Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

Савол: Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улул азм пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр этишни буюр­ган. Пайғамбарлардан кимлар улул азм ҳисобланишади?

Жавоб: Аллоҳ таоло мар­ҳамат қилади:

(Эй Муҳаммад!) Сиз ҳам улул азм пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг ва уларга (тушадиган азобни) қистаманг!" (Аҳқоф, 35). Пайғамбарлардан кимлар улул азм экани борасида турли фикрлар бор. Баъзилар Аҳзоб сурасининг 7-оятида зикр этилган пайғамбарлар улул азм пайғамбарлардир, дейишган.

У оят будир:

"Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва Сиздан, Нуҳдан, Иброҳим, Мусо, Исо ибн Марямдан аҳд олгандик. Улардан олган аҳдимиз қатъий эди". Баъзилар зикр этилган оятда номлари келган пайғамбарларга Одамни (алай­ҳиссалом) қўшиб улул азм пайғамбарлар сони олтита дейишган. Ва шу тўғридир. Демак, Одам, Нуҳ Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад (алайҳимуссалом) улул азм пайғамбарлардир.

 

Савол: Саҳобалардан бири Раҳмоннинг Арши қимирлашига сабабчи бўлган дейишади? Аршнинг қимирлаши қандай таъвил қилинган?

Жавоб: Имом Муслим "Саҳиҳ"ларида Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саъд ибн Муознинг тобути олдида туриб: "Бу туфайли Раҳмоннинг Арши қимирлади", дедилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ҳам шундай ривоят қилганлар. Имом Нававий ҳадиснинг шарҳида айтадилар: Уламолар Аршнинг қимирлашини турлича таъвил қилишган. Баъзи уламолар ҳадис матнининг зоҳирий маъносига суянишиб, Арш Саъднинг руҳи кўтарилишидан хурсанд бўлиб, ҳаракатга келган, дейишган. Баъзи уламолар Аршнинг қимирлашидан мурод: Аршни кўтариб турувчи ва бошқа фаришталарнинг хурсанд бўлишларидир, деб айтишган.Ҳарбий айтади: "Бу ҳолат Саъднинг вафот этиши катта мусибат эканига ишорадир. Араблар улуғ нарсани улуғвор нарсаларга нисбат беришади. Масалан, фалончининг ўлими сабабли ер зулматга чўмди, дейишади". Аллоҳ билувчидир.

 

Савол: Касал бўлганимда шифокорлар жарроҳлик амалиёти қилишиб, сийдигимни найча орқали идишга оқиб ўтадиган қилиб қўйишди. Таҳоратим турмайди. Намоз ўқиш учун нима қилишим керак?

Жавоб: Таҳорат қилиб, намозни ўқиб бўлмасидан жароҳатидан ё бошқа жойидан қон, йиринг ё нажас чиқиб қоладиган киши узрли ҳисобланади. Сиз ҳам узрли кишилар қаторига кирасиз. Узрли кишилар ҳар бир намознинг вақти кирганида таҳорат олиб, ўша вақт ичида хоҳлаганича фарз ёки нафл намоз ўқишлари мумкин.

Савол: Қуръони карим Рамазон ойида нозил бўлган, дейилади. Бошқа ойларда оятлар нозил бўлмаганми? Қуръони карим "Рамазон ойида нозил бўлган" деган жумлани қандай тушунишимиз керак?

Жавоб: Қуръони карим оятларининг ҳаммаси бир пайтда, Рамазон ойи Қадр кечасида дунё осмонига туширилгани сабабли Рамазон ойида тўласича нозил бўлган, дейишади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай дейдилар: "Қуръон оятларининг ҳаммаси Қадр кечасида Жаброилга (алай­ҳиссалом) ваҳий қилинди". Сўнг йигирма йилдан ортиқ вақт давомида Жаброил (алайҳиссалом) Пайғамбаримиз Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Парвардигор амр қилган вақтда оятларни навбатма-навбат етказиб турдилар. Қуръони карим нозил бўлди де­йилганида, Жаброилнинг (алайҳиссалом) осмондан ваҳий олиб тушишлари тушунилади. Зеро, Жаброилнинг (алайҳиссалом) ўринлари осмондадир. Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг Каломи, бир жойдан иккинчи жойга кўчмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Қуръонни одамларга вақти­вақти билан ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб­бўлиб нозил қилдик" (Исро, 106).

 

Савол: Аллоҳ таолонинг "Биз уларнинг ер(лар)ига қасд қилиб, уни атрофидан камайтираётганимизни кўрма­­диларми?!" (Раъд, 41) оятидаги "камайтириш" калимасининг мазмунини тушунтириб берсангиз?

Жавоб: Унинг тафсирида айтилишича, "Атрофидан камайтиришдан мурод солиҳ кишилар ва уламоларнинг вафотидир. Атроф, аслида, "ашроф", яъни шарафли кишилар маъносида". Ибн Аббос ва Қушайрий ана шундай дейишган. Ато ибн Рабоҳ: "Бундан мурод фуқаҳолар ва яхши кишиларнинг дунёдан кетишидир", деганлар. Баъзи муфассирлар ундан мурод: ер ва ундаги меваларнинг барокотини кетказишдир. Бу ҳолат кишилар зулмни кўпайтирганлари оқибатида юз беради. Чунки, зулм сабабли шаҳарлар хароб бўлади, барака кўтарилади, дейишган.

 

Савол: Қуръони карим билан ҳадиси қудсий ўртасида қандай фарқ бор?

Жавоб: Қуръони карим: 1.Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом) орқали ваҳий қилинган. Унинг лафзи ҳам, маъноси ҳам илоҳийдир. Ҳеч бир жиҳатдан бирортанинг унга дахли бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: "Уни Руҳул амин (Жаброил) олиб келиб, огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардан бўлишингиз учун қалбингизга туширди, у аниқ араб тилида эди" (Шуаро, 193–195).

2. У ожиз қолдирувчидир, на инс, жин маънода ва лафзда унга ўхшашини, ҳатто кичкина бир сурасига мосини ҳам тўқий олмайди.

3. Қуръони карим то қиёмат кунигача боқий қолувчи, ўзгариш ва алмашишдан сақлангандир.

4. У бизга Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мутавотир тарзда нақл қилинган. Ундан бирор нарсани инкор қилган киши кофир бўлади.

5. Қуръони карим намозда ва бошқа вақт тиловат қилинади. Унинг қироати ибодат саналади ва ҳар бир ҳарфига ўнта савоб берилади.

6. Уни таҳоратсиз ушлаш ва кўтариш, жунуб, хайз, нифос ҳолатда тиловат қилиш мумкин эмас.

Ҳадиси қудсий:

– унинг лафзи Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) оид, маъноси илоҳийдир;

– ожиз қолдирувчи эмас;

– ўзгариш ва алмашишдан сақланган эмас;

– бизларга оҳод хабар тарз­да етиб келган;

– ундан бирор нарсани инкор қилган киши кофир саналмайди;

– намозда ўқилмайди;

– уни ўқиш ибодат эмас;

– уни таҳоратсиз ўқиш, ушлаш ёки кўтариш мумкин.

Ҳадиси қудсий асли Аллоҳ таолонинг сўзи бўлса-да, Пайғамбаримизга Жаброил (алайҳиссалом) орқали туширилмаган, балки, бевосита илҳом қилинганидан кейин эълон этилган.

 

Савол: Тирноқларга сурилган бўёқларни кетказмасдан қилинган таҳорат ва ғусл дуруст­ми?

Жавоб: Фақиҳлар таҳорат ва ғуслда сув инсон жисмига етиши керак, дейишган. Сув зарар қиладиган жароҳатлар мустасно. Таҳорат асносида сув терига етиши учун бармоқларни хилол қилиш ва узукларни қимирлатиб қўйиш лозим. Лақит ибн Субура ривоят қилади. Мен: "Расулуллоҳ! "Менга таҳоратни ўргатинг", дедим. У зот: "Таҳоратни мукаммал қил, бармоқларинг орасига хилол қил ва рўза бўлмасанг, истиншоқни (бурунга сув тортиш) маромига етказ", дедилар (Бешовлари ривоят қилишган)."Ал фиқҳу аълал ма заҳибил арбаъати" китобининг 43-саҳифасида: "Тўртта мазҳаб уламолари баданда сувнинг танага етишига моне бўлувчи (эриган шам, ёғ, хамир каби) тўсиқ бўлмаслиги керак", деб иттифоқ қилишгани айтилган. Бундан ҳатто кўздан оқиб қотиб қолган шиллиқ сув ва аъзолардаги сув ўтмас кирларни ҳам таҳорат ва ғуслда кетказиш лозимлиги маълум бўлади. Тирноқларнинг бўёғи ҳам, шубҳасиз, эриган шам ва хамир каби аъзога сув етишига тўсиқ бўлгани учун уни кетказиш лозимдир.

Тўрт мазҳаб фақиҳлари тирноққа бўёқ суртилган бўлса, уни кетказмасдан таҳорат ва ғусл жоиз эмаслигини айтганлар.

 

Савол: Намоз ўқиш­­да хаёлга турли фикрлар келади. Баъзида намозхон неча ракат намоз ўқиганини ҳам билмай қолади. Шу каби паришонхотирлик, эътиборсизлик билан намоз бузиладими? Намозда фикр чалғимаслиги учун нима қилиш керак?

Жавоб: Намозхон намозни хушуъ билан ўқиса, бутун аъзолари ибодатга ғарқ бўлади. Намозда дунё билан боғлиқ фикрлар намозни ботил қилмайди. Аллоҳнинг улуғлигини ёдда тутиш, у Зотдан қўрқиш, фазлидан умидвор бўлиш ва ҳаё қилиш хушуъ билан намоз ўқишга ёрдам беради. Одатда, қаттиқ товуш, шовқинлар намозда фикрнинг чалғишига сабаб бўлади. Нақш­ли жойнамозлар, чойшаблар, рўпарага осилган суратлар ҳам хаёлни чалғитиши мумкин. Намоз ўқишдан аввал уларни олиб ташлаш керак. Намозхон намозда турганида сажда қиладиган ўрнига қараб турса, хаёли бўлинмайди. Деворга яқин жойда намоз ўқиш ҳам фикрнинг чалғимаслигига сабаб бўлади. Намоз ўқиётганда ўқиётган оятларини тушуниш, бажараётган амаллари фарз, суннатлигини билиш билан ҳам фикр бўлинмайди. Намозхон хушуъ қилишга қанча интилса, оладиган савоби ҳам шунга яраша бўлади, зеро Аллоҳ таоло бирор жонни тоқатидан ортиқ ишга буюрмайди.