• Рукни: Мерос

Илоҳий китобларнинг энг охиргиси Қуръони карим Пайғамбаримиз Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) 23 йил мобайнида нозил қилинган. Қиёматга қадар Қуръони каримнинг асл ҳолида, бир хил матни ва қироатида ўзгармасдан сақланиши, аввало, Аллоҳ таолонинг хоҳишидир. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло ваъда бериб, Қуръони каримда шундай баён қилади: "Албатта, бу зикрни (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз" (Ҳижр, 9).

Қуръони карим Пайғамбаримизга нозил бўлиб турган чоғида, саҳобаларга тиловати ўргатилар, шу тарзда ёд олинарди. Аммо шу билан кифояланмай Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузуридаги илмли, хат-саводи бор кишилар, ул зотнинг топшириғи билан оятларни хурмо пўстлоқларига, япалоқтош, тахтачаларга, тери ва ҳайвонларнинг курак суякларига ёзиб боришган. Маълумотларга кўра, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида Қуръонни ёдлаган ўттиз киши қаторида 44 нафар ваҳий ёзиб борувчи котиблари, айниқса, уларнинг ўн тўрттаси машҳур бўлгани тилга олинади.

Шаъбий айтадилар: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) замонларида Қуръонни олти киши жам қилган эди. Убай, Зайд, Муоз, Саъд ибн Убайд, Абу Зайд ва Мужаммиъ ибн Жория, муҳожирлардан Усмон, Али, ибн Масъуд, Солим Мавло Ҳузайфа, Абдуллоҳ ибн Умар ва ибн Ослар ҳам Қуръонни жам қилганликлари ҳақида ривоятлар бор.

Ҳазрат Абу Бакр замонига келиб Қуръонни саҳифаларга жойлаш зарурати туғилади.

Бу ҳақда Ҳазрат Умар Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқга мурожаат қилади. Шунда Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ Қуръонни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида ёзиб борган навқирон саҳобалардан бири Зайд ибн Собитни ҳузурига чорлаб, унга Қуръонни чуқур ўрганиб, бир китобда жам қилишни амр қилади. У эса Қуръонни ёд олган кишилардан, хурмо япроқларидан ва япалоқтош, тахтачалардан бирма-бир йиғиб, Аллоҳнинг каломини саҳифаларда жам қилади. Ана шу саҳифалар Ҳазрат Абу Бакрнинг вафотларигача у зотнинг қўлларида, сўнг Ҳазрат Умарнинг қўлларида бўлади. Кейинчалик эса Ҳазрат Умарнинг қизлари Ҳафса онамизда сақланади.

Имом Бухорий ривоят қиладилар: ҳижратнинг 25 йили Ҳузайфа ибн Яман Ҳазрат Усмоннинг олдиларига келади. Уни Шом ва Ироқ аҳлининг Қуръон тиловати борасидаги ихтилофи, яъни ҳар бирлари ўз лаҳжасида талаффуз қилишлари ташвишга солган эди. Ҳузайфа Ҳазрат Усмонга: "Эй мўминлар амири, мусулмонлар Қуръон хусусида яҳудий ва насоролар каби ихтилоф қилмасларидан бурун, бу умматнинг ҳолидан хабар олинг", дейди. Шунда Ҳазрат Усмон Ҳафса онамизга одам юбориб: "Саҳифаларни бизга бериб туринг ундан нусха олиб, сизга яна қайтариб берамиз", - деб сўрайди. Ҳафса онамиз қўлидаги саҳифаларни юборгач, Ҳазрат Усмоннинг амрига кўра, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саййид ибн Ос, Абдураҳмон ибн Ҳорис, ибн Ҳишомлар ушбу саҳифалардан кийик терисига мусҳаф қилиб нусха кўчиришади. Маълумотларга кўра, Ҳазрат Усмон буйруғи билан ўша даврда (милодий еттинчи асрда) кўчирилган ушбу Мусҳафлар олти дона бўл бир донадан Макка, Мадина, Шом, Куфа, Басра аҳлларига жўнатилади. Бир нусхасини Ҳазрат Усмон ўзида сақлайди.

Уламолар айтадилар: Ҳазрат Абу Бакр ва Ҳазрат Усмоннинг Қуръонни жам қилишлари орасида фарқ бор. Ҳазрати Абу Бакр қори ва саҳобаларнинг ўлими билан Қуръондан бирон-бир нарса йўқолиб кетмасин деб жам қилдирган, чунки унгача Қуръон саҳифа шаклида жамланмаган эди. Ҳазрат Усмон эса қироат хусусида ихтилоф кўпайиб кетганлиги, ҳар ким ўз лаҳжасида ўқийверганлиги, унинг оқибатида бир-бирларини айблаш бошланганлиги ва фитнанинг катталашиб кетишидан қўрққанликларидан, мазкур лаҳжалардан Қурайш лаҳжаси асосида бир қироат йўлида, бир хил Мусҳаф қилиб нусха олдирдилар. У анборий-химёрий хат турида ёзилди. Бу ёзув Ҳижозда ҳам тарқалган, Ҳижозий деб ҳам аталади. Ҳазрат Усмон Мусҳафи ҳар хил ёрдамчи шакл ва нуқталардан холи, турли кўрсаткичлар ҳамда аломатлар қўйилмаган.

Ушбу Мусҳафнинг Ўрта Осиё заминига келтирилиши тарихи ҳақида турли ривоятлар мавжуд.

Мусҳаф узоқ йиллар Самарқанддаги Нодир Девонбеги Тоғо мадрасасида сақланди. Туркистонни руслар босиб олгандан сўнг, 1869 йили Зарафшон генерал-губернатори Абрамов ушбу Мусҳафни Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфманга, у эса ўз навбатида Санкт-Петербургга Император кутубхонасига бериб юборади.

Ҳазрат Усмон Мусҳафи 1917 йилдан кейин Россия мусулмонлари идорасига берилади. Ўшанда Россия мусулмонлари идораси Уфа шаҳрида жойлашган эди. Тошкент, Сирдарё уламолари Усмон Мусҳафини ўз юртларига қайтарилишини талаб қилиб Россияга, Уфа мусулмонлари идорасига бир неча бор мурожаат қиладилар. Ниҳоят, етти йиллик ёзишмалар ва бориб-келишлар натижасида 1924 йилда Мусҳаф махсус поезд билан Тошкентга келтирилади ва Хожа Аҳрор Валий масжидида, кейинчалик Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақлаб келинади. 1989 йили Юртбошимизнинг ташаббуслари билан мусулмонлар идорасига тақдим қилинади. У ҳозир Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида "Мўйи Муборак" мадрасаси музейида эътибор ва эъзоз билан сақланмокда.

Ушбу Мусҳафнинг қадрини оширадиган, уни Ҳазрат Усмон ўзларига қолдирган Мусҳаф дейишга асос берадиган яна бир жиҳат бор. Тарихдан маълумки, Ҳазрат Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) шу Қуръонни ўқиб ўтирганларида шаҳид бўлганлар. Ушбу Мусҳафнинг (Бақара сурасининг 137-ояти) устида у кишининг муборак қон излари сақланиб қолган.

Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти томонидан 2000 йилнинг 28 августида ушбу Мусҳаф Ер юзида ягоналигини тасдиқловчи ҳужжат-сертификат ҳам берилган.

 

Таҳририят