Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Савол: Ҳурматли муфтий ҳазратлари! Сафарда ибодатга тегишли ҳукмлар ўзгаради, деб эшитдим. Илтимос, шу ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Динимизда сафар қилиш билан баъзи ибодатларга доир ҳукмлар ўзгаради. Тўрт ракатли фарз намозларни қаср қилинади (икки ракат ўқилади), рўза тутмасликка изн берилади, маҳси муддати уч кунга узаяди, жума, икки ҳайит намозлари ва қурбонлик сўйиш вожиб бўлмайди. Озод аёлларнинг маҳрамсиз йўлга чиқишлари ман этилади (“Аттобийя”).

 

Савол: Киши намозда акса уриб, “Алҳамдулиллаҳ” деса, намози бузиладими? Акса уриб, ҳамд айтганга намоздаги одам жавоб берса-чи?

Жавоб: Намозда акса уриб, ичида ҳамд айтган кишининг намози бузилмайди. Аммо сукут сақлагани яхшидир (“Хулоса”). Агар бу киши имомга эргашган бўлса, у ичида ҳам, ташида ҳам ҳамд айтмайди (“Темиртоший”). Бундай киши намозини битиргач, ҳамд айтади.

Акса урганга намозда туриб жавоб бериш билан эса намоз бузилади (“Муҳит”).

 

Савол: Жамоат намозида имомга эргашувчи киши вожиб амаллардан бирортасини тарк этса, ўзи саждаи саҳв қиладими?

Жавоб: Йўқ, у ҳолда саждаи саҳв қилмайди. Чунки у имомга тўла эргашиши вожиб (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Имом саждаи саҳвни лозим қиладиган хатога йўл қўйса, масбуқ (имомга кеч қолиб эргашган кимса) қандай йўл тутади?

Жавоб: Бундай ҳолатда масбуқ саждаи саҳвни имомга эргашиб адо этади, кейин етиша олмаган ракатларни ўқишга туради (“Фатовойи Ҳиндия”).

  

Савол: Шом пайти боламни кўтариб, қўшни аёллар билан кўчада гаплашиб турган эдик, маҳалламиздан бир отахон бизни: “Жину шайтонлар тўзийдиган маҳал ёш бола билан кўчада нима бор сизларга?” деб койиб бердилар. Отахоннинг гаплари қанчалик тўғрилигини билмоқчи эдим.

Жавоб: Отахон жуда ҳақ гапни айтибдилар. Жонкуяр инсонлар тобора камайиб кетаётган, “менга нима” деган бепарволик кайфияти кўпчиликни чулғаб олган ҳозирги кунимизда ана шундай отахонларнинг борлиги қувонарли ҳол. Уларнинг маҳалла маънавий ҳаётидаги ўрни беқиёс.

Аввало, динимиз аёлларни кўчада мақсадсиз гап сотиб ўтириш у ёқда турсин, заруратсиз кўчага чиқишдан ҳам қайтарганини айтиб ўтиш керак. Ундан кейин, шом маҳали жин ва шайтонлар изғиб юриши ҳам ҳадиси шарифларда баён қилинган. Болаларнинг инжиқ бўлиб қолиши, уйқусида босинқирашига ҳам ана шу пайт кўчада юриши сабаб бўлади. Шу боис, бу каби беҳуда одатларга барҳам бериб, ўлчовли вақтимиздан унумли фойдаланиш пайида бўлишимиз керак.

 

Савол: Қироати жаҳрий ўқиладиган фарз намозларини ёлғиз ўқувчи киши ҳам жаҳрий (овоз чиқариб) ўқиса бўладими?

Жавоб: Қироати жаҳрий ўқиладиган фарз намозларини ёлғиз ўқийдиган одам ихтиёрлидир, истаса, овоз чиқариб ўқийди, истаса ичида қироат қилади (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Ҳозир йигитлар Россияга бориб, ярим йил-бир йил ишлаб келишяпти. Улар анча пайт оиласи билан яшамагани сабаб никоҳлари бузилмайдими?

Жавоб: Йўқ, эр-хотиннинг айри яшашлари қанча давом этса ҳам, никоҳлари бузилмайди. Никоҳ эр-хотиндан бири вафот этса, эр хотинини талоқ қилса ёки эр-хотиндан бири куфр сўз айтса, диндан чиқса (муртад бўлса)гина бузилади.

 

Савол: Жума хутбасини минбарга чиқиб ўқиган имом ноибини жума намозига имомликка ўтказиши мумкинми?

Жавоб: Йўқ, мумкин эмас. Хутбани ўқиган киши жума намозига ҳам имом бўлиши керак. Фуқаҳолар айтишича, ҳатто хутба ўқиганидан кейин имомнинг таҳорати кетиб қолса ҳам, ўрнига бошқаси жума намозига имом бўлолмайди. Хатибнинг таҳорат олиб келиши кутилади (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Имом жума хутбасини ўқиётиб Пайғамбаримиз исмларини зикр қилган эди, ёнимда ўтирган киши пастроқ овозда салавот айтди. Намоз тугагач, бир киши ўша одамга хутба ўқилаётганида жим турилади, деб танбеҳ берди. Мен ҳайрон бўлдим: Пайғамбаримиз эсланган жойда салавот айтилмайдими?

Жавоб: Бошқа ҳолатларда Расулуллоҳнинг номи шарифлари зикр қилинганида эшитганлар дарҳол салавот айтишлари керак. Аммо жума хутбаси ўқилаётганида салавот айтиш макруҳдир (“Татархония”). Шунингдек, бундай пайтда гапириш, тасбеҳ айтиш, акса уриб, ҳамд айтганга жавоб бериш, саломга алик олиш ҳам макруҳ, дейилган (“Сирожул ваҳҳож”).

  

Савол: Эсналганида нима учун қўл билан оғиз беркитилади? Бунинг бир асоси борми?

Жавоб: Албатта бор. Бу ҳақда ҳатто Имом Бухорийнинг “Ал-адаб вал-муфрад” китобларида махсус “Эснаганда қўл билан оғизни тўсиш ҳақида” номли боб бор. Шу бобда келган ҳадислардан бирини зикр қилиб ўтамиз: Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ дедилар: “Агар бирортангиз эснасангиз, қўлингизни оғзингизга қўйинг, чунки шайтон киради”. Эснаш келганида намоздан бошқа ҳолларда чап қўл орқаси билан оғиз тўсилади. Шунингдек, ҳадисларда эснаб туриб: “ҳооҳ” дейиш шайтоннинг яйрашига сабаб бўлиши ҳам баён этилган.

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.