Тарихий китобларда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳлик, саркардалик ва олимлик истеъдодидан ташқари фиқҳ илмини мукаммал билгани ҳам келтирилади. Жумладан, Нисорийнинг "Музаккири аҳбоб" (Севимли зотлар ёдномаси) асарида Бобур ҳақида бундай сўзлар бор: "Фиқҳ масалаларини яна бир рисолада мубаййан қилганки, ёзувчиси донишмандлигидан нишонадир. Туркий ва форсийда яхши шеърлари бордир. Ўшал фиқҳ рисоласининг номи "Мубаййин"дир".

Бобур Мирзо "Мубаййин"да энг муҳим исломий илмларни саралаб, ўзининг дин олими, фақиҳ эканини ҳам кўрсатган.

Советлар даврида "Мубай­йин" асари халқдан яширилди, фақат истиқлол йиллари изоҳлар билан нашр этилди.

"Мубаййин" Ҳиндистон юришлари даврида, ҳижрий 928 (мил. 1521) йили шеърий йўлда тасниф этилган. Асарда аҳли суннат вал жамоат ақоиди равшан баён қилинган. Бобур бу асарни фарзандларига бағишлаган ва бутун китобхонларга етказишни орзу қилган.

"Мубаййин" асари "Ҳамд" – Аллоҳ таолога ҳамду сано, "Наът" – Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таърифлари, "Китоб назмининг сабаби" каби кириш қисмларидан ва "Эътиқодия", "Китобус салот" (Намоз китоби), "Китобуз закот", "Китобус савм" (Рўза китоби), "Китобул ҳаж" каби беш рукнга доир боблар ҳамда "Китоб хотимаси" бўлимидан иборат. Бобур ҳамдда давом этиб: "Инсоннинг жисмида неча тук бўлса, улар сенинг ва бошқа барча инсонларнинг танида тил бўлиб, ҳаммаси Аллоҳнинг ҳамдини айтиб, Уни зикр қилса, ойлару йиллар Унга ҳамду сано айтса, барчаларининг сўзи бир бўлади: ҳаммалари ўз ожизлигига иқрор бўлади, холос", дейди. Яъни, ягона ва қудратли Зотнинг наздида ҳамма ўз ажзига иқрордир. Бу таърифлар Бобур маърифатининг мумтоз намуналаридир.

Бобур Мирзо назм тили билан: "Йўлчисиз, йўлбошчисиз ким йўлда бора олар эди? Борса ҳам, биринчи қадамдаёқ қолиб кетади. Лекин кимнинг ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) каби йўлбошчиси, кузатувчи нигоҳбони бўлса, йўлда юз хавф учраса, не парвойи бор – у зотнинг йўлидан юриб, суннатига амал қилдими, бас, албатта, яхшиликка эришади", дейди.

"Эътиқодия" бўлимида Бобур аҳли суннат вал жамоат ақидасининг муҳим қоидаларини баён этади. Жумладан, имом ёки бошлиққа бўйсуниш ҳақида бундай ёзилади:

 

Халқ аро кимки подшоҳдурур,

Тоатин қилмасанг гуноҳдурур.

 

"Ишорат тўрт имомғаким, муқтадойи дину пешвойи аҳли таъйинлар" деган бобда Бобур аҳли суннат вал жамоат фиқҳи­нинг тўрт имоми барҳақ, эргашиладиган зотлар эканини таъкидлайди:

 

Билки, бу тўрт имом барҳақдурур,

Ким алардин бу динга равнақдурур.

Бу имомеки, шаръ адосидурур,

Дин ила шаръ муқтадосидурур.

 

Сўнг имомлар номини санаб: "Бириси Абу Ҳанифаи Нўъмон (ибн Собит)дур, яна бири Шофиъиййи пурдондур, яна бири (Имом) Молику яна (Имом) Аҳмад (ибн Ҳанбал), қилдилар жаҳд шаръ аро беҳад", деб уларнинг фазилатини билдиради. Буларнинг ҳар бирига эргашиб, изидан борган киши яхши даражалар ва нажот топишини таъкидлайди:

 

Тенгридин бизга латифадурур,

Муқтадомиз Абу Ҳанифадурур.

Тенгрига шукрлар дейинг яксон,

Қилди бизларга ишни ул осон.

 

Бу сўзлар Соҳибқирон Амир Темурдан бошлаб барча темурийларнинг соф эътиқоди ифодаси. Айни вақтда, Бобур Мирзо шаънига айтилган баъзи туҳматларга ҳам раддиядир.

Бобур Мирзо "Мубаййин" хотимасида: "Эй Бобур, бу китоб таснифида агарчи ранж чеккан бўлсам-да, қўлимга шундай бир ганж-хазина кирди, ҳар қандай ганжни харж этиш билан камаяди, аммо бу маънавий ганж – бу илм хазинаси харж этган сари тобора ортиб боради", дейди:

 

Бобур, эмди, агарчи чекдим ранж,

Келди илгимга ушбуянглиғ ганж.

Ганж нуқсонға харждин тортар,

Харж қилғон сойи бу ганж ортар.

 

Бобур Мирзо китобни якунлар экан, бу илмларга амал қилишга ўзи ва китобхон учун ҳам Аллоҳдан тавфиқ – ёрдам сўрайди. Сўнг китоб номи ҳақида сўзлаб: "Ғайрат, шижоат кўрсатиб, жидду жаҳд қилиб тамомлаган бу китобимда шариат масалаларини очиқ баён этганим учун, уни "Мубаййин" (Очиқ баён этувчи) деб номлаган бўлсам, не ажаб!" дейди.

Қиёслаб кўрилса, "Мубаййин" ҳукмлари асосан ҳанафий фиқҳининг мўътабар китоблари – "Ҳидоя"и шариф ва "Мухтасари виқоя"га мувофиқ экани маълум бўлади.

Ниҳоят, Бобур Мирзо асар сўнгида айтади:

 

Уламодин будур менинг тилагим,

Қўлдағайлар бу иш аро билагим.

То бу иштин савобтопқайлар,

Афв зайлини мангаёпқайлар.

 

Бу ифодадан улуғ шоҳ ва саркарда, қомусий аллома Бобур Мирзонинг нақадар камтарин, гўзал хулқли ориф ва ҳалим зот бўлгани ҳам англашилади.

 

Мирзо КЕНЖАБЕК