Имоми Аъзамнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) шогирди Абу Мутиъга жавоблари

 

Энг улуғ ва энг содда фиқҳ нима?

Жавоб:

Кимсани гуноҳи учун кофирга чиқармаслигинг, бирорта одамни имонсиз деб маҳкум қилмаслигинг, яхшиликка буюришинг ва ёмонликлардан қайтаришинг, сенга теккан нарсанинг тегмаслиги мумкин эмаслигини, сенга тегмаган нарсанинг тегиши мумкин эмаслигини билишинг, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларидан бирорталаридан ўзингни четга тортмаслигинг, бирларидан бирларини яқин тутмаслигинг. Ҳазрат Усмон ва ҳазрат Алининг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) воқеаларини Аллоҳга ҳавола қилишинг, улардан бирини иккинчисидан афзал деб билмаслигинг энг содда ва энг улуғ фиқҳдир.

Энг афзал фиқҳ қайси?

Жавоб:

Банданинг Аллоҳга имон келтиришни, диний вожибларни, суннатларни, тўсиқларни, умматнинг ихтилофларини билиши энг афзал фиқҳдир.

Имон нима?

Абу Ҳанифа шундай жавоб бердилар:

Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқама ибн Муршиддан, у эса Яҳё ибн Яъмурнинг Ибн Умарга (Аллоҳ улардан рози бўлсин) қуйидаги савол билан мурожаат этганини ривоят қилган:

– Дин тўғрисида хабар беринг-чи, у нима ўзи?

Ибн Умар жавоб қилдилар:

– Имон келтирсанг, уни биласан.

Яҳё ибн Яъмур:

– Бўлмаса, айтинг-чи, имон ўзи нима? – дедим.

Шунда Ибн Умар қўлимдан ушлаб бир кекса чолнинг олдига олиб бордилар, унинг ёнига ўтқизиб қўйдилар ва: "Бу мендан имон нима ўзи? – деб сўраяпти дедилар. – Бу кекса чол Бадр муҳорабасида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга иштирок этганлардан", дедилар-да, менга юзланиб:

– Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида эдим, бу кекса чол мен билан бирга эди. Шу пайт Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бошида салласи бор, чиройли кўринишдаги бир киши кириб келди. Биз уни бадавий араблардан бўлса керак, деб ўйладик. У одамларнинг елкалари оша ўтиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларида тўхтаб:

– Эй Аллоҳнинг элчиси, имон нима? – деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб қилдилар:

– "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчиси" деб иқрор бўлмоқлигинг. Аллоҳнинг фаришталарига, Қиёмат кунига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига ишонмоқ­­ли­гинг­дир.

Мўйсафид, тўғри айтдинг, деди. Биз, бадавийларнинг саводсизликларига қарамай, бу мўйсафиднинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзларини тасдиқлаётганидан ажабландик. Мўйсафид сўзида давом этиб:

– Эй Аллоҳнинг элчиси, Исломнинг арконлари нима? – деди.

– Намоз ўқимоқ, Рамазон ойи­да рўза тутмоқ, закот бермоқ, имкони бор одамга Байтуллоҳга ҳаж қилмоқ, жанобатдан ғусл қилмоқ, – дедилар Пайғамбаримиз.

Мўйсафид:

– Тўғри айтдинг, – деди.

Биз яна унинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзларини тасдиқ қилаётганидан ажабландик. Гўё у Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таълим бераётгандек эди.

– Эй Аллоҳнинг элчиси, эҳсон нима? – деди мўйсафид.

– Аллоҳни кўриб турганинг­дек иш қилмоғинг. Чунки сен Уни кўрмасанг ҳам, албатта, У сени кўриб туради, – дедилар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).

– Тўғри айтдинг, – деди мўйсафид ва:

– Қиёмат қачон бўлади? – деб сўради.

– Сўралаётган сўрагувчи одамдан билимдонроқ эмас, – деб жавоб бердилар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).

Шундан сўнг мўйсафид ўрнидан турди, у одамлар орасига киргач, биз уни кўролмай қолдик. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

– Ушбу мўйсафид Жаброил (алайҳиссалом) эдилар. У сизларнинг олдингизга динингиз асосларини таълим бергани келди, – дедилар.

Агар банда юқорида зикр этилганларга қаттиқ ишонса ёки уларга иқрор бўлса, у мўминми?

Жавоб:

– Ҳа, агар банда уларга иқрор бўлса, демак, Исломнинг барча таълимотларига иқрордир ва у мўминдир.

 

"Ал-фиқҳ ал-абсат" китобидан