"Мўйи муборак" мадрасасининг меъморий ечими ҳам ўзгача. Тўғри тўртбурчак ҳовлича уч томонидан ҳужралар билан ўралган, тўртинчи томони эса икки ойнали девор билан тўсилган. Бу девор кўпқиррали олти устунли айвоннинг ҳам орқа девори бўлган. Айвон шифти ва устунлар нафис нақшлар билан безалган. Ҳовлининг ўртасида 7х6 метр ўлчамли қабр бўлиб, устидаги гумбаз ҳужралар томидан кўтариб, виқор билан кўриниб турган.

Мадраса битгач, Мирзо Аҳмад унга собиқ муфтий Эшон Бобохоннинг оталари Абдулмажидхон Эшонни мудир этиб тайинлайди. Мадраса 13 ҳужра ва бир масжиддан иборат бўлиб, икки мударрис - Имомхон Махдум ва Абдулмажидхон Эшон ҳазратлари талабаларга сабоқ беради. Кейинроқ мадраса ҳовличаси ёпиб юборилган. Гумбаз ўрнига ёруғлик тушувчи чордоқ қурилиб, томи тунука билан қопланган. Қабр­хона деворлари бузиб ташланган. Ўрнига фақат 7х6х0,45 метр ўлчамли супа сақланиб қолган.

 2007 йил "Мўйи Муборак" мадрасаси қайтадан таъмирланди. Томига янги гумбаз ўрнатилди. Бино ганчкори безакларини машҳур усталар маромига етказиб безашди. Мадраса гумбази ичига Қуръони каримнинг Исро сураси 9-ояти ёзилган.

 

* * *

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил қилинган дастлабки йилдаёқ (1943 йил) унинг раиси, муфтий Эшон Бобохон ҳазратлари шахсий кутубхоналаридаги мингдан ортиқ нодир қўлёзма китобини идора кутубхонасига тақдим этди. Таниқли адабиётшунос олим Нодирхон домлани масъул қилиб тайинлади. Нодирхон домла 1943-1970 йиллар оралиғида халқдан сотиб олинган ёки ҳадя сифатида олинган қимматбаҳо қўлёзма ва босма китоб­лар ҳисобига уни бойитди. "Мўйи Муборак" мадрасаси қайтадан таъмирланиб, 2007 йил музей-кутубхонага айлантирилди.

Кийик терисига ёзилган ҳазрати Усмон мусҳафи "Мўйи муборак" музей-кутубхонасида сақланаётган энг бебаҳо ёдгорлик ҳисобланади. Ҳазрати Усмон давр­ларида кўчирилган бу мусҳаф узоқ йиллар Самарқанддаги Нодир Девонбеги мадрасасида сақланган. 1869 йилда мусҳаф Петербургга олиб кетилган. 1917 йил Русия мусулмонларининг Уфадаги қароргоҳига келтирилган. Ниҳоят 1924 йили ҳазрати Усмон мус­ҳафи яна юртимизга олиб келинди. Мусҳаф бир оз муддат Тошкент шаҳридаги "Хожа Аҳрор Валий" масжидида, кейинчалик Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланди. Мусҳаф 1989 йилдан буён Мўйи Муборак мадрасасида сақланмоқда.

Кутубхона хазинасида "Катта Лангар" (Қашқадарё вилояти Лангар қишлоғида сақланган) номи билан машҳур бўлган мусҳафнинг 12 варағи ҳам сақланади. Маҳмуд Замахшарийнинг "Кашшоф" тафсири, Қози Шаҳобиддин Ҳиндистонийнинг "Ал-Бахр ал-мавваж" тафсири ҳам сақланади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида 25 мингдан зиёд қўлёзма, босма асарлар, ноёб диний адабиётлар сақланмокда. Шунингдек, хорижий мамлакатлардан келтирилаётган китоб ва даврий журналлар кутубхонада алоҳида катта мажмуани ташкил этади. 2004 йил Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ташаббуси билан музей-кутубхонада сақланаётган китоблар қайта рўйхатдан ўтказилди.

 

Яҳё РАЗЗОҚОВ,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси