил тилларда гаплашади?

Жавоб: Саволингизнинг жавобини ушбу ояти карималардан топасиз: “Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишларингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик...” (Ҳужурот, 13).

“Унинг борлиги ва ягоналиги, далилларидан (яна бири) – осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир” (Рум, 22).

 

Савол: Масжидимиз имомининг айтишича, маҳрнинг энг ози ўн дирҳам экан. Унинг пулимиздаги қиймати неча сўм бўлади?

Жавоб: Бизнинг мазҳабимизда маҳрнинг энг оз миқдори ўн дирҳам кумуш деб белгиланган. Кўпининг эса чеки йўқ, аммо ҳадиси шарифларда маҳрнинг ҳам озига қаноат қилган аёллар мақталган.

Бир дирҳам замонавий ўлчовда 3,12 граммдир, уни ўнга кўпайтирсак 31,2 грамм бўлади. Никоҳ шартномаси тузилаётганида 31,2 грамм кумушнинг қиймати сўмда қанча бўлса, ўша маҳрнинг энг кам миқдори бўлади. Бундан маҳрга ана шу миқдордан ортиқ бериб бўлмас экан, деган хулоса чиқмайди. Динимиз жамиятнинг барча қатлами манфаатини тенг ҳимоя қилгани учун уларнинг энг камбағалига ҳам малол келмайдиган миқдорни белгилаган. Кимнинг шароити кўтарса, бундан кўпроғига қодир бўлса, кўпроқ ҳам бераверади.

 

Савол: Каффорат рўзасини тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса, кейин каффорат рўзани янгидан бошлайдими?

Жавоб: Каффорат рўзасини тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса, рўзасини тўхтатади ва поклангач, саноқни келган жойидан давом эттиради. Аммо покланганидан кейин дарҳол рўза тутишга киришмай, бир кун оралатса, каффоратни бошидан бошлайди.

 

Савол: Сажда қилаётганида бурун узрсиз ерга тегмаса, сажда дуруст бўладими?

Жавоб: Саждани суннатга тўла мувофиқ ҳолда адо қилиш учун пешона билан бурун ерга тегиши шарт. Саждада ким узрсиз бурнини ерга теккизмаса, намози дуруст бўлади, аммо бундай қилиш макруҳ саналади (“Фатавои Ҳиндия”).