Умрбоқий китобларни инсон қалбига муҳрланиб қоладиган ҳикматлар, жуда оддий ва айни чоқда, ҳаётий-ибратли воқеалар безайди. Ўқувчига маънавий озуқа беради, руҳини юксалтиради; эзгуликка ундайди. Алишер Навоий асарларини ўқиган одам янгидан-янги маънилар хазинасига йўлиқиб шодланади. 
 
Барчага маълумки, шоир “Насойим ул-муҳаббат” асарида кўп­лаб улуғ зотларни зикр этади. Уларнинг ҳаёт тарзи, ноёб инсоний фазилатлари, дунёқараши хусусида қисқа, аммо жуда нодир маълумотларни келтиради. Ўрни келганида ўша улуғ зотларнинг ҳикматларини эслаб ўтади. Навоий Абу Амр Нужайд (қуддиса сирруҳу)ни зикр этиб ёзади: “Унинг сўзидирки, “сукут сўзга нисбатан таъсирлироқ ва тез етиб боради”. Яна у дебдирки, “кимга нафси азиз туюлса, дини хор кўринади”. Албатта, бундай мулоҳазалар одамни сукутга ўргатади, нафсини тарбиялашга, ўзига назар солишга ундайди. Китобнинг бошқа бир саҳифасида “Ориф ким?” деган саволнинг жавоби келади: “Ориф қалбини мавлосига, жасадини халқига бағишлаган кишидир”. Ниҳоятда қисқа, ғоятда аҳамиятли мулоҳаза. Орифнинг кўнглини Яратгувчи ўз нури билан ёритади; ориф У зотга бўйсунади, айни чоқда, дунёдан узилмайди, гўё ер юзида абадий қоладигандек бутун вужуди билан ишлайди. Бу бизга ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг “Дил ба ёр-у даст ба кор” – “доимо дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин”, деган ҳикматини эслатди. Ҳамиша нафсини тергаб умр кечирган улуғ зотлардан бири айтадики: “Мунтазам нафсга хилоф иш қилиш баракадир. Ҳаётимда бир марта унга бир қадам ҳамроҳлик қилдим-у, йиллар давомида бунинг жабрига чора топа олмадим”. Нафсни ўз эркига қўйиш, нафс қутқусига, ҳою ҳавасларга берилиш, унга ҳамроҳу ҳамқадам бўлиш оқибатида одамнинг ризқидан, оиласи ва умридан барака кўтарилади. Бир зум нафснинг йўриғига юрган одам устига ёғилган балоларни ўзидан кетказиш учун йиллар давомида тавба ва тақвони кучайтириши лозим бўлади.
Алишер Навоий “Насо­йим ул-муҳаббат”да жуда ибратли ҳикоят ва ривоятларни, ўзига хос “хавориқул одот” зотларнинг кароматларини ҳам қаламга олади. Бир ўринда Бобо Пирий исмли девонатабиат кишини эслайди. Унинг жазбалари ўта – ҳаддан ташқари кучли бўлиб, кўп ҳолларда у борлиқни унутиб, теграсидаги воқеа-ҳодисаларни назарига илмайди; одамларга ёмон сўзлар айтади. Шу сабаб халойиқ ундан ўзини узоқ тутади. Алишер Навоий ҳам Бобо Пирий масканига яқин келганида, йўналишини бош­қа кўчага буриб, гарчанд бир оз узоқроқ бўлса ҳам,  манзилига айланма йўл орқали кетади. Бу ҳолатни бир неча бор кузатган ҳамроҳи Навоийдан: “Ҳазрат, ҳар доим Бобо Пирийнинг манзилига етганда, йўлни бошқа томонга буриб кетасиз. Бунинг сабаби нима?” деб сўрайди. Шунда Навоий: “Бобо Пирийнинг адабсиз сўзларини эшитишни истмаганим учун йўлни бошқа томонга бураман”, дейди. Шунда ҳамроҳи: “Айтишларига қараганда, бобонинг каромати бор эмиш. Унинг ёнидан ўтиб кўринг-чи, агар каромати рост бўлса, сизга беадаб­лик қилмагай”, деб Навоийни имтиҳон йўлига бошлайди. Алҳосил, бир куни Навоий Бобо Пирийнинг олдидан ўта бошлайди. Табиийки, нигоҳлар учрашади ва бир лаҳзалик сукутли суҳбат содир бўлади. Бобо кўнгил кўзи билан тоза имон дарёсининг мавжларини кўради. Қўли кўксида, тавозе ва ним табассум билан Алишер Навоий ҳаққига дуолар қилиб қолади...  
Бу воқеа одамни тафаккурга йўллайди. Алишер Навоийдек улуғ шоир қалбини, маънавий оламини Бобо Пирий ҳис қилади. Кўнгил кўнгил билан сирлашади; маънавий ришталар ичу ташдан боғланади; нурлар туташади, руҳлар дийдорлашади, диллар ғойибона гурунглашади. Сўконғич девона беҳушлик, ақлсизлик, нодонлик манзилидан дуогўйлик мақомига кўтарилади. Баъзан тош қотган юрак, сўфинақш зиёлимонанд нафс бандалари эса инсон кўнглини англамайди. Дўст кўнгли билан ҳисоблашмайди. Зотан, манфаатлар тўқнашган, нафс жилови қўлдан чиққан муҳитда кўнгил қораяди. Оралиқда ҳайбатли деворлар пайдо бўлади. Шунда одам одамни англамайди, анг­лашни истамайди. Ҳолбуки, кўз кўнгилдан, кўнгилдаги имон булоғидан сув ичсагина одамнинг назари тирилади. Аслида, кўз илдизи кўнгилда бўлади...
Алишер Навоийнинг олий даргоҳида бундай тафаккур дарслари узлуксиз давом этажак. 
 
Баҳодир КАРИМОВ,
филология фанлари доктори