Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

 

Савол: Бузғунчи оқимлар одамларни ўз йўлига оғдириб олиш, кўзлаган мақсадига эришиш йўлида ўзини-ўзи портлатиш учун Ислом динини ниқоб қилиб олади. Биз ҳам жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда пок динимизга таянамиз, лекин нега ўша ўзини пор­т­ла­таётган ва шу мақсад йўлига кирган баъзи инсонларни бундай ботил йўлдан қайтара олмаяпмиз?

Жавоб: Авваламбор, но­тўғ­ри йўлларга эргашганлар, исломий соф ақидага эътиқод қўйганларга нисбатан кам. Масаланинг яна бир нозик жиҳати – Ислом номидан гапираётган, одамларни дин ниқоби остида жирканч ишларга даъват қилаётганларнинг асл мақсадлари исломий таълимотни ёйиш эмас, балки ана шу маърифат чироғини ўчиришдан иборат. Албатта, баъзиларга тўғри йўлни тушунтириш жуда қийин. Лекин бу борада қилаётган ишларимизни самарасиз кетяпти дейиш хато бўлади. Кейинги пайтларда шу ишлар натижасида қанчадан-қанча ёшлар Ислом динимизни тўғри англайдиган, жаҳолатдан маърифатни ажратадиган бўлишяпти.

Савол: Қиш кунлари айрим кишилар ташқарида таҳорат қилиб, оёқларини уйга кириб ювишади, шу тўғрими?

Жавоб: Аъзоларни кетма-кет ювиш таҳоратнинг суннатларидан. Кетма-кет, дегани, бу ўринда, ҳаво мўътадил бўлганида ювилган аъзо кейинги аъзони ювгунча, масалан, қўлларни ювгунча юз қуриб қолмаслиги тушунилади. Таҳоратда ювиладиган аъзоларнинг биридан сўнг иккинчисини узрсиз, тезда ювмай кечиктириб, пайсалга солиб ювиш макруҳдир. Таҳорат асносида сув тугаб, идишни тўлдиришга кетиш, касаллик, кексалик каби ҳоллар узр ҳисобланади (Фатавойи Ҳиндия).

"Дуррул Мухтор" китобида: "Кетма-кет ювиш узр бўлмаганида аввалги аъзо қуримасидан ёки уни артмай кейинги аъзони ювишдир.

Аммо сув тугаса, сувга кетишнинг зарари йўқ", дейилган.

Демак, узр бўлмаганида таш­қарида юз-қўлларни ювиб, сўнг уйда оёқни ювиб таҳорат қилиш макруҳдир (Яъни, таҳорат ҳисоб бўлади. Шундай бўлсада таҳоратнинг бир суннати адо этилган бўлмайди).

Савол: Сичқон теккан ноннинг ҳукми ҳақида маълумот берсангиз?

Жавоб: Уйда яшовчи мушук, сичқон каби жониворлар теккан нарса макруҳдир (Ҳидоя).

Ноннинг сичқон теккан жойи­ни олиб ташлаб, қолганини еса бўлади. Бироқ нонда сич­қон еган ўрин бўлмаса-да, ундан сичқон ҳиди (таъми) келиб турса, у нонни еб бўлмайди. Чунки сичқоннинг ёқимсиз ҳиди унинг сийдигидан дейишади. Ноннинг қайсидир жойига сийдиги сачраган бўлиши мумкин. Ундан келаётган сичқон ҳиди ўша сабабли бўлиш эҳтимоли бор. Озиқ-овқат борасида эҳтиёт бўлиш лозим.

Савол: Ғуслнинг фарз ва суннатларини билардим. Вожиблари ҳам бор, деб эшитдим. Шу ҳақда маълумот берсангиз?

Жавоб: Бутун аъзодан сув етмаган ҳатто бирон тук ё унинг ўрничалик жой қолса ҳам, ғусл дуруст бўлмайди. Фиқҳ китобларида танада чивин ёки бурга ахлатининг ўрничалик сув етмаган жой қолса, ғусл бўлмайди, дейилган. Шу боис сув етиши қийин жойларни алоҳида ишқаб, сийпаб ювиш вожиб бўлади:

1. Хушбўй ёғ сурган бўлса сийпаш, ишқаш; локка ўхшаш танани ёпиб турган нарсаларни, масалан, тирноқлардаги бўёқ ёки хамирга ўхшаш нарсаларни кўчириб ташлаб, тагига сув етказиш. 2. Киндик чуқурчасини бармоқ билан ишқаб ювиш. 3. Узук, сирғалар ечилмаган бўлса, ғусл пайти ҳаракатлантириш ёки сирға ечилган бўлса, қулоқ тешигига сув етказиш. 4. Эр киши соқол, соч толаларининг биронтасини қолдирмай туби билан ювиши. 5. Агар аёлларнинг ғусл вожиб бўлишдан олдин сочи ўрилган бўлса, уни тарқатиб ювиш шарт эмас, соч тагига сув етса кифоя. 6. Аёллар ҳайз ва нифосдан тоза бўлганидан сўнг, жунуб бўлганларида ғуслда жинсий аъзоларини ювиши (таҳоратда суннат бўлади). 7. Тишлар орасидаги таом ёки бурун катагидаги кир, ғуборлар ўрнига сув етказиш (кичик бармоғини бурунга тиқиб ишқаш) ғуслдаги вожиб амаллар ҳисобланади.

Баъзи уламолар ғусл охирида бурун, қулоқ тешиги ва кавакларини кичик бармоқлар ила ишқаш, қошни сийпаш лозим, дейишган (Фатавойи Ҳиндия, Нурул изоҳ).

Савол: Илтимос, тирноқ олишнинг ҳукми, тартиб­лари ҳақида баён қилсангиз?

Жавоб: Тирноқ олиш суннат амаллардан. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) мўйлабни қисқартиришга, тирноқ, қўл­тиқ ва киндиктаги тукларини олишга буюрганлар. "Туҳфатул ахбор" китобида тирноқ олиш тартиблари бундай баён қилинган: "Тирноқ олиш ўнг қўл кўрсаткич бармоғидан бошлаб жимжилоғигача олинади. Сўнг чап қўл жимжилоғидан бошлаб бош бармоғи тирноғини олиб, охирида ўнг қўлнинг бош бармоғи тирноғи олинади. Бошқача кўрсатилган йўллари ҳам бор.  Оёқ тирноқлари ўнг оёқ жимжилоғидан бошланиб, чап оёқ жимжилоғида тугалланади". Яъни, ўнг қўлда бошлаган тирноқ олиш яна ўнг қўлга келиб тугайди. Оёқ тирноқлари эса ўнгдан бошланиб, чапида тугайди.

"Аврод"нинг шарҳида: "Кундузи ёки тунда хоҳ шанба, хоҳ якшанба бўлсин, тирноқ олинаверади, яхши иш ортга сурилмайди. Кунлардан ирим қилиш – бидъатчининг иши", дейилган.

Тирноқни тиш билан олиш мумкин эмас. Тирноқ ерга кўмилади. Жунуб киши ғусл қилмасидан олдин соч ёки тирноқ олиши макруҳ бўлади (Маслакул муттақин).

Савол: Бола асраб олиб, уни фамилиямга ўтказсам бў­ладими?

Жавоб: Бола асраб (тарбияга) олишда унинг насл-насабини ўзгартириб, унга ўзининг насаби (фамилияси)ни бериш мумкин эмас. Боланинг ўз ота-онаси насабини ўзгартирмай тарбияга олса бўлади.

Балоғатга етгач, ўғил (тарбиялаган) онага, қиз (тарбиялаган) отага номаҳрам бўл­маслиги учун эр ўз туғишганларининг қиз фарзандини, аёл эса туғишганларининг ўғил боласини, яъни, жиянини асраб олиши мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Аллоҳ бир кишининг ичида икки қалб яратган эмас. Сизлар "зиҳор" қиладиган хотинларингизни ҳам сизларга она қилган эмас ва асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир. Аллоҳ эса ҳақиқатни айтур ва Унинг ўзи (тўғри) йўлга бошлар. Уларни (асранди фарзандларни) ўз оталари (исми) билан чақирингиз. Шу Аллоҳ наздида адолатлидир. Бас, агар уларнинг оталарини билмасангиз, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир. Қилган хатоларингиз сабабли сизларга гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилинган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсиз). Аллоҳ кечиримли ва меҳрибон зотдир" (Аҳзоб, 4–5).