Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Истиқлол шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Диёримиз мусулмонларининг асрий орзу умидлари рўёбга чиқди. Лекин, афсус, бу неъматлардан фойдаланиб, шукр ўрнига ношукрлик қиладиганлар, ғанимларимиз ноғорасига ўйнайдиганлар, бузғунчи ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолатга кетган гумроҳлар ҳам борлиги кишини ранжитади.

Диний билими ўта саёз, турли фитна-фасод қўзғайдиган фикрлар ва ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлаш, айниқса, биз уламолар, имом-хатибларнинг асосий бурчимиздир.

Хорижийлар, қадарийлар, муржиийлар, рофизийлар, жаҳмийлар ва мўътазила каби фирқа ва оқимлар Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХI асрларда ҳизбут таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли жанжаллар, низолар чиқишига сабаб бўлмоқда.

Ҳижрат масаласида. Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси: дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган маконий ҳижрат бўлиб, унга тааллуқли бир қатор оят ва ҳадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло бундай дейди:

“Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни, албатта, бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажри мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!” (Наҳл, 41).

Шу мазмундаги оятлар Нисо (100-оят), Анфол (74-оят), Наҳл (110-оят) сураларида бор.

Иккинчиси: гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад бир қатор кўрсатмаларни баён қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар. Имом Байҳақий Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Раббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”, дейилади.

Бузғунчи кучлар таассубга берилган шахсларни дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилмоқда. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид экани барчага маълум.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: Расулуллоҳнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, дейди. У зот эса: “Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб берадилар (Абу Довуд ривояти).

“Шаҳидлик” масаласида. Ушбу сўз “ҳозир, гувоҳ, кўрган-билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзининг яна бир маъноси ўзга шахс томонидан ноҳақ ўлдирилган мусулмондир. Кишининг ўзини ўзи ўлдириши, гарчи нияти дин йўлида деб эълон этилса-да, “ўз жонига суиқасд қилиш” деб баҳоланади.

Ўзини-ўзи ўлдириш – бу ўз ҳаётини қасддан тўхтатишдир. Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланади, Парвардигор берган ҳаётга тажовуз қилиш даражасидаги гуноҳи кабира ҳисобланади.

Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93).

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз айтдилар: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида абадий, доимий йиқилиб азобланади. Ким заҳар ичиб, ўзига суиқасд қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган ҳолда абадий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига урган ҳолда абадий азобланади” (Имом Бухорий).

Ҳозир баъзи гуруҳ ва шахслар “ўзини ўлдириш” тушунчасини шаҳидлик билан қориштириб талқин қилишяпти. Шахснинг маълум мақсадлар йўлида “ўзини ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишдир. Ёвуз ниятли кучлар ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далилларни Ислом уламолари қоралашган ва асоссиз деб топишган.

Жиҳод масаласида. Ушбу сўз араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.

Дастлаб “жиҳод” дейилганида Исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушунилган. Бу сўзнинг истилоҳий маъноси “душмандан ҳимояланишда қўли, тили ёки кучи билан курашишдир”. Ибн Рушд “Муқаддимот” асарида жиҳоднинг турларини тўрт қисмга ажратади: қалб, тил, қўл ва қилич билан курашишдир. Умумий қилиб айтсак, жиҳод нафсга, шайтонга, босқинчиликка ва барча ёвузликларга қарши курашишдир.

Макка даврида Пайғамбаримиз Аллоҳ таолонинг: “(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл, 125) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар. Сўнгра Макка мушрикларидан қасос олиш ниятида улар билан жанг қилишга рухсат берилди. Аммо булар босқичма-босқич, сиёсий вазият тақозосига кўра нозил бўлган илоҳий кўрсатмалар эди. Зеро, ўша пайтда мусулмонларга қарши бўлган Макка мушриклари Ислом динини йўқ қилиш, барпо этган жамиятларини эътироф этмай, уларни тор-мор қилиш мақсадида амалий ҳаракатларни олиб бораётган эди.

Агар “жиҳод” Ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳнинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушар, Ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилардилар. Бироқ Пайғамбаримиз бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар.

Мана шу сабабли ҳам мусулмонлар Ватани ва динини ҳимоя қилиши учун жиҳод жорий этилганини хулоса қилсак бўлади. У йўқ нарсани амалга ошириш учун эмас, балки бор нарсани ҳимоя қилиш учун жорий қилинган.

Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида янги “жиҳод” турларини ўйлаб топиб, улардан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар кўпгина мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишига сабабчи бўлишади. Бунга дунёнинг турли чеккаларида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади.

(Давоми келгуси сонда.)