• Рукни: Мерос

Маънавий меросимиз дурдоналари орасида Алишер Навоий асарлари алоҳида

 ўрин тутади. Улар кишиларни ҳамиша яхшиликка, покликка, инсон номига муносиб яшашга чақиради.

Навоий гўзал ахлоқ инсон камолотига асос эканини таъкидлайди. Жумладан, “Хамса”нинг биринчи достони – “Ҳайратул-аброр”даги олти мақолотда саховат, одоб, қаноат, вафо, ростлик ва илмлилик фазилатлари маънавий бойлик сифатида таърифланади. Ҳар бир бобда бу хислатлар тўғрисида фикр билдирилиб, ибратли ҳикоят келтирилади.

Алишер Навоий достонни ёзишда Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан фойдаланган. Шоир саховат ҳақида бундай дейди:

Они сахий англағил, эй хушманд,

Ким они давлат қилибон сарбаланд.

Ҳоли агар яхши дурур, гар табоҳ,

Кимсадин этмас тамаи молу жоҳ.

Юқоридаги байтлар Қуръони каримнинг қуйидаги ояти мазмуни асосида ёзилган: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 134).

Достоннинг олтинчи мақолоти одоб ва ҳаё таърифига бағишланган. Унда Навоий қандай хислатлар билан одам улуғлик ва камолотга эришиши мумкинлиги ҳақида сўз юритиб, бундай дейди:

Чунки тавозега хам ўлди ҳилол,

Бўлди фузунроқ анга ҳар кун камол.

Янги ой эгилиб, таъзим қилиб турган шаклда намоён бўлади. Кун сайин катталашиб, тўлин ойга айланади. Навоий унинг камол топишига тавозеси сабаб бўлган, деб гўзал тарзда ифодалаган.

Шоир ўринсиз кулгига ҳаёсизлик белгиси сифатида қарайди, одамларни ундан қайтаради:

Тарки адабдин бири кулгу дурур,

Кулгу адаб таркига белги дурур.

Навоий ҳаёни таърифлар экан, қуйидаги ҳадис мазмунини бадиий услубда тарғиб қилди: «Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Укасини ортиқча ҳаёли эканликда айблаб, “Сенга бу ҳатто зарар келтира бошлади!” деб турган одамга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Уни ўз ҳолига қўй, ҳаё имондандир (яъни, имон қанчалик кучли бўлса, ҳаё ҳам шунчалик кучли бўлади)”».

Яна бир чиройли хислат қаноатдир. Улуғ мутафаккир қаноатга оид мулоҳазаларида қуйидаги ояти каримага ишора қилади: “Эй имон келтирганлар! Сабр қилинг, бағрикенг бўлинг ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб туринг ва Аллоҳдан қўрқинг, зора, (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон, 200).

Кимгаки иш бўлди қаноат фани,

Билки, ани қилди қаноат ғани.

Алишер Навоий бу байтида қаноат орқали бойликка эришилади, деб икки дунё саодатини назарда тутади.

 

Фарида АБЗАЛОВА,

“Хадичаи Кубро” ўрта махсус Ислом билим юрти мударрисаси