Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Савол: Ислом динида партия тузиш, гуруҳларга бўлиниш қандай баҳоланади?

Жавоб: Киши Аллоҳ таолога ва Унинг расулига имон келтириши билан мусулмон бўлади. Бунинг учун у қандайдир "исломий" деб даъво қилинаётган, аслида эса, дин ниқоби остида бузғунчиликка чақирувчи гуруҳ ёки партияга аъзо бўлиши, унинг йўлида қасам ичиши шарт эмас.

Ҳозир ана шундай гуруҳлардан бири бўлмиш "Ҳизбут таҳрир" аъзолари ўз фирқаларини: "Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳий мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар, (охиратда) нажот топувчилардир" (Оли Имрон, 104) деган оятга биноан ташкил этдик, деб даъво қилишади. Оятнинг тафсирида эса, уларнинг иддаоларига ҳеч қандай далил-исбот йўқ.

Бундан ташқари, улар юқори­даги оят талабига кўра, сиёсий ҳизб (партия)ларни ташкил этиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир, де­йишади. Ушбу оятдан ҳеч қандай сиёсий ҳизблар тузиш керак деган фикр ҳам чиқмайди. Чунки Аллоҳ таоло фирқаларга бўлинмаслик ҳақида бундай огоҳлантиради:

"Ҳаммангиз Аллоҳнинг "арқони" (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг!" (Оли Имрон, 103).

Оят мазмунига кўра, Исломда гуруҳлар, ҳизблар тузиш шариатга зид ишдир.

Савол: "Шариатда шарм йўқ" дейилган гапни мисол билан кенгроқ тушунтирсангиз.

Жавоб: "Шариатда шарм йўқ" дейилиши ижобий маънода. Қуръони каримда: "Аллоҳ чивин, балки, ундан ҳам "юқори" нарсалар ҳақида зарбулмасал айтишдан уялмайди..." дейилади (Бақара, 26). Шариат аҳкомларида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасига, инсон туғилганидан то қабргача бўлган ақиқа, хатна, таҳорат, намоз, никоҳ, талоқ, жаноза, дафн каби барча амалларга доир кўрсатмалар берилган. Масалан, таҳоратдаги фарз­лар, суннатлар, мустаҳаблар, макруҳлар бирма-бир баён қилинган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам барча масалалардаги саволларга очиқ-ойдин жавоб берганлар. Чунки аниқ жавоб бермасалар, кейинчалик бунга бошқа маъно юкловчилар чиқиши мумкин эди. Аёлларга хос масалаларни тушунтиришда у кишига хотинлари ёрдам беришган. Бир аёл ҳайз кўрганидан кейинги ғусл масалаларидан бирини сўраганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб берсалар ҳам, у тушунмай, саволини бир неча марта такрорлайди. Шунда Ойша (розияллоҳу анҳо) уни чақириб олиб, Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) жавобларини очиқ баён қилади.