Валихон тўра Унвоний (1902–1962) ўтган аср ўрталаригача Наманганда яшаб ижод этган. 

Валихон тўра Унвоний ёзган муножот, мухаммас, мураббаъ ва марсияларда инсоф, адолат, поклик, ҳалоллик, камтарлик, меҳр-оқибат каби юксак фазилатлар улуғланади.

 

 

АЙЛАГИЛ, Ё РАБ

 

 

Солиб ишқинг ўтин, бағримни бирён айлагил, ё Раб,

Забоним вирдини[1] такрори Қуръон айлагил, ё Раб,

Кўнгил маъвосига ёдингни меҳмон айлагил, ё Раб,

Хаёлингни кўнгил тахтига султон айлагил, ё Раб,

Муҳаббат дардини жонимга пинҳон айлагил, ё Раб.

Бу дунё мулку молин охири ҳечу ҳабо[2] эрмиш,

Ажаб ғаддордурким, шеваси жабру жафо эрмиш,

Онинг толибларин доим иши ранжу изо эрмиш,

Жаҳон раънолари чун бевафою бебаҳо эрмиш,

Мени ул бевафолардан ҳаросон[3] айлагил, ё Раб.

Ҳама ишқу муҳаббат аҳлини ёру содиқим қил,

Ҳабибинг пайравида[4] жодаи[5] ислом тариқим қил,

Бериб зуҳду қаноат таъмини оби савиқим қил,

Ҳамиша ҳилм ила сабру тавозеъни рафиқим қил,

Ҳавою нафсу шайтонимни сарсон айлагил, ё Раб.

Иноят айласанг, бу дийдаи пурғафлат очилса,

Бу жоним бир неча кун танда меҳмон эрканин билса,

Гунаҳдин тавба айлаб, зуҳду тақво пешасин қилса,

Ажал етгач, малак амринг билан жон олғали келса,

Ўшал ҳолатда жон бермакни осон айлагил, ё Раб.

Дариғо, қилмадим иқдом[6] ибодат, хайру эҳсонга,

Бўлиб эмди пушаймон, дил тўла афсус, армонга,

Етушса бир куни ногаҳ кетишни навбати жонга,

Куюб жисмим, қуриб оғзим, кўзим термулса ҳар ёнга,

Карам дарёсидан бир қатра эҳсон айлагил, ё Раб.

Бу янглиғ кеча-кундуз журму исён кўйида юрсам,

Баҳоимдек[7] ҳамиша еб-ичиб нафсим қувонтирсам,

На манда бандалик тоат-ибодатни қийин кўрсам,

Санга лойиқ амал қилмай омонат жонни топширсам,

Қиёмат кун менинг туҳфамни имон айлагил, ё Раб.

Туганса ризқу рўзим, кетса тандан қуввату тобим,

Надоматдан тўкилса икки кўздан ашки хунобим,

Лаҳад сориға юзлансам, кафандан бўлса асвобим[8],

Қўйиб гўр ичра ёлғуз, қайтсалар асҳобу аҳбобим,

Гўр ичра ҳамдамимни ҳури ғилмон айлагил, ё Раб.

Агарчандики умрим ўтди фисқу маъсиятларда,

Хаёлим кеча-кундуз мулку молу сийм ила зарда,

Эрурман осию шармандалар хайлига[9] саркарда,

Мени осий кўтарсам бош лаҳаддан рўзи маҳшарда,

Муҳаммадни шафийи журми исён айлагил, ё Раб.

Лаҳаддин бош кўтариб арсаи[10] маҳшар сари юрсам,

Ҳама қилғон ишимни номаи аъмолимда кўрсам,

Ҳижолатлар чекибон на қилурни билмайин турсам,

Кўриб лутфу карам Сандин агар жаннат аро кирсам,

Кўзим партави ҳуснингга ҳойрон айлагил, ё Раб.

Ёмон нафсимни ислоҳ қилмадим бир маърифат бирла,

Шарорат айладим жонимга зулму маъсият бирла,

Ўзинг сатр айлагил айбим ҳижоби маърифат бирла,

Дариғо, умрим ўткардим гуноҳу маъсият бирла,

Бу қилғон феъли зиштимдан[11] пушаймон айлагил, ё Раб.

Ўзинг тавфиқ ҳудоти-ла[12] шиорим зуҳду тақво қил,

Дилим ойинасини занги кисватдин[13] мусаффо қил,

Қулоғим яхши сўзлар тингламоққа соҳиби исғо[14] қил,

Тилимни неъмати узмоларинг[15] шукрига гўё қил,

Кўзимни охират хавфида гирён айлагил, ё Раб.

Харобдур ботиним, лекин қилибман зоҳирим тазйин,

Нечунким дилда кўпдир кизб ила бухлу нифоқ мандин,

Дилин дардига Унвоний шифо уммид этар Сандин,

Гирифтори маризи жаҳл эрмиш Файзий, эй мискин,

Ўзинг лутфинг била бу дардга дармон айлагил, ё Раб.

 

Нашрга Муҳаммад ЖАББОРОВ тайёрлади.



[1] Вирд – тинимсиз қайтариш.

[2] Ҳабо – зарра, заррача.

[3] Ҳаросон – қўрққан, ваҳимага тушган.

[4] Пайрав – эргашувчи, изидан борувчи.

[5] Жода – йўл.

[6] Иқдом – журъат.

[7] Баҳоим – ҳайвонлар.

[8] Асвоб – кийим.

[9] Хайл – тўда, гуруҳ.

[10] Арса – майдон.

[11] Зишт – кўримсиз, қўпол.

[12] Ҳуда – тўғри йўл.

[13] Кисват – парда; кийим.

[14] Исғо – тинглагувчи, эшитгувчи.

[15] Узмо – энг улуғ, катта.