• Рукни: Мерос

Мирзо Умар Дарбандий (Хўшачин) 1910 йили Бойсун туманидаги Дарбанд қишлоғида туғилган. Бошланғич таълимни эски мактабда олгач, Қори Миёнжон, Домла Девонқул, Мулла Муҳаммадқуд ва Қори Абдуҳафиз каби ўша даврнинг олим, фозил кишиларидан қироат, тафсир, фиқҳ, ҳадис ва сарфу наҳв илмларини ўрганган. Мустабид шўролар тузумининг шафқатсиз сиёсати Мирзо Умар ҳаётини ҳам зимистонга айлантирди. 18 ёшида уни бойнинг, мулланинг ўғли деб, қамашади. Кўп йиллар сургун ва тутқунликда бўлган Мирзо Умар 1945 йили авф этилади.. Аммо ундан кейин ҳам тазйиқу қувғинлардан қутулолмайди. Хожа Ҳофиз Шерозий, Шайх Саъдий, Абдураҳмон Жомий, Мирзо Бедил, Машраб ва Сўфи Оллоёр меросини катта қизиқиш билан ўрганади. Мирзо Умарнинг ғазал ва мухаммаслари мазмундорлиги ва мусиқийлиги билан ажралиб туради. Уларда Қуръони карим оятлари, ҳадис ўгитлари, тасаввуф ҳикматларининг таъсири нақадар кучли эканини кўрамиз. 2001 йили шоирнинг “Муножот” номли тўплами чоп этилган.

Жаъфар МУҲАММАД

 

Фазлингни тобон эт

 

Дари раҳмат очиб, ё Раб,

                        улуғ фазлингни тобон эт,

Сўниб қолган чироғимни

                        карам бирлан дурахшон эт!

 

Кўтарсам орқалаб,

                        ҳурматларини жобажо қилсам,

Муяссар айласанг шояд,

                        ғариб кулбамга меҳмон эт!

 

Агарда топмасам ҳаргиз

                        сўроқлаб меҳрибонимни,

Мозоридин насиб айлаб,

                        Илоҳо, Сен намоён эт!

 

Аламда ўртаниб, қаддим букилди,

                        манга йўқ чора,

Ўзинг раҳм айлабон, ҳозиқ табибим,

                        чора-дармон эт!

 

Карими корсозо,

                        бу ғарибнинг ҳоли зорига

Мурувват қил, Ўзинг матлубига еткур,

                        гулистон эт!

 

Муяссар айласанг йўқни

                        қилурсан қайтадан барпо,

Намозу рўзаю ҳажжин қабул айлаб,

                        чароғон эт!

Агар бул Хўшачин борса ёруғ

                        юз бирла қошингга,

Сифотинг, бирлигинг ҳаққи,

                        ҳисоб анжомин осон эт!

 

Нури чашмонимга айт

Қоғазо, борсанг саломим

                        дўсти жононимга айт,

Сирру аҳволимни сен ул

                        бевафо хонимга айт.

Гар борарсан шул томон,

                        фарзанди нодонимга айт,

Қайта-қайта ёзганимни

                        барча ёронимга айт,

Қалб сўзимни бориб ул

                        моҳитобонимга айт.

 

Эй дилим, дунё ўтар,

                        дўст излабон жон қил фидо,

Дўстий ноний тил билан

                        сан изла дўсти бериё.

Дўсти жон топма эсанг,

                        бўл қалбаки дўстдин жудо,

Дўсти жонийдин ҳазар

                        қилма агар қилса хато,

Бул каломимни бориб,

                        ул нури чашмонимга айт.

 

Кўп эрур инсон ва лекин

                        излабон фарқини бил,

Ҳар кишининг ўз мақомига

                        қадам қўй, фикр қил,

Тонмасалар айбини айтиб,

                        паришон қилмагил,

Дўсти жоний ҳеч топилмас,

                        дўсти ноний бўлмагил,

Хўшачин, бу сўзларингни

                        қалби нолонимга айт.

 

Кўп доғу армон манда бор

Мақсудимга етмасам гар,

       доғи армон манда бор,

Шул алам бирлан агар ўлсам,

       на дармон манда бор.

Ёру дўстимдан адашдим,

       манга йўқдур ичкуяр,

Найлайин бахти, қароман,

       доғи ҳижрон манда бор.

 

Ўз қўлумда мени ҳам

       кўб ихтиёрим бор эди,

Давлатимни ёзида бир

       нечалар дилдор эди.

Кўп қариндошу уруғлар,

       ҳар бири ғамхор эди,

Вой, бул вайрона уйда

       чашми гирён манда бор.

 

Кетди бори ичкуяр,

       дардимга дору қолмади,

Ҳеч дўст ҳолин нечук деб

       бир келиб ҳол сўрмади.

Вой, эсиз ўткан ҳаловатлар

       насибим бўлмади,

Йиғламай найлай бу кун,

       чоки гирибон манда бор.

 

Қўл солиб ҳар кўчада

       юрмоққа ҳолат манда йўқ,

Телбалардек дарбадарман,

       ҳеч бизоат манда йўқ.

Танда роҳат, белда қувват,

       ҳеч фароғат манда йўқ,

Булбули саргаштадек

       юз оҳу афғон манда бор.

 

Хўшачин, бахту саодатга

       қувонма, йўл узоқ,

Бандалик қил, бандалик қил,

       йўлда юз мингдур тузоқ.

Телба чашминг ётди ғафлатда,

       буён солгил қулоқ,

Шукрлар қилгил шод бўлки,

       имон манда бор.