• Рукни: Мерос


Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди ўз даврининг улуғ бир эпопеяси бўлса, Ҳабибулла Қодирий батамом шу эпопеянинг ичида, унинг бутун залвори, масъулиятини елкасида кўтариб, азамат Алпомиш каби яшарди.

У Абдулла Қодирий ҳаётининг ҳар ер, ҳар томонда сочилиб, кўмилиб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида ётган қимматли жавоҳирларни йиғди, уларни ўзи гувоҳ бўлган, ўзи кузатган ҳодисалар билан қиёслади, таҳлил қилди, худди изланувчи олимлардай катта миқёсда тадқиқот ишларини олиб борди. Жуда катта ёзувчи каби уларни таснифлади ва ижодий, ижтимоий ва маданий тизимга айлантирди. У Абдулла Қодирийга муносиб фарзанд, унинг мухтор вакили, янги замонлардаги мухтор элчиси каби фаолият олиб борди. У Қодирийни қанчалар теран билишини, теран тушунишини кўрсатди. Унинг китоби ёзувчини халққа янада яқинроқ, янада севимлироқ, янада виқорлироқ қилиб қўйди. У замон зиддиятлари ва фожиаларига тўла ўлмас асар яратди. Уни Л.Н. Толстой, Ф.М. Достоевский яқинлари замонларга қолдирган хотира асарлари билан тенглаштириш мумкин.

Отага фарзанд Ҳабибулла Қодирийдай бўлсин, деб юраман. Ҳабибулла Қодирийдай фидокор ва жонкуяр бўлсин. Ота изидан борган оғмас одимлари бу дунёда ҳеч нарса ўз-ўзидан ва тасодифан рўй бермаслигини, юлдузлар кўкда ҳамон боқийлигини кўрсатди.

Иброҳим ҒАФУРОВ


 

ЧИН ИНСОН

 

Дадам Абдулла Қодирий бир куни қора муқовали форсчами, туркчами қалин бир китобни ўқиб ўтирдилар-да, маъқул тушди шекилли, “қулоқ сол”, деб бу байтни ўқидилар:

Сен туғилган замонлар куларди олам,

Сен ўлдиғинг замонлар йиғласин олам.

– Шоир фикри тўғри-ю, – дедим мен кулиб, – бироқ ўлганида олам йиғлайдиган киши бўлиш ҳаммага ҳам насиб бўлавермаса керак, ада...

– Нега? – дедилар дадам мутолаадан кўзларини узмаган ҳолда.

– Бунақанги киши бўлиш қийин-да.

У киши жавобимга эътиборсиз яна бирмунча вақт ўқишни давом эттирдилар, чойнакдан пиёлага чой қуйиб ҳўпладилар.

– Ҳеч қийинчилиги йўқ. Шеърдаги “олам” сўзи, биринчидан, аввало, муболаға. Кейин, бунақанги кимса бўлиш учун зўр хоқон, амалдор, бой ёки олим бўлиш шарт эмас. Ким бўлмасин, у чин инсон бўлса бас...

Шу чоқ кимдир чақириб келди, дадамнинг фикрлари бўлинди...

Хўш, чин инсонийлик нима? Бу ҳақда шу қадар кўп фикрлар айтилган, битилган, бу битиклардан буюк бир қаср ясаса бўлади.Чин инсонийлик ҳақида айтилган, ёзилган фикрлар, йўл-йўриқларни тушуниш ҳам қийин эмас, савия ва шароит ҳам бор, фақат бир нарса етишмай туради: ўша айтилган фикр ва кўрсатилган йўл-йўриқларга амал қилиш.

 

СОПОЛ ҚУВУР

 

Ўн бир-ўн икки ёшли чоқларим, боғимиз жуда обод, айниқса, шийпонимиз қаршисидаги катта гулзоримиз яшнаган вақт эди. Бир кун дадам бозордан анча юк кўтариб келдилар-да, менга:

– Беш-ўнта сопол қувур олган эдим, юким кўплик қилиб, Олим дўппифурушнинг дўконига ташлаб келдим. Бориб олиб кел! – дедилар.

– Хўп, – дедим. Қоп қўлтиқлаб Чорсу бозорига жўнадим. Қувурлар гулзоримизга, яъни, қуйилган сувни бир полдан иккинчисига ўтказиш учун керак эди.

Олим амакининг дўконидан қувурларни қопга солиб, орқалаб жўнадим. Қувурлар анча оғир эди. Носбозор, тамакибозорлардан ўтгач чарчадим-да, гулбозорга (ҳозирги “Болалар дунёси” магазинининг ўрни) бурилишдаги ердан бирор газ баланд қилиб қурилган кичкина темир-терсак дўконининг остонасига орқам билан аста юкимни қўйиб, қопнинг учини елкамдан бўшатмаган ҳолда дам ола бошладим. Дўконда харидор йўқ, яхши кийинган ўрта ёшли бир сотувчи тахтага тирсакланиб харидор кутиб ўтирар эди. У менга деди:

– Ҳай бола, кўтар қопингни, жўна бу ердан!

– Ҳозир, амаки, чарчаб кетдим, озгина дам олай.

– Бу ер дам оладиган жой эмас, харидор киради, жўна, дедим, жўна!

– Хўп, хўп, – дедим, аммо чарчоғим ҳали чиқмагани учун бу қулай жойда яна озгина ўтирмоқчи бўлдим.

Шу вақт дўкондор орқамдан келиб, қопимни кўтариб итариб юборди. Агар ўткинчи бир киши тутиб қолмаганида, мен тор йўлакдан ошиб, тош йўлга юз тубан йиқилишим, қувурлар ҳам синиши аниқ эди. Алам қилиб, йиғлаб юбордим.

– Э биродар, бола нима гуноҳ қилди, итариб юбордингиз, йиқилса, нима бўлар эди?! – деди мени тутиб олган киши дўкончига.

– Боравер, ишинг бўлмасин, ўлиб кетмайдими!

Киши индамади. Ёнимда боратуриб, менга аста деди:

– Ўғлим, қўявер, хафа бўлма, бу одам ўзи шунақа экан...

Мен уйга келиб, бу ҳақсизликни дадамга алам билан сўзладим. У киши олдинига жиддий тинглаб ўйланиб ўтирдилар, кейин менга далда бериш учунми, кулдилар:

– Шунга ҳам хафа бўлишми? Сен ҳаётга энди кириб келяпсан. Ҳаётда ҳали шундай аччиқ-тизиқлар, ноҳақликлар, дағал-қўполликлар бўлади, кўра-кўра чиниқасан, кўникасан. Бириси сени ҳурматлайди, қадрлайди, тақдирлайди, иккинчиси хўрлайди, ҳақоратлайди, жабрлайди. Чунки инсонларнинг хулқи, феъли, табиати турлича. Уни ўзгартириш, маълум бир яхши маромга солиш қийин ва ҳатто кўпинча мумкин ҳам эмас, – дедилар ва яна кулдилар. – Агар ўшанда дўкончи “Ҳа, ўғлим, чарчаб қолибсиз-да, баракалла, қопингизни сал четроққа қўйинг, кирувчилар қийналмасин”, деса, сен қандай хурсанд бўлар эдинг-а? Албатта, бу сўзни у одам ҳеч маҳал ва ҳеч кимга айтмайди. Чунки унинг яратилиши, табиати шунақа. Бунинг учун хафа бўлиш керак эмас.

– Демак, биров хафа қилса, озор берса, индамаслик керак экан-да?

– Йўқ, индаш керак, агар вазият буни тақозо этса, киши ўзини ҳимоя қилишга қурби етса, можаро ва можарочи кимса индашга арзиса. Кўпинча онгсиз, андишасиз, жўн одамлар қўпол бўлади. Ундайлар билан айтишиб, тенглашиб ўтиришнинг ўзи бир камчилик ҳисобланади...

Дадамнинг бу сўзларидан мен анча ёришдим, бояги аламлар кўнглимдан аригандай бўлди ва, дарҳақиқат, у киши айтганларидек, кейин-кейин бундай дағал-қўрс муомалаларга дуч келсам, сабр-сукут қиладиган бўлдим. Бунда ҳикмат зўр экан... Қачон қўрс муомалага учрасам, ҳамиша дадамнинг ўша ўгитларини эслайман ва ҳовурдан тушаман...

 

ҚОҒОЗДАН ЯСАЛГАН ГУЛ

 

1930 йил бўлса керак, ўртанча тоғам уйланди. Тоғам саводсиз, ҳунарсиз, меҳнатнигина билувчи йигит эди. Шу боисдан монанд келин топиш хийла қийин кўчиб, Хоним бибим анча вақт «эшик санаб» совчиликда юрдилар. Ниҳоят, даракма-дарак юра-юра, Қурбақаободдан камбағал, ота-онасиз бир оиланинг ўқимаган саводсиз қизига бўлишди.

 

Тўйдан кейин бир кун Хоним бибим келин болани бизникига саломга олиб келдилар.

Келин ўн саккиз, ўн тўққиз ёшларда, дуркун, ҳусндор, ипакларга беланган упа-сурмали эди. Ҳусн, кийим, кўрсатилаётган ҳурмат унда бир оз ғурур пайдо қилган эди...

Келин ҳовлида туриб, ҳаммамизга бир-бир салом қилиш “маросим”ини ўтади. Ўз хоналарида ёзув билан машғул бўлган дадам ҳам ҳовлига чиқиб келинга “кўп яшанг” деб ва бибим билан сўрашиб кириб кетдилар.

Чойдан сўнг ойим ош дамлашга уннаб кетдилар, бибим дам олгани узалдилар. Келин эса тортиниб-нетиб ўтирмай, ўзича уйларимизга бир-бир кириб, танишиб, ҳатто осиғлиқ чойшаблар орқасини ҳам қараб чиқди ва охирида дадам ижодхоналарига кирди-да, айланиб уйни томоша қилди, кейин сўзсизгина бориб дадам ёзиб ўтирган стол ёнига ўтирди. У энди чамаси дадам билан озгина “суҳбатлашмоқчи” эди...

Мен келиннинг бундай эркин, мағрур ҳаракатидан таажжубда эдим. Чунки салобатли дадам олдига ҳар ким ҳам (айниқса, ижод чоғида) ботиниб кира олмас, Хоним бибимлар-ку, умуман дадам билан сўйлашиб ўтиришга уялар эдилар.

– Сиз китоб ёзишни яхши кўрасизми? – деди келин.

– Ҳа, яхши кўраман, – дея дадам кулимсидилар.

– Ишқилиб, ҳамма ҳам ўзича бир нарсани яхши кўрар экан-да, – деди келин, гўё қадрдон дўсти билан мириқиб сўзлашмоқчидай, оёқларини чалиштириб. – Менинг акам кийинишни яхши кўради. Унинг қўша-қўша қийиқ боғлаб, баланд пошна этик кийиб, кўчада ғарч-ғурч босиб юрганини кўрмагансиз-да. Ҳамма томоша қилади... Шу акам ўтган йили Қурбон байрамига чиқмади.

– Ҳа, ҳа, нега чиқмади? – Дадам қаламни қўйиб ажаблангандай жиддий тус олдилар.

– Акам Тўлаган кўнчининг уйида хизмат қилади. Байрам олдидан хўжайинидан йиллик хизмат ҳақини олиб, ўзига бош-оёқ кийим қилди. Ҳаммасини олибди-ю, фақат қийиқчасига қолганда пули етмабди. “Қийиқча боғламай байрамга чиқаманми, чиқмайман!” деди. Ойим: “Ҳайитга чиқ, болам”, деб ялиндилар, барибир чиқмади. У жуда ўжар, бир сўзли.

– Чиқмай чакки қилибди-да. Ахир, боғлаб юрган қийиқлар йўқмиди?

– Бор эди қўша-қўша... “Ҳаммаси янги бўлсин”, деди-да. Эскисини боғлаб чиққани уялди.

Шу вақт келиннинг дадам олдида “суҳбатлашиб” ўтирганидан хабар топишди, шекилли, Хоним бибим тавозе билан аста кириб: “Келин пошша, бу ёққа чиқинг, юмуш бор”, дедилар ва бошлаб олиб чиқиб кетдилар. Ташқарига чиққач, келинга қараб аччиғланганича нималарнидир сўзладилар.

Кечқурун меҳмонларни кузатгач, биз дарҳол дадамга келин ҳақидаги ўз эътироз-фикрларимизни билдирдик. У киши кулиб тинглаб ўтириб, ойимга:

– Келин... жойида, лекин тарбия кўрмаган, – дедилар. – У бамисоли қоғоздан ясалган гул... Ҳусни бор-у, хуш бўйи йўқ... Бунга айбдор оиласи, ўқимаганлиги, савиясизлиги...

 

Ҳабибулла ҚОДИРИЙ