Ўзбек тилининг изоҳли луғатида: “Мадраса – диний мактаб, мударрис – дарс берувчи мадраса муаллими”, деб тушунтирилган. Аллоҳга шукр, мустақилликка эришганимиздан сўнг мадрасаларда диний билимлар қатори дунёвий билимлар ҳам берилгани, буюк алломалар мадрасаларда таълим олишгани эътироф этилди.

Қўқон шаҳридаги Фарғона вилояти адабиёт музейи хазинасида шоир Мухлиснинг алоҳида вараққа чоп этилган “Мартабаи уламо” (“Олимлар мартабаси”) сарлавҳали мухаммаси сақланади. Мухаммаснинг ёзилиш тарихи ҳақида бундай изоҳ берилган: “Тошканд фуқароларининг жаноби уламои киромларга бу қадар муҳиб ва фидокорликлари сабабли муҳтарам биродарларимиз илтимосларича зуҳурға келмишдир”.

Ноширлар: Шамсиддинхўжа мулла Нуриддинхўжа ўғли билан Абдулваҳҳоб Абдулмажид оқсоқол ўғли.

Улар мухаммасдан олдин Алишер Навоий қаламига мансуб илм ҳақидаги икки рубоийни ҳам келтиришган. Мухлис ҳақида “Тазкираи Қайюмий”нинг III жилдида бундай дейилган:

“Бу киши асли наманганлик бўлиб, Бухорода таҳсил этмиш ва кўпинча ҳаётини сайру саёҳат ила ўткармиш ва Бухорода амир Насрулло даврида Лаби Ҳавзи Девонбеги майдонида ваъз сўзлар айтмиш. Вафоти тўғрисида бирор сўз йўқ. “Туҳфатул обидин” эгаси шоир Обид Намангоний қори Исомиддин воиздан эшитиб, ёзадир. Номи Мулла Муҳаммадёр дебдур. Кичикроқ бир девони бор”.

Келгусида шоир Мухлис ҳаёти ва ижодига оид янги манбалар топилади, деган умиддамиз.

Ҳасанжон ОТАЖОНОВ,

Фарғона вилояти адабиёт музейи ходими

Дилфузахон ТОЖИБОЕВА,

кичик илмий ходим