Мустақилликка эришганимиздан сўнг буюк бобокалонларимизнинг бебаҳо ўлмас асарлари дунё юзини кўра бошлади. Шундай асарлардан бири Алишер Навоийнинг "Сирожул муслимин" асаридир. Ҳижрий 905 (мил.1498) йилда ёзилган бу асар ўз ичига шариат аҳкомлари, рукнлари ва унга оид бир неча масаларни қамраб олган.

"Сирожул муслимин" асари муқаддима, йигирма беш фасл ва хотимадан иборат. Асарда басмала бошқа асарлардагидай араб тилида эмас, балки туркий тилда битилган. Шеърий услубда ёзилган бу асар толиби илмлар ёдлаб, тушуниб олишлари учун осон ва қулайдир. Исломда баъзи ибодатлар бор, улар ҳар куни такрорланиб туради. Масалан, намозни олайлик:

 

Намоз ичида фароиз, эй хирадманд,

Ўн икки нима айлабдур Худованд.

Намозинга алардин олти дохил,

Яна олтиси хориж келди ҳосил.

 

Инсон ҳаётида маълум бир вақт, маълум бир муддатгача бўладиган ибодатлар ҳам бор. Бунга таяммум мисол. Таяммумнинг фарзларини тўрт қатор байт билан инсон хотирасига муҳрлаб қўяди:

 

Таяммум фарзи аввал бўлди ният,

Илик тупроққа урмак икки навбат.

Керактур биринюз масҳига билмак,

Яна бир бирла масҳ эт қўл ва тирсак.

 

"Сирожул муслимин" асари кичкинагина бўлса ҳам, ичига кўп мавзуларни қамраб олган. Жумладан, Аллоҳ таолонинг саккиз сифати, Қуръони каримни билиш, пайғамбарларни (алайҳимуссалом) эъ­тироф этиш, авлиёлар каромати ҳақ эканини тасдиқлаш, Қиёмат кунига ишониш, сирот, мезон, жаннат ва дўзахнинг борлигига имон келтириш, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) шафоатлари, шунингдек, поклик, намоз, закот, рўза ва ҳаж каби ибодатларни қамраб олган.

 

Маҳмуджон СОБИРОВ,

Тошкент Ислом институти 4-курс талабаси