Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) бир қорининг: "Аллоҳ ва унинг расули мушриклардан безордир" (Тавба, 3) оятини "Аллоҳ мушриклардан ва ўз расулидан безордир" деб ўқиганини эшитиб, қаттиқ таъсирландилар. Шундан кейин ўша замоннинг донишмандларидан Абул Асвад Дуалийга мусулмонлар Қуръони каримни тўғри ўқиб, тўғри тушунишларига ёрдам берадиган қоида ва йўриқлар мажмуасини тузиш вазифасини топширдилар.

Абул Асвад Дуалий ишлаб чиққан араб тилининг қонун-қоидалари илми "Ан-наҳв" деб аталади. У жуда қисқа вақт ичида - VII асрнинг иккинчи ярми ва VIII асрнинг биринчи ярми давомида шаклланиб, мукаммал бир фан даражасига етди. Бу тарихий ҳодиса соҳа мутахассисларини ҳанузгача ҳайратлантиради.

Абул Асвад Дуалийнинг наҳв илмига асос солган асарлари бизгача етиб келмаган.

Наҳв илмига оид бизгача етиб келган китоблардан энг қадимийи Абу Бишр Амр ибн Усмон ибн Сибавайҳ Басрийнинг "Ал-Китоб" асаридир. 568 бобдан иборат бу асарда муаллиф ўзидан олдин ўтган барча наҳв олимларининг фикрларини жамлаган ва тўлдирган. Араб олимларининг фикрича, бу асарда араб тили грамматикасининг қонун-қоидалари мукаммал баён қилинган. Сибавайҳдан кейинги наҳв олимлар араб тилини ўрганишни истаган кенг оммани ҳисобга олган ҳолда "Ал-Китоб"да берилган қоидаларни бир тартибда жойлаштириш, уларни соддалаштириш, умумлаштириш, бошқа мисоллар ёрдамида тушунтириш билан шуғулланишган.

Ватандошимиз буюк мутафаккир Маҳмуд Замахшарий араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, жуғрофия, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид элликдан ортиқ асарлар яратган. "Ал-Муфассал" (1121 йил) асари наҳв фанини ўрганишда йирик қўлланма сифатида шуҳрат топган. Кўпчилик олимлар илмий қиммати жиҳатидан бу асар Сибавайҳнинг "Ал-Китоб"идан кейин иккинчи ўринда туради, деб таъкидлашади. "Ал-Муфассал"нинг ихчамлаштирилиб, мухтасар ҳолга келтирилган нусхаси "Ал-Унмузаж" ("Намуна") номи билан аталади. Алломанинг грамматикага оид "Шарҳ аб­йат китоб Сибавайҳ" асари Сибавайҳнинг китобига ёзилган мукаммал шарҳдир.

Ўша даврнинг ўзидаёқ асар араб тилини ўрганишда асосий қўлланмалардан бири сифатида кенг тарқалган. Ҳатто Шом (Сурия) ҳокими Музаффариддин Мусо ушбу асарни ёд олган кишига беш минг кумуш танга ваъда қилган эди. Бир қанча кишилар асарни ёд олиб, мукофотга ҳам сазовор бўлгани манбаларда келтирилган. Асарнинг бир қўлёзма нусхаси Тошкентда, ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланади.

 

Мавлуда СУЛАЙМОНОВА,

Тошкент Ислом институти талабаси