• Рукни: Мерос

Жаҳон маданияти тарихида бетакрор сиймо сифатида ўчмас ном қолдирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур нисбатан қисқа умр кўрди. Ундан “Бобурнома”, лирик шеърлар – ғазаллар, рубоий, туюқ ва маснавийлар мерос бўлиб қолди. “Бобурнома” – Бобур ижодининг кўрки.

Бунда Бобурнинг қадами етган эл-юртлар тарихи, географияси, наботот ва ҳайвонот олами, об-ҳавоси, маданий муҳит ва турли тоифа инсонлар тавсифи мужассам. “Бобурнома” – чархнинг “жавру жафо”лари, шоир кўнглига етказган “дарду бало”лари, тождорлигу “балойи таъна”лар ифодаси.

 

Даврон мени ўткарди сару сомондин,

Ойирди мени бир йўла хонумондин,

Гаҳ бошима тож, гаҳ балойи таъна,

Неларки бошимға келмади даврондин.

 

Бобур шахсиятида жуда камдан-кам инсонга насиб қиладиган мукаммал бир хислат – шоҳ ва шоирлик қисмати уйғунлашди. Дунё ишларига бутун вужуди билан шўнғиш, юртма-юрт кезиб, улкан бир салтанат бунёд қилиш, унинг тинчини сақлаш, оқилона бошқариш – бу бир инсон умрини безайдиган эзгу ташвиш. Айни чоғда кўнгил билан ёлғиз қолиш қилмишларини тарозида тортиш, тафаккур оламини кўркам сўзга солиш, ўзни тинимсиз тергаш ва ишидан қониқмаслик, ҳақиқатга мардона қараб, чин ва холис ёзиш, воқеликни ортиқча безатмай баён этиш – жуда оз истеъдодли қалам эгалари манглайига битилган ёзиқ...

Бобур қалбидаги ҳижрон ва висол, ғурбат ва вафо туйғулари давроннинг жавру жафоларига, “диёру ёр”ига бориб тақалади. Зеро, васл “юз йилғи ҳижрон”ни унуттиради.

Ишқ дардини чекиб ҳар ким топса васли ёр,

Ул замон бўлғай унут юз йилғи ҳижрон шиддати.

Ишқ дарди ошиқни “жунун аҳли” билан ошно этади. Бунда жунуну ишқу йигитлик бори” қоришиб кетади. Ошиқнинг “телба бўлмоқлиқдин ўзга” чораси қолмайди. “Ишқ ила девоналиғда бўлмишам соҳиб камол”, дейди шунда у.

Девона кўнгил”, “телба кўнгил”ли ошиққа оқилнинг насиҳати ҳам фойда бермайди:

 

Қўй, эй оқил, насиҳат сўзларниким

                             дилписанд эрмас,

Менинг девона кўнглимга насиҳат

                             судманд эрмас.

 

Бундай бетакрор инсоний эътирофлари, ўзи ҳақидаги “рост ҳикоятлар” Бобур ижодининг асос-ўзагидир. Зеро, шоирнинг ишқ дафтарини варақлаш ва кўнгил дардини теран тушуниш кишини маънан юксалтиради... Бобурнинг ҳаёт йўлида шундай вазиятлар бўлдики, “кўнгли тилаган муродига” ета олмади, аммо орзу-ниятларини, мурод-мақсадларини тарк ҳам этмади. “Бошини олиб бир сориға” кетиш ғояси шоир ижодида кўп такрорланади. Ҳижрон, ғурбат ва ғариблик аламидан унинг, “ичи қон бўлди”. Бошига келган бир дунё ғам ва алам йиллар ўтиб, “роҳат била ишратқа мубаддал ўлди”. Бироқ унинг қалби бу билан таскин топмади, тинчланмади, хотиржам бўлгани йўқ:

 

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

 

Бобур учун киндик қони тўкилган юрти тупроғи жуда азиз эди. Ҳижрон, ёлғизлик, ғаму алам, эҳтимол боиси ҳам шундан. Чунки ошиқ висолни, мазлум адолатни, тутқун озодликни орзу қилади.

Бобур ўзи эгаллаган жойларни, жумладан, ҳинд мамлакатини ҳам обод қилди. Буни кейинчалик Жавоҳарлаъл Неру: “Бобур дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган, у санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур қилишни яхши кўрарди”, дея эътироф этди.

Бобур табиатан мард, меҳр-мурувватли, саховатпеша, кечиримли. Зотан, тарих саҳифаларида ўзига ёмонлик, баъзида хиёнат қилган, ҳатто ошига заҳар қўшиб ичирган кимсаларни кечирган вазиятлар ҳам битилган. Муҳаммад Ҳайдар Мирзо “Тарихи Рашидий” асарида ёзади: “ У турли гўзал фазилатлар, мақтовга лойиқ сифатларга эга эди. Барча сифатлари ичида шижоат ва мурувватпешалиги устун келарди”. Ўз қилмишлари учун надомат чеккан яқинлари аҳволини тушунади. “Бағрикенг Бобур буларнинг хижолат ғуборларини одамгарчилик ва яхшилик суви билан ювишга ҳаракат қилди”, деб таъкидлайди Муҳаммад Ҳайдар Мирзо. Шоир учун “...даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ” деган гап жуда муҳим.

Ҳамма нарса ўткинчи, ҳаммаси йўқликка кетди. “Бори элга яхшилиғ” қилган, башариятга гўзал асарлар тақдим этган Бобурдан яхшилик, яхши ном қолди.

 

Баҳодир КАРИМ,

филология фанлари доктори