Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Савол: Ассалому алайкум, муҳтарам Муфтий ҳазратлари! Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шариф матнлари ёзилган қоғозларни макулатурага бериш жоизми? Мутахассислар айтишича, қоғозлар сувга ивитилганида, ҳарфлари ўчиб кетаркан.

Жавоб: Йўқ, жоиз эмас, чунки бу Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга ҳурматсизлик бўлади. Зеро, қайта ишланган қоғозлар қандай мақсадда ишлатилиши барчага маълум. Агар Қуръони карим ва бошқа муборак китобларнинг айрим саҳифалари ё ҳаммаси эскиб, титилиб, яроқсиз ҳолга келса, эҳтиётлаб оёқости қилинмайдиган жойга кўмилади.

 

Савол: Ҳозир “Соч сотиб оламиз”, деб уйма-уй юрганларни кўрамиз. Ҳатто кўчаларда ҳам шу мазмундаги эълонларни учратиш мумкин. Инсон сочини сотиш мумкинми?

Жавоб: Мумкин эмас. Динимизда инсон ва унинг ҳамма аъзоси мукаррам. Шунинг учун унинг ҳеч бир аъзосини сотиб бўлмайди.

 

Савол: Ҳурматли устоз, сир эмас, ҳозир компутер ўйинлари ёшлар ўртасида жуда оммалашган. Бу ўйинларнинг турлари кўп, ўйинхоналар ҳам етарли. Бу ўйинларни ақлни пешлаш мақсадида ўйнаш мумкинми?

Жавоб: Электрон ўйинлар болаларимиз ва ўсмир ёшларимизни тобора ўзига боғлаб олаётгани айни ҳақиқат. Бундай ўйинлар ёшлар онгостига таъсир кўрсатиб, гиёҳванд модда сингари ўзига ўргатиб олади ва аста-секин болада жангарилик, зўравонлик, шафқатсизлик ва беҳаёлик каби ҳисларни шакллантиради. Бундан ташқари, бу ўйинлар болаларнинг ўқиб-ўрганганлари тошга битилгандек хотираларига муҳрланиб қоладиган ғанимат йиллари ҳавога соврилишига сабаб бўлади. Шунинг учун ақлни пешлаш, мияни дам олдиришнинг бошқа мақбул йўлларидан фойдаланган маъқул.

 

Савол: Ҳозир никоҳдан ўтиш маросимларида турли хорижий машиналардан карвон тузиб, сайр қилиш урф бўлган. Ўғлимизни уйламоқчи бўлиб тургандик, келин томон ҳам шундай машиналар олиб келишни тайинлашибди. Маслаҳатингизни сўрайман.

Жавоб: Аввало, шуни билишимиз керакки, бундай одатларнинг бир эмас бир неча зарарлари бор:

– бу ишга сарфланган пул исроф бўлади, динимизда исроф ҳаром саналади. Зеро, ўша ажнабий машиналардан биттасининг икки-уч соатлик ижараси учун тўланадиган фалон доллар эҳтиёжманд оилаларнинг йигирма кун-бир ойлик рўзғор харажатларига тенг;

– бундай “сайр” ўзини кўрсатиш, ман-манлик ҳам бор. Динимиз бизни манманлик, кибрдан қаттиқ эҳтиёт бўлишга чақиради ва унинг зарра қадари ҳам жаннатга киришдан тўсиши ҳақида огоҳлантиради.

– бу машиналар кўчаларда тартибсиз ҳаракатлари билан бошқаларга халақит беришади, гоҳида эса бу қилиқлари бахтсиз ходисалар билан якун топади. Ҳаётда бунга мисоллар жуда кўп учраб турибди.

Шунинг учун, никоҳ тўйидек хайрли тадбирни бундай иллатлардан ҳоли ўтказа билсак, қурилаётган оилалар ҳам бахтиёр бўлади, иншааллоҳ.

 

 

Савол: Кўчада юрганимизда баъзи ҳайдовчилар йўл-патрул хизмати ходимлари йўқ бўлса, йўл қоидаларига кўпда риоя этишмайди, ҳатто қизил чироқни ҳам писанд қилишмайди. Ахир бу нотўғри эмасми?

Жавоб: Албатта нотўғри. Йўл кўпчиликники. Бинобарин унинг қоидаларига амал қилмаслик бошқаларнинг ҳақига хиёнат бўлади. Ҳақ-ҳуқуқ масалаларига ҳеч бир дин Исломчалик катта аҳамият бермаган. Мусулмон одам Аллоҳ ҳар бир нарсани кўриб-билиб туришига имон келтиргани учун назоратчи бор-йўқлигидан қатъи назар, бировнинг ҳақига тажовуз қилмайди.

 

Савол: Никоҳидаги аёлини бир боин талоқ қилган киши уни қайта никоҳига олмоқчи бўлса, яна маҳр бериши керакми?

Жавоб: Фуқаҳоларимизнинг сўзларига кўра, бундай ҳолда ҳам худди илк марта никоҳ ўқилаётганидаги каби маҳр берилади. Унинг энг ози эса, ўн дирҳам кумуш миқдорига тенг.

 

Савол: Бир танишим ҳажга бориб келди. Қўшнисидан қарзи бор эди. Аммо қарзини узишга шошилмасди. Бу орада қўшниси вафот этибди. У ҳаж ибодати кишини онадан янги туғилгандек гуноҳлардан поклаши ҳақида эшитдим, дея хотиржам юрибди. Айтингчи, инсон ҳаж қилса, шундай гуноҳлари ҳам кечириладими?

Жавоб: Ҳаж ибодати, агар рисоладагидек адо этилса ва Аллоҳ таоло даргоҳида қабул бўлса, банда билан Аллоҳнинг ўртасидаги гуноҳлари кечирилади. Аммо зиммасида бошқа бир банданинг ҳақи бўлса, уни ўтамагунича кечирилмайди. Қарз ҳатто Аллоҳ йўлида жон берган шаҳиддан ҳам кечирилмайди. Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ : “Шаҳиднинг қарздан бошқа ҳамма гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.

Модомики, бировнинг ҳақи шаҳид бўлган кишидан ҳам кечирилмас экан, бошқалардан асло кечирилмаслиги турган гап. Шунинг учун танишингиз имкони борида қўшнисининг фарзандларига бориб, бўйнидаги қарздан қутулиши зарур.

 

Савол: Тиш ковагини тўлдириш (пломба) ёки мутахассис тавсиясига кўра, коваги, заруратан тўлдирилган тишни қоплатишдан олдин таҳорат олиш керакми?

Жавоб: Бу жобира (яра устига боғланган дока ва шу кабилар) ҳукмида бўлгани учун уни тўлдиришдан ё қоплашдан олдин таҳоратли бўлиш шарт эмас. Бу ҳол зарурат бўлганидан ғусл ва таҳоратга моне бўлмайди.

 

Нўъмон Абдулмажид ёзиб олди.