• Рукни: Мерос

Бухоро шаҳридан олти чақирим ғарбда қадимги Сумитон қишлоғи ҳудудида "Чор Бакр" зиёрат­гоҳи жойлашган. Тўртта авлиё –Абу Бакр Ҳомид (937 йили вафот этган), Абу Бакр Тархон (945 йили вафот этган) Абу Бакр Саъд (970 йили вафот этган) ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл (991 йили вафот этган) шарафига бу мавзе "Чор Бакр", яъни "Тўрт Бакр" деб аталган. Бу зиёратгоҳга Жўйбор хожалари дафн этилган.

Саид Муҳаммад Носириддиннинг "Туҳфат аз-зоирин" китобида ёзилишича, Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлнинг қабрлари "Чор Бакр"да, лекин Абу Бакр Ҳомид ва Абу Бакр Тархон бош­қа-бош­қа жойга дафн этилганлар.

"Жўйбор хожалари" номи билан машҳур бўлган нақш­бандийлар Абу Бакр Саъд ҳазратларининг авлодлари ҳисобланади. Шу авлодга мансуб Хожа Ислом Жўйборий (1493–1563) саъй-ҳаракатлари била "Чор Бакр" зиё­ратгоҳида тарихий обидалар қад кўтарган.

Нақшбандия тариқатининг ривожига катта ҳисса қўшган Хожа Ислом, Хожа Саъд (Хожаи Калон), Хожа Тожиддин Ҳасан, Муҳаммад Юсуф Хожа, Муҳаммад Аббосхожа каби Жўйбор хожаларининг тарих олдидаги хизматлари, эл-улусга ғамхўрликлари, хайру саховатлари, мардликлари, ватанпарварликлари тўғрисида Ҳофиз Таниш Бухорийнинг "Абдулланома" (XVI аср), Ҳусайн ас-Сарахсийнинг "Маноқиби Саъдия" (XVI аср), Дўстмуҳаммад Бухорийнинг "Жўйбор ал-асрор" (XVII аср) китобларида маълумотлар берилган.

Тарихий манбаларда таъкидланишича, Жўйбор хожаларининг донишмандлиги ­туфайли хону амирлар орасидаги низолар бартараф этилган.

Ҳукмдорлар Жўйбор хожаларига беҳисоб ерларни вақф қилиб берган. Хожалар шу ерлардан келадиган даромадни эл-улусга тарқатган, юрт­ни ободонлаштириш учун сарфлаган. Айтишларича, улар ҳар куни мингта нонни муҳтожларга улашар экан.

Собиқ Иттифоқ даврида Бухорои шарифдаги барча зиёратгоҳлар қатори "Чор Бакр" ҳам ярим вайронага айланди. Алломаларнинг қабрлари ковланиб, руҳи поклари таҳқирланди, жоме масжиддаги ноёб осори атиқалар, қўлёзмалар талон-торож қилинди.

Мустақиллик шарофати туфайли мажмуа тўла-тўкис таъмирланиб, масжид мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди.

 

Азизбек АШУРОВ,

Бухоро шаҳридаги "Маҳмуд Торобий"

жоме масжиди имом-хатиби